СУД РАИСЛАРИ ЖУРНАЛИСТЛАРГА АХБОРОТ БЕРДИ

22 апрель 2019

Самарқандда вилоят судларининг 2019 йил биринчи чорагидаги фаолиятидан оммавий ахборот воситалари вакиллари ва жамоатчиликни хабардор этиш мақсадида брифинг ўтказилди.

 

 
Оммавий ахборот воситалари ходимлари, жамоат ташкилотлари вакиллари таклиф этилган тадбирда жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди, вилоят иқтисодий суди, вилоят маъмурий суди ва фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раислари, уларнинг ўринбосарлари жорий йил биринчи чоракдаги фаолияти бўйича ахборот берди.
 
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси Олим Ҳайитовнинг қайд этишича, ҳисобот даврида вилоят, туман ва шаҳар судлари томонидан 957 нафар шахсга нисбатан 769 та жиноят иши кўрилиб, тамомланган. Бу ўтган йилнинг шу даври билан қиёслаганда жиноят ишлари 630 тага, судланган шахслар сони эса, 832 нафарга камайганини англатади. Судланганларнинг 112 нафари аёл, 26 нафари вояга етмаган шахсдир.
 
180 та жиноят иши тарафларнинг ярашгани муносабати билан тугатилиб, 184 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган. Биринчи чорак давомида вилоят судларининг барча инстанцияларида 4 та жиноят иши бўйича 5 нафар шахс оқланган. Биринчи босқич судлари томонидан кўрилган жиноят ишлари бўйича 49 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган.
 
Жиноят ишларини судда кўришда жамоатчилик кенг жалб қилиниб, маҳалла фуқаролар йиғинлари, хотин-қизлар қўмитаси ва Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 34 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
 
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида 392 та жиноят иши сайёр суд мажлисларида кўрилиб, жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан 591 та хусусий ажрим чиқарилган ва муҳокама қилиш учун тегишли корхона-ташкилот ва муассасаларга юборилган.
 
Самарқанд вилоят маъмурий суди раиси Ботирали Диёров йилнинг дастлабки уч ойида вилоят, туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 408 та маъмурий иш кўрилиб, уларнинг 323 таси қаноатлантирилгани, 64 таси рад қилингани, 14 та иш юритишдан тугатилгани, 7 та иш кўрмасдан қолдирилганини қайд этди.
 
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, биринчи чоракда маъмурий судларга 8541 нафар шахсга нисбатан 7171 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш биринчи босқичда кўриш учун келиб тушган. Ўтган йилнинг шу даврида эса, 11 минг 427 нафар шахсга нисбатан 9195 та иш келган.
 
Ҳисобот даврида кўриб тамомланган 4646 та маъмурий иш бўйича 5198 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилган. Кўрилган маъмурий ишлар бўйича 6 миллиард 246 миллион сўм жарима жазоси тайинланиб, унинг 5 миллиард 100 миллион сўми ихтиёрий равишда тўланиши таъминланган.
 
Маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар таҳлил қилинганда, транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, белгиланган ҳаракат тезлигини ошириш каби қоидабузарликларга оид ишлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 50 фоиздан ортиқ камайгани кузатилган.
 
Самарқанд вилояти иқтисодий суди раиси Муҳиддин Бозоровнинг ахборотида қайд этилишича, ҳисобот даврида вилоят, туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари томонидан 3571 та иш кўриб чиқилган ва бу 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 1934 тага (35 фоиз) кам демакдир. Бу ишларнинг 2613 таси сайёр суд мажлисларида кўрилган. Кўриб ҳал этилган ишлар бўйича даъвогар(аризачи)лар фойдасига 99 миллиард 560 миллион сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган.
 
Бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг www.supcourt.uz сайти орқали юртимизнинг исталган иқтисодий судига даъво аризаси ва илтимоснома, апелляция ва кассация шикоятлари, назорат тартибида протест келтириш ҳақидаги аризаларни электрон шаклда тақдим этмоқда. Жумладан, йилнинг биринчи чорагида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 1999 та даъво аризаси Самарқанд вилоят иқтисодий судларига ана шу тартибда берилган.
 
Йил бошидан Каттақўрғон туманлараро иқтисодий судида бошқа судларга нисбатан энг кўп (857та) иқтисодий иш кўрилган. Вилоят суди раисининг қайд этишича, бу ишлар асосан хўжалик юритувчи субъектларнинг контрактация шартномалари билан боғлиқ.
 
Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилояти суди раиси Маъруфжон Тожибоев ўз ахборотида биринчи чоракда 5172 та фуқаролик иши кўриб тамомланганини маълум қилди. Ушбу ишларнинг 4580 таси юзасидан ҳал қилув қарори чиқарилиб, 3772 та даъво қаноатлантирилган, 808 та даъво рад этилган, 248 та фуқаролик иши бўйича иш юритиш тугатилган, 344 таси кўрмасдан қолдирилган, 131 та иш бошқа судларга ўтказилган. Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой ва Каттақўрғон туманлараро судларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан фуқаролик ишлари ўсиши кузатилган.
 
Ҳисобот даврида никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари 1224 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 95 тага камайган.
 
— Аммо битта бўлса ҳам, оилавий ажрим жамият учун катта йўқотишдир, — дейди М.Тожибоев. — Шунинг учун вилоят хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси, «Маҳалла», «Нуроний» жамғармалари ва Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида оила, никоҳ тушунчалари, уларнинг қадр-қиммати ҳақида тарғибот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратаяпмиз. Ёшларни оилага тайёрлаш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқдик. Бундан ташқари айни пайтда фуқаролик судларида уй-жой, ер масалалари билан боғлиқ фуқаролик ишлари ҳам кўп қайд этилмоқда. Кўп низоли ҳолатлар аҳолининг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини етарли даражада билмаслиги, қонунлардан бехабарлиги оқибатида келиб чиқаётир. Бинобарин, жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш борасида барчамиз ҳамкорликда ҳаракат қилишимиз лозим.
 
Тадбир якунида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга суд раисларидан жавоб олди.
 
 
Ғ. ҲАСАНОВ,
ЎзА мухбири

 

 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: