ЖАМШИД ВОСИЕВНИНГ ИШИГА ОИД
2020 йил 9 январда Facebook ижтимоий тармоғида фойдаланувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхоннинг саҳифасида эълон қилинган билдириш (https://www.facebook.com/nurulloh.muhammadraufxon/posts/1213278892203695) юзасидан маълумот
2019 йил 30 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан очиқ суд мажлисида Ж. Восиевга оид жиноят иши С. Игамов томонидан назорат тартибида билдирилган шикоят асосида видеоконференцалоқа режимида кўриб чиқилди.
Аниқланишича, жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг 2017 йил 16 майдаги ҳукмига кўра, Ж. Восиев (1977 йилда Бухоро вилоятида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – олий, оилали, муқаддам бир неча маротаба судланган) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 221-моддаси (жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслик) 2-қисми “б” банди билан Жиноят кодексининг 60-моддаси тартибида 3 йил 5 кун озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанциясининг 2018 йил 16 октябрдаги ажрими билан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилган.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, жиноят ишида Ж. Восиевга нисбатан юритилган иш бўйича тўпланган ҳужжатлар сохталаштирилганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмаслиги ва бундай далиллар ишни судда кўриш давомида ҳам аниқланмаганлиги сабабли, биринчи босқич ва апелляция инстанцияси суди Ж. Восиевнинг айби исботланганлиги ҳақида асосли хулосага келиб, унинг ҳаракатларини тўғри квалификация қилган ҳолда, унга содир этган жинояти учун қонунда назарда тутилган доирада жазо тайинлаган деб ҳисоблади.
Шунга кўра, судлов ҳайъати Ж. Восиевга оид суд қарорларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмаслиги боис, суд қарорларини ўзгаришсиз ва шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топди.
Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2019 йил 30 октябрь кунидаги ажримига кўра, Ж. Восиевга оид жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг 2017 йил 16 майдаги ҳукми ҳамда жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация инстанциясининг 2018 йил 16 октябрдаги ажрими ўзгаришсиз, назорат тартибида берилган шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш