АЛДОВ ЗАМИРИДАГИ ЎҒИРЛИК

Бугунги кунда ахборот-технологияларининг юксак тараққий этгани одамларга кенг имконият ва қулайликлар яратмоқда. Шу билан бирга ушбу ютуқлардан ўзининг ғаразли мақсади йўлида фойдаланиб, мураккаб турдаги ўғирлик, фирибгарлик жиноятини содир этаётган кимсалар ҳам учраб туради.

Шу ўринда фикримизни ҳаётий мисоллар ёрдамида давом эттирадиган бўлсак, Иқбол опа (исм-шарифлар ўзгартирилди) Пастдарғом туманининг Чархин шаҳарчасидаги “Paynet” шаҳобчасида фаолият юритади. Ҳеч кимга сир эмас, аёлнинг оилада юмушлари ҳеч қачон тугамайди. Иқбол опа ҳам баъзан уйда ишлари кўпайиб кетса, ўрнига ўғли Мироншоҳни қолдириб кетарди.

Ўтган йил 24 январь куни ҳам шундай бўлди: тушликдан сўнг Мироншоҳ шаҳобчада ишлаб ўтирганида, хонага 35-38 ёшлар чамасидаги нотаниш киши кириб келди.

– Мен компьютер техникаси бўйича мутахассисман, – дея ўзини таништирди у. – Агар зарурат бўлса, “Paynet” тизимига ўрнатилган компьютерингизни кўздан кечириб беришим мумкин.

Мироншоҳ “Мутахассис ўз оёғи билан келганда, фойдаланиб қолганим яхши”, деган фикрни кўнглидан кечираркан, ҳалиги нотаниш кимсанинг таклифига дарров розилик билдирди.

Қисқаси, ҳалиги кимса компьютерни қандай ишлаётганини текшира бошлади. Айни ўша чоғда Мироншоҳ бошқа бир мижозга чалғиган ва мутахассис нима иш қилаётганини кўрмаганди. Орадан бироз вақт ўтиб, ҳалиги кимса худди ўз ишини тамомлагандек, компьютерни ўчирди ва Мироншоҳга уни кейинроқ ёқиш зарурлигини тайинлаб, хонадан чиқиб кетди.

Кўп ўтмай Мироншоҳ компьютерни ёқиб, “Paynet” тизимига кирса, аллакимнинг пластик картасига 2 миллион сўм ўтказиб юборилганига кўзи тушади. Сўнг шошиб кўчага чиқади-да, ҳалиги кимсани излашга тушади, аммо ҳеч қаерда унинг қораси кўринмасди.

Шундан сўнг Мироншоҳ зудлик билан онасига бу ҳақда хабар берди. Тезда шоҳобчага етиб келган И. Бобожонова текшириб кўрса, ҳақиқатан ҳам, 2 миллион сўм “Paynet” тизими орқали Б. Мансуров деган одамнинг номига расмийлаштирилган пластик картага ўтказиб юборилган экан.

Бу воқеа рўй берганидан сўнг орадан тўрт кун ўтиб, Иштихон туманида яшовчи С. Намозова ҳам фирибгарлик қурбонига айланади. У “Савдогарбанк” муассасаси ёнидаги банкоматга пластик картасидаги пулни нақдлаштириш учун борганда, қандайдир нотаниш бир йигитга кўзи тушади.

– Мабодо ёрдам керак эмасми, опа? – дея сўрайди ҳалиги нотаниш йигит самимий овозда.

Бу қарангки, С. Намозова банкоматга биринчи марта иши тушиши эди. Шу боис у “пулни қандай ечиб оламан” дея иккиланиб турганди. Ҳалиги нотаниш йигитнинг сўзларини эшитиб, бирдан хурсанд бўлиб кетади ва пластик картасини унга узатади.

Қисқаси, ўша куни “ҳожатбарор” С. Намозованинг пластик картасидан 470 минг сўмни нақдлаштириб, қайтариб беради. С. Намозова бундан ҳурсанд бўлиб, нотаниш йигитга қайта-қайта раҳмат айтиб, уйига кетади. Аммо орадан бир неча кун ўтиб, пластик картасини ишлатаман деса, бирон сўм ҳам қолмаган экан…

Кейинчалик маълум бўлишича, С. Намозовага ёрдам берган ҳалиги кимса билдирмай пластик картанинг рақамларини ёзиб олган, сўнг 4 миллион сўмни ўзининг пластик картасига ўтказиб, талон-торож қилган экан.

Ўтган йилнинг 22 февраль куни Д. Азимова Тошкент вилоятининг Янгийўл шаҳар деҳқон бозорида жойлашган банкоматга пластик картадаги пулни нақдлаштириш учун боради. Банкомат олдида турган нотаниш кимса унга пластик картасидан пулни ечишда ёрдам бериши мумкинлигини айтади.

“Яхши бўларди, — дейди Д. Азимова, — 5 миллион сўм ечиб берсангиз, илтимос…”.

Ҳалиги нотаниш кимса Д. Азимовага пластик картасидан дастлаб 1 миллион, кейин иккинчи ва учинчи марта 2 миллион сўмдан, жами 5 миллион сўмни нақдлаштириб беради.

Шундан сўнг Д. Азимованинг пластик картаси ҳисобида 8 миллион 746 минг сўм миқдорида маблағ қолиши керак эди. Аммо у орадан бир неча кун ўтгач, пластик картасида бирон сўм ҳам қолмаганини кўриб, ҳуши бошидан учиб кетади…

Кейинги воқеа ҳам Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида юз берди. Фирибгар кимса Қ. Ўроқовага ҳам ўзининг “беминнат” ёрдамини таклиф қилади.

Кейин эса, худди юқорида баён этилгани каби воқеа рўй беради. Охир-оқибат К. Ўроқова 1 миллион 110 минг сўмидан айрилиб қолади.

Хўш, бу нотаниш кимса аслида ким?

Нега у тап тортмай фуқароларнинг мабалағини талон-тарож қилди?

Бу саволларга жавобан шуни айтиш керакки, бу кимса Самарқанд туманида 1985 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик ва ўғирлик жиноятларини содир этиб, олти марта қонуний жавобгарликка тортилган Зоҳид Мансуров эди.

Ҳа, шундай, З. Мансуров гарчи ўрта маълумотга эга бўлса-да, пластик карта орқали ўғирлик жиноятини содир этишнинг роса ҳадисини олган. У бир пайтлар Тошкент шаҳридаги “Пайнет” шахобчасида ишлаган. Ўша пайтда мамлакатимизда пандемия сабабли карантин эълон қилингач, З. Мансуров Самарқандга, уйига қайтиб келади. Аммо ўзгалар ҳақидан ҳазар қилмайдиган, ўғирлик ортидан кун кечиришни одатга айлантирган бу кимса юртимизнинг туман ва шаҳарларида изғиб юриб, содда, ишонувчан, банкоматдан пул ечишда ўзгалар ёрдамига эҳтиёж сезадиган одамларни топади. Шу тариқа ўзининг ғаразли мақсадини амалга оширади.

З. Мансуровнинг фириби ортидан пластик картасидаги пулларни ўғирлатиб қўйган фуқаролар фақат юқорида қайд этилган фуқаролар эмас, балки Нарпай туманида яшовчи С. Мажидова 1 миллион 808 минг 607 сўм, Жиззах шаҳрида истиқомат қиладиган А. Жайнаров 594 минг сўм, М. Маматқобилова 1 миллион 155 минг сўм, Ғиждувон туманида яшайдиган Ф. Комилова 2 миллион 516 минг сўмидан айирилиб қолган.

Ёдингизда бўлса, мақоламиз аввалида жабрланувчи И. Бобожонова тизимни текшириб кўрганида 2 миллион сўм “Paynet” орқали Б. Мансуров деган одамнинг номига расмийлаштирилган пластик картага ўтказилганидан хабар топганини қайд этгандик. Энди ушбу ҳолатга ойдинлик киритадиган бўлсак, жабрланувчиларнинг ёзма мурожаатларидан сўнг ўтказилган суриштирув жараёнида Б. Мансуров Зоҳиднинг отаси бўлиб чиқди. З. Мансуров фақат ўзининг пластик картасига эмас, балки икки ҳолатда отасининг номидаги пластик картага ҳам ўғирланган пулларни кўчирган. Бу ҳолат жиноятнинг тез очилишига ёрдам берди.

З. Мансуровнинг жиноий кирдикорлари фақат шулардан иборат эмас, балки у нафс қутқуси йўлида самарқандлик Ф. Қодирқуловнинг катта миқдордаги маблағини алдов йўли билан қўлга киритган.

Воқеа тафсилоти шундай: З. Мансуров аслида отасига тегишли “Spark” русумли автомашинани ўзига тегишли эканини айтиб, Ф. Қодирқуловга 8 минг АҚШ долларига сотади. Пулни олгач, у автомашинани расмийлаштириб бермайди. Орадан уч кун ўтиб, у Ф. Қодирқуловнинг уйига боради­да, “Spark” автомашинасини қайтариб олиб кетади.

Аммо 86 миллион 152 минг сўмга тенг 8 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағни шахсий эҳтиёжига сарфлаб юборади.

Суд судланувчи З. Мансуровга тегишли жиноят ишини кўриш чоғида унинг жиноий қилмишларига ҳуқуқий баҳо берди. Унга нисбатан узил-кесил олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчилар фойдасига етказилган зарар ундирилиши қайд этилди.

Хулоса ўрнида айтганда, алдов замиридаги замонавий ўғирлик тафсилоти ҳар бир кишини ҳушёр торттирмоғи керак. Банк пластик карталари аҳолига тўлов жараёнларини тез ва осон амалга оширишда кенг қулайлик яратмоқда. Аммо пластик картадан фойдаланаётганда қаршингизда ширин такаллуф билан беминнат ёрдамини таклиф этган нотаниш одамга асло ишонманг. Чунки фирибгар кимсалар ўз ғаразли мақсадини содир этишида асосан одамларнинг содда ва ишонувчанлигидан фойдаланади.

Демак, бундан келиб чиқадиган хулоса шуки, ҳушёрлик, атрофга очиқ кўз билан қараш бундай жиноятларнинг олдини олишда асосий восита саналади.

Бекзод ЖУМАБОЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Самарқанд шаҳар судининг

 раиси ўринбосари,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: