ОТАЛИК МАСЪУЛИЯТИ У ФАРЗАНДЛАР ОЛДИДАГИ БУРЧДИР
Бу ҳаётда ҳар бир йигит-қиз муқаддас оила остонасига қадам қўяр экан, аввало, мустаҳкам оила қуриб, фарзандларини баркамол инсон қилиб, вояга етказишни орзу қилади. Зотан, ҳар жиҳатдан тинч-тотув ва аҳил оилада вояга етган фарзандлар жамиятимиз истиқболи учун муҳим ўрин тутади. Оиланинг пойдевори эса, қонуний никоҳ ҳисобланади.
Шаҳрисабз туманида яшовчи Фаррух Баҳромов (исм-шарифлар ўзгартирилган) Масъума Шароповага кўнгил қўйиб уйланган эди. Бироқ тўй тадориги асносида на келин-куёв, на уларнинг ота-оналари икки ёшни қонуний никоҳдан ўтказишни хаёлига ҳам келтирмади. “Тўйдан кейин никоҳдан ўтишади” дея лоқайдликка берилишди.
Аввалида бинойидай яшаб юрган бу ёш оила кейинчалик жанжалдан боши чиқмай қолди. Бундай адоқсиз келишмовчиликлар туфайли охир-оқибат Масъума оғироёқ ҳолда ота уйига қайтишга мажбур бўлди. Ёш оилани муросага келтириб, яраштириб қўйиш учун қариндош-уруғларнинг барча ҳаракатлари зое кетди.
Бу орада Масъума қиз фарзанд кўрди. Аммо у ҳам эр-хотин ўртасидаги муносабатларни илитмади. Оқибатда Масъума фарзандини ноилож ўз номига ҳужжатлаштириб олишга мажбур бўлди.
Энг ёмони, ўз зурриёдини мутлақо унутиб қўйган Фаррух орадан кўп вақт ўтмай бошқа бир қизга шаърий никоҳ асосида уйланиб олди. Шундан сўнг М. Шарипова қизи Маржона Шароповага нисбатан собиқ турмуш ўртоғи Фаррух Баҳромовнинг оталигини белгилаш ҳамда фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириб беришни сўраб, судга мурожаат қилди.
Айтиш керакки, Оила кодексининг 62-моддаси 3-қисмига кўра, оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилганга қадар жавобгар билан бирга яшагани ва умумий рўзғор асосида болани биргаликда тарбиялагани ёҳуд таъминлаб тургани, шунингдек, жавобгарнинг оталикни тан олганини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олиши лозим. Шу билан бирга Олий суд Пленумининг 2001 йил 1 июндаги “Оталикни белгилаш ҳақидаги ишларни кўришда судлар томонидан қонунларнинг татбиқ этилиши тўғрисида”ги қарори 12-бандига биноан оталикни тан олиш далиллари қаторига жавобгарнинг мактублари, суратлари, анкеталари, аризалари ҳамда жавобгарнинг оталикни тан олишни ишончли равишда тасдиқловчи бошқа фактик маълумотлар ҳам киради.
Ана шу қонуний талабларга таянган суд Масъума Шаропованинг даъвосини тўлиқ қаноатлантириш ҳамда алимент ундириш тўғрисидаги қисмини дарҳол ижрога қаратиш хусусида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, оилада ҳаёт давомчилари ва жамият келажаги бўлган фарзандлар униб-ўсади. Ҳар бир ота-она уларни меҳр ардоғида тарбиялаб, вояга етказса, келгусида унинг маҳсулини албатта, кўришади. Аксинча, бу борада йўл қўйилган ҳар қандай масъулиятсизлик қонуний жавобгарликка сабаб бўлади. Бу ҳаётий ҳақиқатни асло унутмаслик зарур.
Яшин Омонов,
фуқаролик ишлари бўйича
Шаҳрисабз туманлараро суди судьяси,
Абдунаби Бобоёров,
журналист
Фикр қолдириш