АЛИМЕНТ МАЖБУРИЯТИНИНГ ҚОНУНИЙ ТАРТИБЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 4-моддасига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқи ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишга ҳақли. Бу ҳуқуқ мамлакатимиздан чиқиши вақтинча чекланган алимент тўловчи шахсларга ҳам тегишлидир.
Айтиш керакки, маъмурий судлар томонидан 2022 йилнинг биринчи ярми давомида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 7 минг 704 та маъмурий иш кўриб чиқилган. Улар орасида давлат ижрочисининг алимент тўловчи шахсни мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклаш ҳақидаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги ишлар ҳам бор.
Шу ўринда ушбу масала бўйича батафсил фикр юритадиган бўлсак, амалдаги «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 42-2-моддасига асосан суд ҳужжати асосида берилган ижро ҳужжатидаги ёки ижро ҳужжати бўлган суд ҳужжатидаги талаблар белгиланган муддатда қарздор жисмоний шахс томонидан узрсиз сабабларга кўра ижро этилмаганда, давлат ижрочиси ундирувчининг аризаси бўйича ёки ўз ташаббуси билан қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли.
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, давлат ижрочиси тўлов ёки гаров шартномаси тўғрисидаги тегишли ҳужжат олинган куннинг эртасидан кечиктирмасдан манфаатдор шахслар, ички ишлар органлари ва Давлат чегарасини қўриқлаш органларини қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқишга оид чеклашни олиб ташланганлиги тўғрисида ёзма равишда хабардор қилади.
Бунда гаров қиймати қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам иш ҳақининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим.
Бироқ амалиётда айрим давлат ижрочилари ушбу қонун талабларини нотўғри талқин қилаётгани натижасида ижро ҳужжати бўйича қарзи йўқ ва алиментни тўлашдан бўйин товламаган алимент тўловчи шахсларга ҳам мамлакатимиздан четга чиқишда сунъий тўсиқлар қўйилаётгани учраб турибди. Улар бундан норози бўлиб, маъмурий судларга мурожаат қилганда уларнинг талаблари рад этилаётган ҳолатлари ҳам мавжуд.
Чунки қайд этилган ушбу қонун талаби умумий қоида бўлиб, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида назарда тутилган барча ижро ҳужжатлари бўйича амал қилади. Қонунда санаб ўтилган ижро ҳужжатларидан фақат алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бўйича махсус қоидалар бошқа қонун ва меъёрий ҳужжатлари билан белгиланган.
Яъни Оила кодексининг 145-моддасига кўра, алимент тўлаши шарт бўлган шахс доимий яшаш учун ёки уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга кетаётганида қонунга мувофиқ ўзи таъминот бериши лозим бўлган алимент олувчилар билан ушбу кодекснинг 130-134-моддаларига асосан алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиши шарт.
Алимент тўлаш тўғрисида келишувга эришилмаган тақдирда манфаатдор шахс алимент миқдорининг пул билан тўланадиган қатъий суммада белгилаш ва алиментни бир йўла тўлаш тўғрисида ёки алимент эвазига муайян мол-мулкни бериш ёхуд алиментни бошқа усулда тўлаш тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат қилишга ҳақли.
Вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментлар олдиндан тўланган ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномаси тузилган бўлса, шахс алимент тўлаш тўғрисида келишув тузиш мажбуриятидан озод этилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 6 октябрдаги қарори билан тасдиқланган «Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида»ги Низом 5-бандига кўра, алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилади.
Низомнинг 8-бандида алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланиши кўрсатилган.
Ана шу талаблардан кўринишича, алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжати бўйича қарздор жисмоний шахснинг мамлакатимиздан чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш учун унинг алимент тўлашдан бўйин товлаши талаб қилинмасдан, фақатгина алимент ундириш ҳақидаги ижро ҳужжатининг ўзи кифоя қилади. Акс ҳолда, юқорида қайд этилган қонун ва низомда кўрсатилган қоидаларнинг ҳеч қандай аҳамияти бўлмай қолади.
Амалиётда баъзан алимент тўловчи шахслар ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун мамлакатимиздан четга чиқиб, турли шартномаларни тузиб келишига зарурат туғилиши, алиментни бирйўла тўлашга имконияти бўлмаса-да, алимент таъминоти сифатида гаровга қўйишга мулки борлиги, лекин ундирувчи атай гаров шартномасини тузишдан бош тортиб келаётганини маълум қилишган.
Ушбу масаланинг қонуний ечими юқорида номи қайд этилган Низомнинг «Алиментларни тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш тартиби» деб номланувчи 3-бобида батафсил баён этилган. Хусусан, Низомнинг 32-банди талабига кўра, алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлашда гаров қиймати қонунчиликда белгиланган базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз эллик бараваридан кам бўлмаслиги лозим. Ҳозирги кунда бу 75 000 000 сўмни ташкил этади.
Ўз навбатида, алимент тўловчи шахснинг ушбу талабларга мос келадиган гаров мулки бўлганида, ундирувчи, яъни алимент олувчи шахс асоссиз равишда гаров шартномасини тузишдан бўйин товлашга ҳақли эмас.
Бундай ҳолларда алимент тўловчи шахс алимент олувчи шахсга нисбатан Фуқаролик кодексининг 377-моддаси олтинчи қисми тартибида мажбурий тартибда шартнома тузиш мажбуриятни юклаш ҳақидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишга ҳақли.
Алимент тўловчи шахс шуни унутмаслиги лозимки, юқорида қайд этилган Низомнинг 29-бандига кўра, гаров шартномаси қарздор ва ундирувчи ўртасида алимент тўлаш мажбуриятини гаров билан таъминлаш ва алимент мажбуриятлари икки ойдан ортиқ муддат давомида бажарилмаган тақдирда ундирувчига ундирувни гаров предметига қаратиш ҳуқуқини бериш учун тузилади.
Таъкидлаш жоизки, алимент билан боғлиқ тартиблар инсон, айниқса, бола ҳуқуқларига дахлдор муҳим масала ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда унга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Акмал Муродов,
Навоий вилояти
маъмурий суди раиси
Фикр қолдириш