20 НАФАР ШАХС МУДДАТИДАН ОЛДИН ШАРТЛИ ОЗОД БЎЛДИ
Тошкент шаҳар “Алпомиш” маҳалла фуқаролар йиғинида суд томонидан турли жазоларга ҳукм қилинган маҳкумлар иштирокида сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Ушбу тадбир жиноят ишлари буйича Мирзо Улуғбек туман суди ва туман ИИО ФМБ Пробация гуруҳи билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ушбу сайёр суд мажлисида муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш жазоларига суд томонидан ҳукм қилинган маҳкумларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси талаблари асосида жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш тўғрисидаги 30 дан ортиқ тақдимномалар кўриб чиқилди. Натижада, ҳақиқатда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва жазо ўташнинг тартиб қоидаларига риоя қилиб, тузалиш йўлига ўтган 28 нафар маҳкум Жиноят кодексининг инсонпарварлик ва одиллик тамойилларига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ЖК 273-моддаси
3-қисмининг “а” банди билан 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, 2017 йил
28 декабрдаги ажримга асосан 2 йил 7 ой 17 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси
шу муддатга ахлоқ тузатиш жазосига алмаштирилган маҳкум А.Мирзаев муддатидан
илгари шартли озод қилинди. Шунингдек, Ф.Касымов жиноят ишлари бўйича Сирғали
туман судининг 2018 йил 1 июндаги ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖК
276-моддаси 1-қисми билан 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига судланган бўлиб,
меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги учун 1 йил ўталмаган ахлоқ тузатиш ишлари
жазоси муддатидан илгари шартли озод қилинди.
-Ушбу турдаги ишларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқишдан кўзланган асосий мақсад, – дейди жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг судьяси Ф.Тураходжаев, – суд ишида иштирок этаётган бошқа маҳкумлар ҳам қайта жиноят содир этмаслик, қатъий тузалиш йўлига ўтиб, жазони ўташ учун ўрнатилган тартиб қоидаларга риоя этган ҳолда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлишган тақдирда уларни ҳам жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш қонун билан кафолатланишини тушунтиришдан иборат.
Сайёр суд мажлиси якунида маҳкумларга қонун санкциясида қўлланилган моддалар бирма-бир тушунтириб ўтилди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш