СУДЬЯЛАР МУСТАҚИЛЛИГИ ВА ДАХЛСИЗЛИГИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНАДИ

Айтиш керакки, Конституциямизда олий қадрият сифатида белгилаб қўйилган инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигига эришиш нақадар муҳим аҳамиятга эгалигини ҳеч ким инкор этолмайди. Зеро, суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устувор эканига ишонч ҳосил қилиши керак. Президентимиз таъбири билан айтганда, Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳс­ли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши шарт.

Мамлакатимизда суд тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад ҳам судьяларнинг чинакам мус­та­қиллигини таъминлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштиришдан иборатдир.

Шу маънода, ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Олий суд ва Олий хў­жалик суди бирлаштирилди. Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, очиқ, ошкора ва му­қобил танлов тизимини яратиш мақсадида Судья­лар олий кенгаши таъсис этилди.

Судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қи­линди.

Фуқароларнинг ҳақ-ҳу­қуқлари давлат идоралари томонидан бузилган тақдирда, уларнинг суд орқали са­марали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида маъмурий судлар фаолияти йўл­га қўйилди.

Апелляция ва кассация инс­танциялари такомиллаштирилди. Юқори суд инстанция­си томонидан якуний қарор чи­қариш кафолатлари мустаҳкамланди.

Ўтган олти йилда суд-ҳуқуқ соҳасида эришилган ютуқлар, ўзгаришлар ҳақида яна кўп гапириш мумкин. Лекин бугун замоннинг ўзи суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш учун, биринчи навбатда, судьяларни одил судловга таъсир ўтказадиган омиллардан ҳимоя қилиш, тергов ва суд ишига аралашиш ҳолатларига барҳам бериш, суд қарорлари ижросини сўз­сиз таъминлашни тақозо этмоқда.

Суд бирон-бир давлат идораси ёки мансабдор шахснинг қўли етадиган идорага айланиб қолишига йўл қўй­маслик лозим.

Бунинг учун юксак малакали суд ходимлари корпусини шакл­лантириш, судья­лар ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатни қа­рор топтиришга қо­дир бўлиши, шунингдек, суд қабул қилган қарорлар ижроси сўзсиз таъминланишига эришиш зарур. Шундагина одамларда ҳар қандай ҳолатда ҳам адолат қарор топишига бўлган ишонч ортиб боради.

Шу жиҳатдан, консти­туция­вий ислоҳотлар жараёнида Асосий қонунимизга киритилаётган ўзгартишлар билан одил судлов тизимининг мустақиллигини янада мус­таҳ­кам­ла­ш кўзда тутилмоқда. Хусусан, Конституциямизнинг 112-моддасига «Давлат судья­нинг ва унинг оила аъзоларининг хавф­сиз­ли­гини таъминлайди», деган янги қисм қўшиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Ушбу янги норманинг аҳа­мияти нимада? Аниқроқ айтганда, ушбу нормага нега зарурат туғилди?

Ўзбекистонда фуқаролар ҳу­қуқини шахслар эмас, балки қо­нун, одил суд ҳимоя қила олишига тўлиқ эриша олсак, ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши таъминланса, суд тизимини халқчил ва халқ­парвар, деб аташ мумкин бўлади. Аниқроқ айтганда, чинакам мустақил ва қонун устуворлигига асосланган суд тизими бошқа барча соҳалар, хусусан, таълимда ҳам, соғ­лиқни сақлашда ҳам, бизнесда ҳам туб ўзгаришлар амалга ошишига замин яратади.

Бунинг учун эса, судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш зарурий талаб ҳисобланади. Судья­ ва унинг оила аъ­золари хавфсизлигини таъминламасдан туриб, уларнинг чинакам мустақиллигига эриша олмаймиз.

Шубҳасиз, Конституцияга киритилаётган ушбу ўзгариш билан судьялар мустақиллиги ва одил судлов тизимининг конс­титуциявий асослари янада мустаҳкамланади. Бинобарин, қонун лойиҳаси билан судьялар мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлашнинг му­ҳим шартларидан бири — судья­ ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлаш давлат мажбурияти сифатида Конституция даражасида кафолатланмоқда.

Мазкур конституциявий кафолат асосида судьялар ишига ҳар қандай аралашув, таз­йиқ кескин жазоланиши, уларнинг хавотирсиз ва дадил ишлаши учун барча зарур шароитлар яратилиши таъминланади. Зе­ро, судья ўзи ва яқинларининг дахлсизлиги, хавфсизлигига ишончи комил бўл­сагина, мус­тақил ва адолатли равишда фаолият юритади.

Бир сўз билан айтганда, қо­нунчиликдаги бундай туб ислоҳотлар инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишонч­ли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга, халқимизнинг давлат ҳокимиятига бўл­ган ишончини янада мустаҳкамлашга, судья­лар мус­тақиллигини ва пировардида, самарали одил судловни янада ишонч­ли таъминлашга хизмат қилади.

Шерзод ТЎХТАШЕВ,

Олий Мажлис

Қонунчилик палатаси

 депутати

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: