КАМАЙГАН ПЕНЯ ЁХУД МАҲСУЛОТ ЕТКАЗИБ БЕРИШ ШАРТНОМАСИНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
Маълумки, маҳсулот етказиб бериш шартномаси иқтисодий соҳадаги шартномаларнинг кенг тарқалган турларидан бири ҳисобланади. Бундай турдаги шартномани тузиш юридик шахслар учун ҳам, юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик қилаётган шахслар учун ҳам бирдек қулай бўлиб, унда маҳсулот ишлаб чиқарувчилар билан уни сотувчилар ўртасидаги муносабатлар соддалаштирилган.
Маҳсулот етказиб бериш шартномасининг яна бир ўзига хос жиҳати унинг субъектларида ўз ифодасини топган. Юридик шахслар ёки тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган жисмоний шахслар шундай субъектлар ҳисобланиб, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган жисмоний шахс маҳсулот етказиб бериш шартномасининг тарафи бўла олмайди.
Шунингдек, маҳсулот етказиб бериш шартномасининг амал қилиш муддати ҳам ўзига хос хусусиятга эга. Шартнома бир йил, бир йилдан ортиқ муддатга ёки узоқ муддатли шартнома ёки тарафлар келишувида назарда тутилган бошқа муддатга тузилиши мумкин. Агар шартномада унинг амал қилиш муддати белгиланмаган бўлса, бир йилга тузилган деб ҳисобланади.
Суд амалиётида маҳсулот етказиб бериш шартномаси юзасидан келиб чиқадиган низолар кўп учрайди. Шундай ҳолатлар ҳам борки, шартнома иштирокчилари етказиб берилган маҳсулотни қабул қилиб олган бўлса-да, тўловни номаълум сабабларга кўра тўлашдан бош тортади.
Мисол учун айтадиган бўлсак, «Истиқлолнинг Мангу Машъали» масъулияти чекланган жамияти судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Учқўрғон ёғ» акциядорлик жамиятидан шартнома бўйича етказиб берилган газ маҳсулоти учун 309 233 945,18 сўм асосий қарз, 61 531 323,32 сўм пеня, 3 707 652 сўм адвокат ҳақи — жами 370 765 268,50 сўмни ундиришни сўраган.
Иш ҳужжатларидан аниқланишича, «Истиқлолнинг Мангу Машъали» корхонаси ҳамда «Учқўрғон ёғ» акциядорлик жамияти ўртасида 2019 йил декабр ойида тегишли шартнома тузилган. Шартномага асосан 2020 йилда 309 233 945,18 сўмлик газ маҳсулоти етказиб берилган.
Шартнома шартларига кўра, маҳсулот қабул қилиб олинган ва солиштирма далолатнома тузилгандан сўнг тўловлар амалга оширилиши, шунингдек, олдиндан тахминий сумма тўлаб берилиши лозим бўлган. 2020 йил охирида маҳсулот етказиб берилгани ҳақида солиштирма далолатнома тузилган бўлса-да, маҳсулот олган тараф уни имзоламаган. Шундан сўнг маҳсулот етказувчи юзага келган қарздорликни ундириш учун талабнома юборган.
Талабнома ижро этилмагач, қарздорлик ва унга ҳисобланган пеняни ундириш учун судга мурожаат қилинган.
Амалдаги Фуқаролик кодексининг 8 ва 234-моддаларида мажбуриятнинг шартнома асосида вужудга келиши белгиланган. Мазкур кодекснинг 236-моддасига мувофиқ, мажбуриятлар мажбурият шартларига ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ, бундай шартлар ва талаблар бўлмаганида эса, иш муомаласи одатлари ёки одатда қўйиладиган бошқа талабларга мувофиқ лозим даражада бажарилиши керак.
Бундан ташқари ушбу кодекснинг 449-моддасига асосан, сотиб олувчи етказиб бериладиган товарлар ҳақини шартномада назарда тутилган ҳисоб-китоблар тартиби ва шаклига амал қилган ҳолда тўлайди.
Агар маҳсулот етказиб бериш шартномасида товарлар ҳақи олувчи томонидан тўланиши назарда тутилган бўлса ва у ҳақ тўлашдан асоссиз бош тортса ёки товарлар ҳақини шартномада белгиланган муддатда тўламаган бўлса, етказиб берувчи сотиб олувчидан етказиб берилган товарлар ҳақини тўлашни талаб қилишга ҳақли.
Шартноманинг 2.4-бандига кўра, тарафлар шартнома асосида ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бажаришни асоссиз кечиктиргани, мажбуриятни бажармагани учун кунлик 0.2 фоиз миқдорда пеня тўлаши белгиланган.
Шу боис даъвогар судга 309 233 945,18 сўмлик қарздорлик 7 ой муддатга кечиктирилгани ҳолати бўйича 61 531 323,32 сўмлик пеня ундириш ҳақида талаб киритган.
Даъвогар томонидан пеня тўғри ҳисобланган. Чунки Олий суд Пленумининг «Мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун мулкий жавобгарлик тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида»ги қарорида суд қарздор томонидан мажбуриятларнинг бажарилиш даражасини, мажбуриятда иштирок этувчи тарафларнинг мулкий аҳволини, шунингдек, кредиторнинг манфаатларини эътиборга олиб, неустойка миқдорини камайтиришга ҳақли экани белгиланган.
Шу сабабли суд жавобгарни қарздорликни бартараф этиш чораларини кўраётган ва молиявий ҳолатини инобатга олиб, шунингдек, пеня миқдорнинг ошиб кетишида даъвогарнинг ҳам айби борлигини эътиборда тутиб, фақатгина ҳисобланган пеняни 50 фоизга, яъни 30 765 661,5 сўмга камайтириб ундиришни лозим деб топди.
Суднинг ҳал қилув қарорига кўра, «Учқўрғон ёғ» акциядорлик жамияти ҳисобидан «Истиқлолнинг Мангу Машъали» масъулияти чекланган жамияти фойдасига 309 233 945,18 сўмлик асосий қарз, 30 765 661,5 сўмлик пеня ва 3 707 652 сўмлик адвокат ҳақи ундириладиган бўлди.
Кўриниб турганидек, маҳсулот етказиб бериш шартномаси ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар уларни инобатга олган ҳолда фаолият юритиши зарур. Ана шунда улар ҳеч қачон ютқазмайди.
Осимхон СОДИҚОВ,
Учқўрғон туманлараро
иқтисодий суди раиси
Фикр қолдириш