ХAЛҚAРО ТИЖОРАТ AРБИТРАЖИ – ИНВЕСТОРЛАР УЧУН ҚУЛАЙ ҲУҚУҚИЙ МУҲИТ
Сўнгги йилларда юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш, хусусий мулк муҳофазаси ва кафолатларининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, инвестиция муҳити ва ишбилармонлик ҳолатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар изчил равишда амалга оширилмоқда.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳақида гап борганда, нуфузли, малакали арбитраж давлатнинг халқаро ишбилармонлик муҳитида обрўли қиёфасини шакллантириш, нуфузини мустаҳкамлашнинг муҳим асоси эканини таъкидлаш жоиз. Бу, ўз навбатида, иқтисодиётни барқарорлаштиришга, шу жумладан, қулай инвестиция муҳитини яратишга хизмат қилади.
Шу маънода, чет эл инвесторлари ҳуқуқларининг юқори даражада ҳимоялангани уларнинг инвестиция киритиш бўйича фаоллиги ошишининг асосий мезонидир.
Арбитраж жараёнининг мослашувчанлиги, тижорат сирлари ва ишбилармонлик обрўсининг максимал даражада ҳимоя қилинишини таъминлаш учун махфийлик кафолатлари, арбитр сифатида малакали мутахассисларни танлаш имконияти — буларнинг барчаси халқаро тижорат арбитражини инвесторлар ва халқаро савдо субъектлари учун низоларни ҳал қилишнинг жозибали усулига айлантиради.
Низоларни халқаро арбитраж орқали ҳал этиш томонларга ўзларининг низоларини шахсий, махфий, иқтисодий ва вақтни тежаш йўли билан ўзлари танлаган бетараф суд олдида ҳал қилиш имкониятини беради. Шу сабабли бутун дунёда халқаро арбитраж халқаро савдо, тижорат ва инвестицияларнинг деярли барча соҳаларида ишбилармон шериклар ўртасидаги низоларни ҳал қилишнинг мақбул усулига айланди.
Шу муносабат билан ЮНСИТРАЛ Халқаро савдо арбитражи тўғрисидаги Намунавий қонун асосида, шунингдек, арбитраж муҳокамаси соҳасида жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда, жорий йилда мамлакатимизда «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Мазкур қонун қабул қилинганга қадар, биринчидан, Ўзбекистон ҳудудида халқаро арбитраж фаолиятини тартибга соладиган норматив-ҳуқуқий базанинг мавжуд эмаслиги низоларни ҳал этиш учун хорижий давлатлар ҳудудида жойлашган халқаро арбитражларга мурожаат қилишга мажбур бўлаётган хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлик субъектлари сарф-харажатларининг ошишига олиб келган;
иккинчидан, амалдаги қонун ҳужжатлари, жумладан, «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги қонун томонларнинг инвестициялар билан боғлиқ низоларини халқаро арбитраж соҳасидаги стандартларга мувофиқ, хорижий арбитрларни жалб этган ҳамда хорижий ҳуқуқни қўллаган ҳолда кўриб чиқиш имконини бермаган;
учинчидан, маҳаллий арбитрлар ва халқаро арбитраж соҳасидаги бошқа мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолияти тизимли йўлга қўйилмаган эди.
Юқорида қайд этилган ҳолатларни бартараф этишга қаратилган ушбу қонунда арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш, уни тан олиш ва ижрога қаратишга оид нормалар аниқ белгилаб қўйилди.
Халқаро ҳуқуқ нормалари ва аксарият хорижий давлатлар, шу жумладан, Аргентина, Буюк Британия, Германия, Канада, Россия, Сингапур, Хитой каби мамлакатлар қонунларида белгиланганидек, мазкур қонунда ҳам арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза унинг устидан шикоят қилишнинг ягона воситаси сифатида эътироф этилган.
Арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан судга шикоят қилиш ариза бериш йўли билан амалга оширилиши мумкин. Шуни таъкидлаш лозимки, агар халқаро арбитраж Тошкент шаҳрида жойлашган бўлса, арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза Тошкент шаҳар судига берилади.
Арбитражнинг ҳал қилув қарори тегишли тараф томонидан ихтиёрий тарзда ижро қилинади. Шунингдек, 1958 йилдаги «Чет эл арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисида»ги Нью-Йорк конвенциясига мувофиқ, мазкур қарор қайси мамлакатда чиқарилганидан қатъи назар, ундирувчи томонидан ваколатли судга ёзма илтимоснома берилган тақдирда арбитражнинг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва мажбурий ижрога қаратиш мумкин.
Конвенция қабул қилинганига олтмиш йилдан ошди. Ҳозирги кунда уни дунёнинг 166 давлати қабул қилган.
Конвенцияда назарда тутилган механизмлар Конвенциядан кейин қабул қилинган кўпгина мамлакатларнинг миллий қонун ҳужжатларида эътироф этилган. Шу жумладан, бу қоидалар Ўзбекистон Республикасининг «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонуни, Фуқаролик процессуал кодекси (42-боб) ва Иқтисодий процессуал кодексида (33-боб) ҳам ўз ифодасини топган.
Жумладан, мамлакатимиз Иқтисодий процессуал кодексининг 33-бобида чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишларни юритишга оид нормалар мустаҳкамланган. Бу «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун нормаларига мос келади.
Шу билан бирга, айни пайтда Олий суд томонидан манфаатдор идоралар, экспертлар билан ҳамкорликда «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Маълумки, «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги қонун билан иқтисодий суд ваколатига 9 тоифадаги аризаларни кўриб чиқиш тартиби киритилган.
Шу муносабат билан қонун лойиҳасига асосан Иқтисодий процессуал кодексида иқтисодий судлар томонидан кўриладиган арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар рўйхати белгиланиб, улар жумласига қуйидагилар киритилмоқда:
– арбитрни тайинлаш, арбитрни рад этиш ёхуд унинг ваколатлари амал қилишини тугатиш ёки арбитраж суди юрисдикцияси масаласи юзасидан қарор қабул қилиш тўғрисидаги ишлар (тарафлар арбитр шахси ёки арбитраж суднинг ваколатлари бўйича келишувга эришмаганда қўзғатилади);
– далилларни олишга кўмаклашиш, даъвони таъминлаш чорасини кўриш ёки уни ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар (арбитраж суди фаолиятига кўмаклашиш зарур бўлганда қўзғатилади);
– арбитраж ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки арбитраж ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар (тарафлар арбитраж қароридан норози бўлганда ёки ушбу қарор ихтиёрий равишда ижро этилмаганда қўзғатилади).
Арбитраж муҳокамасида ҳар доим бир тараф хорижий давлат резиденти бўлиши ҳамда чет элликлар билан боғлиқ ишларни кўриш учун муайян тажрибага эга бўлиши зарурлигини инобатга олиш лозим. Шу негизда қонун лойиҳасида арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар вилоят даражасидаги судлар — Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари томонидан кўрилишини белгилаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, Иқтисодий процессуал кодексга судлар томонидан арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни кўриш тартибини белгиловчи алоҳида боб киритиш кўзда тутилмоқда. Унга кўра:
– иқтисодий суд томонидан кўриладиган арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларнинг аксарияти арбитраж суди фаолиятига тааллуқли бўлганлиги сабабли манфаатдор шахслар аризаларни арбитраж жойлашган жойдаги иқтисодий судга тақдим этиши;
– арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар ариза судга келиб тушган кундан эътиборан 20 кунлик, даъвони таъминлаш чораси билан боғлиқ ишлар эса, 1 кунлик муддатда кўриб чиқилиши;
– арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишлар (арбитраж ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки уни ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлардан ташқари) судья томонидан якка тартибда, суд муҳокамасини ўтказмасдан, арбитраж муҳокамаси тарафларини чақирмасдан кўриб чиқилиши;
– арбитрни тайинлаш, рад этиш ёки унинг ваколатлари амал қилишини тугатиш, арбитраж суди юрисдикциясини аниқлаш ёки унга далилларни олишга кўмаклашиш билан боғлиқ ишлар арбитраж судига кўмаклашиш мақсадида қўзғатилганлигини инобатга олиб, улар бўйича иқтисодий суднинг ажрими устидан шикоят қилинмаслиги;
– даъвони таъминлаш чораси, арбитраж ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки уни ижрога қаратиш билан боғлиқ ишлар тарафлар манфаатларига бевосита таъсир қилишини инобатга олиб, улар бўйича иқтисодий суднинг қарори устидан шикоят қилиш мумкинлиги белгиланмоқда.
Шу билан бирга, қонун лойиҳаси билан «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга арбитраж ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишлар бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари (540 минг сўм) миқдорида давлат божи тўланиши тўғрисидаги қоида киритилмоқда.
Арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ бошқа тоифадаги ишлар, яъни арбитрни тайинлаш, рад этиш ва бошқалар арбитраж судига кўмаклашиш мақсадида қўзғатилиши сабабли улар бўйича давлат божи ундирилмаслиги таклиф қилинмоқда.
Бунда ушбу нормаларни процессул кодексда атрофлича тартибга солиш, судьяларнинг бу борадаги билим ва малакасини ошириб бориш мақсадида тегишли чора-тадбирлар кўрилиши, арбитраж муҳокамаси билан боғлиқ ишларни кўришнинг техник-методик базасини ривожлантириш, халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳим вазифалардан ҳисобланади.
Мухтасар айтганда, қонун лойиҳаси арбитражлар фаолияти учун зарур бўлган давлат судлари билан ҳамкорлик механизмларини жорий этишга, тарафлар, шу жумладан, хорижий инвесторларнинг манфаатлари самарали ҳимоя этилишини таъминлашга ҳамда қулай инвестиция муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Шербек Назаров,
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди бўлим бошлиғи
Фикр қолдириш