ОЛИЙ СУД РАИСИ ЎРИНБОСАРИ СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ
Бугунги кунда Олий суд раҳбариятининг жойларда сайёр қабуллар ўтказишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Унда мурожаатлар қонун талаблари асосида кўриб чиқилмоқда.
Олий суд раиси ўринбосари Бахтиёр Исаков томонидан Сирдарё вилоятида ўтказилган сайёр қабулларда фуқароларнинг жиноий, маъмурий, иқтисодий ва фуқаролик ишларига тегишли мурожаатлари қонун доирасида кўриб чиқилди.
Сайёр қабулда жами 38 нафар фуқаро қабул қилинди.
9 нафар фуқаронинг аризаси қаноатлантирилиб, ижобий ҳал этилди. 8 та ариза назорат тартибида кўриб чиқиш учун қабул қилиб олинди. 19 нафар фуқарога мурожаати юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилди. 2 нафар фуқаро мурожаати адолатли ҳал этилгани учун ташаккурнома билдирди.
Шунингдек, сайёр қабуллар доирасида сайёр суд мажлисилари ҳам ўтказилди. Халқимизга хос инсонпарварлик тамойиллари асосида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган 9 нафар маҳкум муддатидан илгари шартли озод этилиб, оиласи бағрига қайтарилди.
Жумладан, жиноят ишлари бўйича Ховос ва Боёвут туман судларининг ажримига асосан 2 нафар, Сардоба туман судининг ажрими билан 7 нафар маҳкум тайинланган жазодан муддатидан олдин шартли озод этилди.
-Мустақллигимизнинг 28 йиллигини уйда, оилам бағрида кутиб оладиган бўлдим, – дейди муддатидан олдин озодликка йўл олган Фарҳод Неъматов , – Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Қайтиб жиноят содир қилмайман. Бу бағрикенглик учун Президентимизга мингдан-минг раҳмат айтаман.
Ўзбекистон Республикаси
Олий суди матбуот хизмати
Фикр қолдириш