ОЗОДЛИК УМИДИ ҲАЁТГА ЎХШАЙДИ

Атрофи баланд симтўсиқли девор билан ўралган бу масканда фақат осмонга қарай оласан. Ва яна хаёлан эркин қуш бўлиш, қалбан севганларингни, айниқса, болангни истаганча соғиниш мумкин.

Бошқа ҳамма нарса, ҳар бир ҳаракатни эркин амалга ошириш тақиқланади. Бу ерга маҳкум этилганларнинг бари, жорий этилган қатъий тартибга бўйсунишга мажбур.

Табиатан ҳур яшашни истайдиган инсон боласи борки, бундай вазиятга тушса, фақат озодлик орзуси билан кун санайди…

Аёллар колониясидаги катта залга тўпланган хотин-қизларнинг юзларига, нигоҳларига разм солиб, шундай фикрлар кечди дилимдан. Қорни тўқ, усти бут бўлса ҳам нурсизлашиб кетган бу чеҳралар эркин яшашнинг буюк бир неъмат эканини англатади кўрган кишига.

Тўғри, ҳаётда ҳар ким қилмишига яраша жазо топади. Аммо қўлимиздаги бешта бармоқ бир хил бўлмаганидек, одамлар ҳам турфа хил. Хато қилишга мойил ёки билмай адашганлар учраб туради. Бироқ, улар ҳам одам. Уларни на йўқотиб бўлади, на воз кечиб. Шунинг учун ҳам доно халқимиз адашганни кечириш ҳикматини яратган.

Баъзан айримлар адашганлар ҳақида кескин фикр билдириб, уларни йўқотиш керак, дейишади. Лекин ҳаёт бир чархпалак янглиғ айланиб, бир кун келиб улар адашганлар ўрнида бўлиб қолмаслигига ким кафолат бера олади? Ўзи бўлмаса фарзанди ёки набираси шу кўйга тушмаслигига-чи?

Зеро, бағрикенглик, кечиримлилик каби тушунчалар умуминсоний қадриятлардандир.

Давлатимиз сиёсатида бундай инсонпарварлик тамойили кенгроқ акс этмоқда. Илгари озодликдан маҳрум этилганлар бир йилда бир марта бериладиган амнистия актини кутиб яшарди. Шунда ҳам бу умумий характердаги актнинг таъсир доираси унчалик кенг бўлмас, қисқа муддатга, енгилроқ жиноят содир этганларга нисбатан қўлланилар эди.

Ҳозир эса қилмишидан пушаймон бўлиб, хатосидан тўғри хулоса чиқарган маҳкумларни афв этиш ҳақида йилига бир неча марта Президент фармони эълон қилинмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандумга мувофиқ хотин-қизларни кафиллик асосида суд залидан озод қилиш ёки уларни қамоқдан озод қилиш чоралари кўрилмоқда. Мазкур меморандум шарофати билан жорий йилнинг ўтган даврида юз нафардан зиёд хотин-қиз колониядан озодликка чиқарилиб, оиласи бағрига қайтди.

Бунга эса давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жамиятда хотин-қизларга бўлган эътиборни кучайтириш бўйича қўяётган топшириқлари йўл очмоқда.

Жиноятга қўл урган аёл жазо олгани билан фарзандларининг қаровсиз қолаётгани, бу эса бошқа нохуш ҳолатларни келтириб чиқараётгани учун ҳам уларни оиласига қайтариш чоралари кўрилаётир. Зотан, аёллар жиноятчилиги замирида уларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари вақтида ҳал этилмаётгани ётибди. Мутасаддилар зиммасига эса ана шу муаммоларга ечим топиш, адашаётганларни тўғри йўлга солишдек масъулият юкланган.

Тошкент вилоятининг Зангиота туманида жойлашган аёллар колониясидаги навбатдаги тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова аёлнинг ўрни оилада, фарзандлари ёнида эканига урғу берди. Улардан айро тушишнинг ўзи катта жазо аёл учун. Шунинг учун ҳам қилмишидан пушаймон аёлларимизни имкон қадар оиласига қайтариш, уларга тўғри йўлни топишда кўмаклашиш чораларини кўряпмиз. Лекин озод бўлаётган опа-сингилларимиз бу имкониятни суиистеъмол қилмаслиги керак. Улар шунга қарамай яна жиноят йўлини танласа, ҳозирги хайрли ишларга соя солган бўлади.

Тадбир доирасида Олий суд раисининг ўринбосари Холмўмин Ёдгоров раислигида суд мажлиси бўлиб ўтди.

Ўта оғир жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган маҳкума аёлларнинг Олий судга назорат тартибида берган шикоятлари бўйича ўтказилган суд жараёнида қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлган, тузалиш йўлига ўтган 14 нафар аёлга оид иш кўриб чиқилди.

Маълум бўлишича, уларнинг кўпчилиги гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жиноятларни содир қилган бўлса, айримлари фирибгарлик учун судланган.

Самарқандлик Шоҳида исмли аёл героин гиёҳвандлик воситасини сотаётганда қўлга олинган ва 13 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган. Аёлнинг 11 йилдан ортиқроқ умри панжара ортида ўтган. Эллик ёшни қаршилаган бу аёлнинг қилмишидан пушаймонлиги, соғлиги ёмонлашгани сабаб унга тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилди.

Жазо муддатини ўтаб бўлгани инобатга олиниб, озодликка чиқарилди.

Озод этилганини эшитиб, аёл беихтиёр кўзига ёш олди. Берилган имкон учун миннатдорчилик билдирди.

– Ёлғизгина қизимнинг меҳримсиз улғайгани мени кўпроқ азоблади, – деди Шоҳида опа биз билан суҳбатда. – Ҳатто унинг оқ либос кийиб турмушга чиққанини ўз кўзим билан кўриш насиб қилмади. Она учун бундан оғирроқ жазо йўқ. Ўшанда арзимаган пулга қизиқиб шу ишга қўл урган бўлсам, бунинг оқибати миллионлаб пулга сотиб олиб бўлмайдиган бахтимдан мени мосуво қилишини англамаган эканман. Ҳали яна 2 йилу 2 ой ўтиришим керак эди бу ерда. Шукрки, аризам инобатга олиниб, эртароқ уйга қайтяпман. Бунинг учун бу имконни берганлардан миннатдорман. Тез кунларда қизим она бўлади. Шундай пайтда унинг ёнида бўламан. Ишонсангиз, бу ерда ҳатто яна икки кун қолинг, дейишса, бунга кўнмайдиган аҳволдаман. Шунинг учун бугун менга жуда катта туҳфа берилди, деган ўйдаман. Бундан кейин фақат ҳалол меҳнат қилиш ниятидаман.

Сиз озод этилдингиз!…

Бу сўз ҳар сафар янграганда иши кўриб чиқилган аёл бирдан йиғлаб юборар, залда ўтирганлар эса бу сўзлар шарафига қарсак чалишни канда қилмасди. Берилиб қарсак чалса, ўзига тезроқ навбат етиб келадигандек, шу сўзни шарафласа, бу ўзига ҳам насиб қиладигандек умидланарди, бошқалар.

Ҳаётда инсонлар турли умидлар билан яшайди. Фақат ОЗОДЛИК УМИДИ – ҲАЁТга жуда ўхшаш экан. Ахир эндигина туғилган чақалоқнинг бирдан чинқириб йиғлаши аслида ҲАЁТ билан юзлашиш севинчи эмасми?

Озодлик умиди ижобати ҳам ана шу севинч каби, у ҳам йиғлатади.

Бироқ, бу иккинчи севинчни топишдан кўра, ўша севинч ичра, яъни тўғри ва ҳалол, эркин яшамоқ тотлироқ.

Ҳеч кимни озодликка зор қилмасин!

ЎзА

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: