МУРОСАЮ МАДОРА – ИЖОБИЙ ЧОРА

Маълумки, халқимизга хос бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойиллари амалдаги қонунчилигимизда ўзининг ёрқин ифодасини топган. Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳаёти, соғлиғи, мулки-бойлиги — бебаҳо неъмат, ҳақ-ҳуқуқлари мўътабар ва дахлсиз қадрият саналади.

Тааассуфки, Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида яшовчи Сардор Саъдуллаев қонунларимизда ўз аксини топган мазкур тартиб-тамойил­лар­ни билса-да, уни очиқчасига топташ йўлига ўтди, бу борадаги бурч ва мажбуриятини унутди. У Бердибой Нуровга қарашли «Каптива» русумли ав­­то­машинани рухсат берувчи ҳужжатларсиз ўзбошимчалик билан бошқарди.

Бошқача айтганда, маъмурий қои­дабузарлик ҳолатини содир этди. Қа­ни энди, унинг қуюшқондан чиққан ҳа­ракати шу билан тугай қолса?

Йўқ, бундай бўлмади. Оддийгина маъ­мурий қоидабузарликдан бошланган ножўя ҳаракат пировардида жиноий қилмиш билан якун топди. Ўз­ганинг автома­шинасини қои­да­га хилоф тарз­­да туман марказидаги катта кўча бўйлаб, ҳушёрлик ва огоҳликни унутганча бош­қариш оқи­­бати фалокатли кечди. У бош­қараёт­ган автомашина катта йўлни кесиб ўтаётган ўспирин Валибек Жуманиёзовни сал бўлмаса босиб кетаёзди.

Автомашинаниниг қат­тиқ турткисига дуч келган ўспирин, хай­рият­ки, омон қолди. Аммо анча муддат шифохонада даволанишга мажбур бўлди.

Бошқа бир фуқаро: мазкур туманнинг Бунёдкор маҳалласида яшовчи Зокир Рейимбоев ҳам айнан шунга ўхшаш жи­ноятни содир этди.

Онаси Зе­вар Сафоевага тегишли «Нек­сия» автомашинасини йўл ҳаракати қои­даларига мутлақо хилоф тарзда бошқарди. Биласиз, кўча ва йўл­ларда транспорт ҳаракати қоидасини менсимасликнинг оқибати хайрли тугамайди ва бу З. Рейимбоевнинг қуюш­қондан чиққан бежо ҳаракати асносида яққол намоён бўлди. Бир  йўла уч фуқаро, жумладан, ҳайдовчи З. Рейимбоевнинг ўзи ҳам ушбу қоидабузарликнинг жабрини тортди. Зафарбек онаси тасарруфидаги автомашинани кат­та йўл бўйлаб бошқарар экан, ҳайдовчининг оддийгина хатоси ҳам кези келса, машъум фалокатга сабаб бўлишини буткул унутди. Юзага келган хавф­нинг олдини олиш имкони ана шу тариқа бой берилди. Зафарбек ҳеч ку­тилмаганида пайдо бўл­ган ушбу вазият олдида тамомила довдираб қолди.

Бошқарувни йў­қотиб, автомашинани бе­ихтиёр йўл­нинг беқатнов қисми томон буриб юборди. Автомашинанинг зарбасига дуч келган йўловчи Дилмурод Худойберганов, Нодирабегим Ўрозбоева ҳам­да ҳайдовчининг ўзи жиддий тан жароҳати олишди. Зудлик билан кўрсатилган тиббий ёрдам уларнинг ҳаётини сақлаб қол­ди.

Ўз мулкининг оқибатини ўй­ламаган ҳолда ўзгага бемалол инониб топшириш боис юз берган фалокатнинг жабрини Элликқалъа туманида яшовчи Эгамберган Абдуллаев ҳам торт­ди. Ўз тасарруфидаги «Нексия» автомашинасини ўғ­ли Мансурбек Абдуллаевга махсус ишончнома орқали ишониб топширди. Ўғил эса, автомашинани бошқарганча катта кўча сари отланаётиб, ўзини йўлнинг ягона хў­жайи­нига йўйди. Ўз бош­қару­ви­даги автоуловдан олдинда ҳаракатланаётган юк машинаси махсус ёритиш чироғи орқали йўл­нинг сўл тарафи томон бурилиш ишорасини бе­ра­ёт­ганига парво қилмади. Бунинг оқибатида юз берган тўқ­нашув, табиийки, хайрли кечмади. Фалокат боис ушбу йўл бўйлаб ҳаракаталанаётган уч ки­ши: А. Қақабоев, Т. ва И. Абдуллаевлар турли даражада тан жароҳати олишди.

Берунийлик бошқа бир фуқаро Алтин Латипованинг тан жароҳатига эса, эслатаётганимиз: транспорт воситаси эмас, балки хонадонда рўй берган оддий можаро сабаб бўлди. Жанжал аслида туманнинг «Шоббоз» овул фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи эр-хотин Давронбек Маткаримов ҳамда Назокат Эшмуродовалар ўртасида келиб чиқди. Бироқ унинг хунук оқибати тамомила беайб А. Латипованинг гарданига ёғилди. Даставвал эр турмуш ўртоғига қўл кўтарди.

Аёли ҳам қараб турмади. Жаҳл келса, ақл қочади, дейишганидек, алам устида қў­лига илинган сопол чойнакни эри томон қулочкашлаб отди. Давронбек унга чап берди. Натижада чойнак орадаги жанжални тинчитиш учун шу томон шошилиб келаётган қайнона Алтин опанинг бошига келиб урилди. Оғир зарба ўз кучини кўрсатди. Шифокорлар Назокатнинг қайнонаси ҳаёти учун хавфли даражада тан жароҳати олганини қайд этдилар.

Меъёрдан, қуюшқондан чиққан бежо ҳаракат кишини нафақат маломат, балки жазога ҳам рўбарў этади. Туман мар­казидаги Нодира кўчасида яшовчи Ҳам­за Қаррибоев айнан шундай қилмиш — ўғирликка қўл урди. Куппа-кундуз куни катта кўча бўйида Ғ. Худойберганов томонидан вақтинча қа­ровсиз қолдириб кетилган бозор нархи 2,5 миллион сўм­лик велосипедни ўғирлади. Қилмиш қидирмишга сабаб бўлди. Тезда қўлга тушиб, суд олдида ўзи содир этган қинғирликнинг ҳисобини берди.

Ўз қилмишларининг жавобию ҳисобини, шунингдек, но­ми мақоламиз аввалида зикр этилган С. Саъдуллаев, З. Ре­йим­боев, М. Абдуллаев, Н. Эш­му­родо­ва­лар ҳам беришди. Лекин қонуннинг карами кенг, муруввати кўп ва, ҳали уқдирилганидек, ўзбекона бағрикенглик, кечиримлилик, дарёдилликнинг ибратли намуналари унда тўла мужассам. Шу боис жиноий қилмишга қўл уриб, беайб инсонлар ҳаёти ва соғ­лиғини хавф остида қолдирган ушбу шахсларнинг ҳеч бири жазога тортилмади.

Амалдаги қонун ва қонунос­ти ҳужжатлари аслида адолат, одиллик ва холислик тимсоли. Ибрат ва эътиборга молик жиҳатлар эса, анчагина. Жиноят кодексининг биргина 66-1-моддасида ярашилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилишни назарда тутувчи меъёрлар ўз ифодасини топган. Унга биноан, ушбу кодекс­нинг ўнларча моддасида назарда тутилган жиноий ҳаракатларни содир қилган шахслар суд ва тергов жараёнида муросага келиб, ўзаро ярашув аҳдига эришса, муқаррар жазо ҳамда жавобгарликдан озод этилади. Аммо бу тамо­йилни қўллашнинг ўзи­га хос шарти, талабу тақозолари бор ва унга тўлиқ риоя этиш даркор. Аввалига қонунни менсимай жиноий жавобгарликка етакловчи қилмишга қўл урган шахслар пировардида эс-ҳушини йиғиб олганча ушбу таомилнинг амалдаги ижобати йўлини тутишди. Ўза­­­ро ярашув билан боғлиқ тартиб-қоидаларга риоя қилган ҳолда айбига сидқидилдан иқ­рорлик билдирдилар ва жабрланувчилардан астойдил кечирим сўраб, етказилган зарарни бартараф этишди. Ора­­даги яра­шув аҳди ана шу тариқа юзага келди.

Инсонийлик ва қонунийликнинг бундай ибратли таомилини жабрланувчилар ҳам адо этдилар. Жабрдийдалар томонидан кечирилган айб, баён этилган ҳо­лат­ларга мувофиқ қонун тарафидан ҳам кечирилди. Бу — суднинг рўй берган қонунбузарликлар юзасидан қўзғатилган жиноят ишларини охиригача ҳал этмасдан туриб, барвақт тугатиш бўйича чиқарган ажримларида тўла намоён бўл­ди.

Содир этилган жиноий қилмишнинг қонун тарафидан ҳам, жабдийдалар томонидан ҳам кечирилгани, бунинг устига ярашув аҳди тантана қилгани, томонлар ўртасида муросаю мадора муҳити  қарор топгани — айни муддао.

Жамиятимиз ана шу истиқболли йўлдан бормоқда ва уш­бу олижаноб мақсаднинг мазмун-моҳияти юртимизнинг ҳар бир фуқароси қал­би тўридан мустаҳкам жой олмоғи ва амалий ишларда ўз ифодаси, ижобатини топмоғи даркор.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар инсонпарварлик, бағрикенг­лик тамойилларига асосланган. Би­роқ ҳуқуқбузарлик содир қи­либ, ҳам ўзига, ҳам ўзгаларга зиён-заҳмат етказгандан кўра, қонун талабидан четга чиқмаслик одам боласига кўпроқ наф келтиради.

Зафарбек ЁҚубов, 

жиноят ишлари бўйича
Беруний тумани судининг раиси 

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: