ТУЗОҚҚА КЎПИНЧА ЎЗГАГА ЧОҲ ҚАЗИГАННИНГ ЎЗИ ИЛИНАДИ
Ҳаётда умрини эгулик, одамийлик каби фазилатлар бағишлаганлар кўпчиликни ташкил этади. Шу билан бирга ҳаётда ўзгаларнинг ризқ-насибаси, пули, мол-дунёси, кўз ёши, дарду алами эвазига бойиш, шоҳона турмуш кечиришни кўзлаганлар ҳам йўқ эмас.

Қорақалпоғистон Республикаси Беруний туманининг Шоббоз овулида яшовчи Одил Олламовни ҳам шундай тоифага мансуб, дейиш мумкин.
У Жиноят кодексининг валюта қимматликларига оид 177-моддаси 2-қисми ҳамда гиёҳвандлик воситалари олди-сотдисига тааллуқли 273-моддаси 5-қисмида баён этилган қилмишларни содир этгани учун аввал ҳам судланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. 2016 йилнинг феврал ойида унга нисбатан бағрикенглик кўрсатилиб, жазо муддати шартли равишда қисқартирилди.
Ўзини англаган, билган, ҳалоллик ва покликни ният қилган одам ҳаётда бир марта адашади. Донишмандлар инсон ҳатто ногоҳ қоқилиб йиқилган чоғда ҳам ундан сабоқ чиқармоғи зарур, дея уқтиришади. Буни назарда тутадиган бўлсак, аввал содир этилган оғир жиноий қилмиши Одил Олламовга ҳаётий сабоққа айланиши керак эди. Афсуски, бундай бўлмади. Олий маълумотли, оилали, 3 нафар фарзандли бу кимса ўшанда бошига ёғилган оғир қилмишдан тегишлича хулоса чиқармади, ёши элликни қоралаган бўлса-да, ҳаётда тўғри йўлни топа олмади.
У оғир жиноий қилмиш — гиёҳвандфурушликка такроран қўл урди. Бу мудҳиш воқеа ўтган йилнинг 26 феврал куни Урганч шаҳрида рўй берди.
О. Олламов ўша куни яқин танишининг туғилган кунини нишонлаш учун Урганч шаҳрига келди. Зиёфат қизиган чоғида унинг қўл телефони жиринглаб қолди. Қўнғироқ қилган киши ўзини боғотлик Фарҳод Оллаберганов дея таништирди ва О. Олламовдан қовун сотиб олиш учун Боғотдан Урганчга атай келганини маълум қилди. О. Олламов даврадошларига узрини айтиб, ўрнидан турди ва орадан ўн дақиқа ўтмаёқ Урганч шаҳрининг Хонқа кўчасига етиб келди. Улар ўртасидаги суҳбат авж олган чоғ 3-4 нафар нотаниш киши ўзларини ҳуқуқ-тартибот идоралари тарафидан ўтказилаётган махсус тадбир қатнашчилари эканини айтиб, автомашина ва унинг ичидаги фуқароларни текшириш ниятини маълум қилишди. Изқуварлар излаган «матоҳ» «Cobalt»нинг олдинги ўриндиғи орқа қисмидан топилди. У вазни 26,28 граммга тенг «опий» гиёҳвандлик моддаси бўлиб чиқди. Автомашинани кўздан кечириш чоғи 400 АҚШ доллари, 10,5 миллион сўм ҳам топилди. «Топилма»ларнинг бари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.
Тезкор тадбир терговга уланди. Гумондор сифатида жавобгарликка тортилган О. Олламов автомашина ичидан топилган 400 АҚШ доллари ўзиники экани, уни ўзига қарашли фермер хўжалигида етиштирилган ва Ф. Оллаберганов томонидан харид қилиниши мўлжалланган 250 дона қовун эвазига олганини, бошқа бир топилма — 10,5 миллион сўм маблағ оиласига тегишли эканини билдирди. Шунингдек, унинг важларига қараганда, воқеа жойини кўздан кечириш тадбири бевосита шу жойнинг ўзида эмас, балки қоидага хилоф равишда божхона идорасида амалга оширилгани, ишга тиркалган «Тушунтириш хати»ни ўзи эмас, орган ходими томонидан ёзилгани, унга ўқимасдан имзо чеккани, бунга «Сенга енгиллик берамиз ва тезда уйингга қайтарамиз», дея берилган ваъдалар сабаб бўлганини баён этди. Айни дамда барини тушуниб етгани, аслида йўқ «айби»ни тан олгани, автомашинадан топилган гиёҳвандлик воситаси ўзига тегишли эмаслиги, унинг қайдан келганини билмаслигини айтди, шу аснода қўйилган айбга иқрорлик билдирмади.
Маълумки, бундай вазиятда қонун талабига мувофиқ зиммага юклатилган айбнинг асосли ёки асоссизлиги билан бир қаторда гумонланувчи томонидан келтирилган далил-дастаклар ҳам атрофлича ва батафсил ўрганиб чиқилади. Суд қонунчиликнинг ана шу талабига алоҳида эътибор қаратди. Бунда О. Олламовнинг қўл телефонига Фарҳод Оллаберганов томонидан «100+100+50 қилиб, 250 ни олиб келинг» деган маънодаги СМС хабари эътиборни ўзига жалб қилди. Электрон тарзда келган ушбу ёзувнинг сири ана шу жараёнда очилди. У уч бўлакка «100+100 ва 50» (жами 250) улушда жойланган «опий» гиёҳвандлик воситасини етказиб бериш хусусида юборилган сирли хабар бўлиб чиқди. Ф. Оллабергановга аталган 250 та қовун ҳам шу маънони англатган. Маълум бўлишича, улар олдиндан жиноий тил бириктириб, гиёҳвандлик моддаси олди-сотдисини шундай шартли белги ёрдамида амалга оширишни режалаштиришган.
Қисқаси, факт фактлигича қолди ва уни инкор этиб бўлмади. Гиёҳвандлик воситаси автомашина ичидаги кўздан йироқ ва қўл етмас жойга пухта яширилгани, бунинг учун камида 15-20 дақиқа талаб этилиши, вазият мазкур қилмиш гумондорнинг шундоқина кўз ўнггида, пинҳона тарзда, бошқа шахс томонидан амалга оширишга имкон бермаслиги бу борадаги шубҳа-гумонларнинг барини четга сурди. Бундан шундай хулоса келиб чиқади: гиёҳванд модда гумондорнинг ўзига тегишли ва уни автомашина ичига ундан бошқа ҳеч ким яшириб қўймаган.
Таъкидлаш жоизки, суд ишни кўриш асносида содир қилинган жиноий қилмишни енгиллатиши мумкин бўлган бир қатор далиллар мавжуд эканлигини ҳам аниқлади. Шу сабабли О. Олламовга нисбатан Жиноят кодексининг енгилроқ жазо қўллашни тақоза этувчи 57-моддасини тадбиқ этиш мақсадга мувофиқ, деб топилди ва унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди. Суднинг ушбу ҳукми аппеляция ҳайъатида ҳам атрофлича муҳокама этилди ва уни ўзгартириш учун асос топилмади.
Шу тариқа гиёҳвандлик моддасини сотиш орқали мўмай даромад олишни кўзлаган жиноятчига қонуний жазонинг муқаррарлиги таъминланди. У ўзи қазиган чоҳга қулади.
Зафарбек Якубов,
Хоразм вилояти суди судьяси
Фикр қолдириш