КЎЗИ ОЧИЛМАГАН ФИРИБГАР ТЎРТИНЧИ БОР ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ

Сирдарёлик Жаҳонгир Ҳалимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) бундан 6 йил муқаддам – навқирон 21 ёшида жиноятга қўл урган. Аниқроғи, фирибгарлик кўчасига қадам қўйган. Ўшанда у жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг 2017 йил 19 майдаги ҳукмига биноан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 2-қисми “в” банди билан айбдор деб топилиб, 1 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига маҳкум этилган.

Аммо Ж. Ҳалимов ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётиб, иккинчи марта фирибгарлик жиноятини содир этади. Бошқача айтганда, фирибгарлик кўламини аввалгидан кенгайтиради. Шу боис жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг 2017 йил 5 декабрдаги ҳукмига асосан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топилади. Бу сафар иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади.

Бироқ судланувчи ушбу жазони ўташдан бўйин товлайди. Бинобарин, жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судининг 2019 йил 23 январдаги ажримига асосан унинг ўталмаган 2 йил 3 ой 1 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси (Жиноят кодексининг 46-моддаси (ахлоқ тузатиш ишлари) тартибида) шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилади. Афсусланарлиси, бундай жазо алмаштириш ҳолати яна такрорланади. Лекин кўзи очилмаган Ж. Ҳалимов фирибгарлик “ҳунари”ни давом эттираверади.

Агар жиноят иши материалларига назар ташлансак, Ж. Ҳалимов жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судининг 2022 йил 19 сентябрдаги ҳукмига мувофиқ, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланган ҳолда 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинганини кўриш мумкин. Аммо озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган маҳали Ж. Ҳалимов 2019 йил октябрь ойидан 2022 йил июнь ойига қадар яна 7 кишини чув туширгани маълум бўлди.

Гап шундаки, Ж. Ҳалимов 2019 йил октябрь ойининг охирларида “Beelline” уяли алоқа компанияси бош офиси ёнида Бахтиёр Сайдуллаев билан учрашиб, унинг “Iphone 7” русумли уяли алоқа воситасини 400 АҚШ долларига сотиб олишга келишади. Ана шу пулнинг 100 АҚШ долларини бошланғич тўлов сифатида бериб, қолганини 3 ой давомида тўлаб боришга ваъда қилади. Бироқ у тез орада телефонни сотиб, пулини шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборади. Б. Сайдуллаевга эса, 300 АҚШ долларини бермай, ваъдасини унутади.

Хуллас, Ж. Ҳалимов салкам 3 йилни шу зайлда ўтказади. 2022 йилнинг 19 февраль куни эса Миробод туманидаги “Greek food” қаҳвахонаси олдида Элбек Абдураҳмоновни лақиллатади. Яъни у Элбекнинг “Playstation-4” русумли ўйин қурилмасига харидор бўлиб, 6 000 000 сўмга баҳолашади.

— Қолган қарзимни ҳар ойда беш юз минг сўмдан тўлаб, узаман, — дейди у олдиндан 500 минг сўм бериб.

Лекин ўйин қурилмасини ҳам номаълум харидорга сотиб юборади-ю, 5 500 минг сўмлик қарзини ҳақдорга бермайди.

2022 йил 9 март куни фирибгар Учтепа туманининг Дурбек 1-тор кўчасида Абдуқаҳҳор Абдуллаевни чув туширади. Маълум бўлишича, А. Абдуллаев “OLX.UZ” сайтига “Samsung Tab” русумли планшетини 600 АҚШ долларига сотиши ҳақида эълон берганди. Ж. Ҳалимов бу эълонни ўқигач, фикри бузилади.

— Сиз олти юз доллар дебсиз. Мен сизга олти юз эллик бераман, — дейди у.

Буни эшитиб, А. Абдуллаев дарров рози бўлади. Аммо бояқиш йигит фирибгарга дуч келганини қаёқдан билибди дейсиз?

Дарҳақиқат, Ж. Ҳалимов ўзининг “эски усули”да планшет учун бошланғич тўлов сифатида 200 АҚШ доллари беради. Қолган 450 АҚШ долларини кейинги 3 ой давомида беришини айтади. Бироқ унинг айни ваъдаси ҳам қуруқ ваъдалигича қолиб кетаверади. Планшетни эса, аллакимга сотиб юбориб, пулини чўнтакка уради.

Буни қарангки, дастлабки жабрланувчи Бахтиёр Сайдуллаев 3 йилда ҳам ўз ҳақини ололмайди. Охир-оқибат у ички ишлар идорасига мурожаат қилиб, фирибгарга нисбатан қонуний чора кўришни сўрайди. Пировардида Ж. Ҳалимовга нисбатан жиноят иши қўзғатилади. Юқорида таъкидлаганимиздек, тергов жараёнида у тўққиз марта фирибгарлик қилмишини содир этгани маълум бўлади. Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди судланувчини Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Жазо тайинлашда унга муқаддам жиноят ишлари бўйича Юнусобод тумани судининг 2022 йил 19 сентябрдаги ҳукмига биноан тайинланган жазо ҳам инобатга олинди. Шунингдек, суд ҳукмида судланувчидан жабрланувчиларга етказилган моддий зарарларни ундириш ҳам белгиланди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, тарбия инсон тақдиридаги энг муҳим омилдир. Лекин буни ҳамма ота-оналар ҳам бирдек ҳис қилавермайди. Оқибатда Ж. Ҳалимов сингари бебош, фирибгар ва ноқобил фарзандлар вояга етади. Шундай экан, Бош қомусимизнинг 64-моддасида белгиланган конституциявий бурч – ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканини ҳеч бир ота-она унутмаслиги керак.

Сурайёхон ХОЖАМҚУЛОВА,

жиноят ишлари бўйича

Миробод тумани суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: