ҲАҚИҚАТНИНГ ОЙДИН ЙЎЛИ
Ҳеч кимга сир эмаски, ҳуқуқшунослик ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган шарафли касб саналади. Етук ҳуқуқшунос бўлиш учун киши фақатгина шу йўналишда олий таълим олиши кифоя қилмайди. Бундан ташқари ёш ҳуқуқшунос турли машаққат ва синовларни мардона енгиб ўтиши, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда айни касбнинг сир-асрорларини чуқур ўрганиб, тажриба орттириши, тинимсиз изланиши ва энг муҳими, юксак инсоний фазилатларга эга бўлиши талаб этилади.
Учкўприк туманида яшовчи Муннаввар Қодиров ҳам бундан 25 йил аввал мактабни тугатиб, олийгоҳга ўқишга киргач, келгусида тажрибали ҳуқуқшунос бўлиб, халқимизга хизмат қилишни орзу қилган эди. Шундай бўлди ҳам. Эзгу ниятлари амалга ошиб, прокуратура органларига ишга кирди. Аввал Қўқон шаҳар прокуратурасида жамоатчи ёрдамчи сифатида тажриба орттира бошлади. Сўнгра Сўх тумани прокурорининг иш ўрганувчи ёрдамчиси лавозимига ўтказилди. Аммо…
Аммо 2008 йил октябрь ойида унинг бошига кутилмаганда жиддий ташвиш тушди. Гап шундаки, ўша пайтда М. Қодиров иш юритиувида Сўх тумани бандликка кўмаклашиш марказига оид жиноят иши мавжуд бўлиб, марказнинг молиявий фаолияти тафтиш этилганда айрим талон-торожликлар аниқланган.
Бундан тафтишчи Р. Сурхонов «унумли» фойдаланмоқчи бўлади. У марказ директори Субҳиддин Хизриевдан тамагирлик йўли билан 3 000 АҚШ долларини ҳамкасби Фарруҳ Шодиев орқали пора тариқасида олади. Ана шу воқеанинг эртасига — 2008 йил 26 октябрь куни М. Қодиров Р. Сурхонов билан жиноий тил бириктирганликда гумонланиб, ишдан бўшатилади. Охир-оқибат прокурор ёрдамчисига нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилади.
Шундан сўнг ушбу қилмиш жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судида кўриб чиқилади. Суднинг 2009 йил 5 мартдаги ҳукмига кўра, М. Қодиров Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “б”, “в”, “г” бандлари билан айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади. Унинг апелляция шикояти суднинг 2009 йил 8 апрелдаги ажримига асосан қаноатлантирилмайди ва суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилади.
Кейинчалик жиноят ишлари бўйича Яккабоғ тумани судининг 2011 йил 4 мартдаги ажримига асосан М. Қодировнинг ўталмай қолган 3 йил 11 ой 29 кун жазоси Жиноят кодексининг 74-моддаси тартибида шу муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилади. Орадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, жиноят ишлари бўйича Учкўприк тумани судининг 2012 йил 19 июндаги ажримига биноан ўталмай қолган 2 йил 10 ой 15 кун аҳлоқ тузатиш иши жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинади.
Бироқ жазодан озод этилгач, собиқ прокурор ёрдамчиси бировнинг айби эвазига айбдорга айланганидан норози бўлиб, юқори турувчи идораларга қайта-қайта мурожаат қилса-да, бирон-бир натижа бўлмайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширила бошлангач, унинг кўнглида адолатни қарор топтиришга ишонч уйғонади. Аниқроғи, у ўзининг айбсизлигини исботловчи бир қатор далилларни тақдим этган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилади. Пировардида Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 18 августдаги ажримига мувофиқ жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди апелляция инстанциясининг 2009 йил 8 апрелдаги ажримининг унга оид қисми бекор қилинади ва ишнинг шу қисми янгидан апелляция инстанцияси судида кўриш учун юборилади.
Апелляция суди мажлисида М. Қодировнинг ноҳақ айбланиб, жазога тортилгани маълум бўлди. Жумладан, Рустам Сурхонов турли руҳий ва жисмоний тазйиқлар туфайли М. Қодировнинг ҳам жиноятга шерик бўлгани ҳақида ёлғон кўрсатма беришга мажбур бўлганини тан олди. Субҳиддин Хизриев ҳам прокурор ёрдамчисининг пора талаб қилмаганини маълум қилди. Аммо дастлабки тергов органи ва суд М. Қодировни тахмин ва фаразларга асосланган ҳолда айблаб, нотўғри хулосага келган. Қолаверса, прокурор ёрдамчисини айблаш учун асос қилиб олинган Р. Сурхонов ва С. Хизриев, С. Хизриев ва Ф. Шодиев ўртасидаги суҳбат стенограммалари, уларнинг кириш-чиқиш қўнғироқлари рўйхати, юзлаштириш баённомалари холис ва ишончли далиллар эмас. Бундай ҳолатда М. Қодировнинг ҳаракатини Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми билан малакалаб бўлмайди.
Жиноят процессуал кодексининг 83-моддасида иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, унинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши зарурлиги белгиланган. Ана шу асосларга таянган суд жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг 2009 йил 5 мартдаги ҳукмининг М. Қодировга оид қисмини бекор қилиб, уни айбсиз деб топди ва оқлади.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, айни пайтда М. Қодировнинг таниш-билиш, қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва ҳамкасблари олдида юзи ёруғ. Унинг айтишича, ўғли ҳам келажакда ҳуқуқшунос бўлишни орзу қилар экан. Шу боис қаҳрамонимиз фарзандига ҳамиша ва ҳар ишда адолат ҳимоячиси бўлишини уқтиради. Зеро, ҳақиқат ва адолат эгилади, букилади, аммо синмайди.
Бобохон ВАҲОБОВ,
Фарғона вилояти суди судьяси,
Аҳаджон ТУРҒУНОВ, адвокат
Фикр қолдириш