ЧИППАККА ЧИҚҚАН ОРЗУ ЁКИ ФИРИБГАР ТЎҚИГАН ЁЛҒОН ОҚИБАТИ
Юртимизда халқаро ҳамкорлик алоқаларининг кенг йўлга қўйилгани ташқи меҳнат миграцияси фаолияти ривожига туртки бўлди. Натижада фуқароларнинг хорижга чиқиб ишлаши учун ҳуқуқий ва ташкилий асослар яратилди.
Жумладан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги фаолият кўрсатмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу агентлик орқали фуқароларни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштиришдек самарали тизим йўлга қўйилди.
Агентлик мамлакатимиз ва Халқаро миграция ташкилоти ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2021–2023 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиққан. Фуқароларни хорижда ишга жойлаштиришни тартибга солиш ҳамда уларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари юзасидан хорижий давлатлар ваколатли органлари билан ҳамкорлик қилинаётгани туфайли чет элларда юртдошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояси тўлиқ таъминланмоқда.
Аммо хорижий давлатга ишга боришнинг қонуний тартибларига риоя этмаслик турли хил дилхираликлар, айниқса, содда ва ишонувчан одамларнинг фирибгар кимсалар тузоғига тушиб қолишига сабаб бўлмоқда. Қуйидаги мисол шу ҳақда.
Самарқандлик Бекзод Рўзиқулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) таниши Олмосни Шоҳиста Садриева деган аёл 25 минг АҚШ доллари эвазига Америка Қўшма Штатига ишга юбораётганини эшитиб, ҳаловатини йўқотади.
Ўғлининг хорижда ишлаб, у ердан мўмай даромад билан қайтишни мақсад қилганини эшитган онаси Гулрух Рўзиқулова ҳам хурсанд бўлди ва ундан бунинг учун нима қилиш зарурлигини сўради.
Аслида она бу гапи билан ўзи билмаган ҳолда ўғлининг кўнглидаги хорижга ишга бориш орзусини баттар оловлантирди. Онасининг розилигини олган Бекзод дарҳол таниши Олмосга қўнғироқ қилди.
– Яқинда Шоҳиста опанинг ўзи бизникига келиши керак, – деди Олмос, – ўшанда у билан учрашиб, ўзларингиз келишиб оласизлар.
Орадан кўп вақт ўтмай Олмос уйларига Шоҳиста опа келаётганини айтди.
“Керакли тошнинг оғири йўқ” деган фикрни кўнглидан кечирган Г. Рўзиқулова 5 минг АҚШ долларини олиб, ўғли билан О. Мамановнинг уйига борди. Энг қизиғи, Олмоснинг уйида Ш. Садриева билан учрашиш мақсадида келганлар кўпчилик эди.
Қисқаси, Ш. Садриева келгач, хорижга ишлашга боришга талабгор бўлганлар дарҳол уни саволга тутишди: чет элга қандай тартибда борилади, бунинг учун қанақа ҳужжатлар керак, харажати қанча?
– Асли самарқандлик, ҳозирда Тошкент шаҳрида яшовчи бир танишим бор, – дея жавоб қилди уларга Ш. Садриева. – Ўша одам киши бошига 25 минг АҚШ доллари эвазига Европа давлатларида бўлиш ҳуқуқини берувчи “Шинген” визаси тайёрлаб беради. Шу виза орқали АҚШ давлатига ҳеч бир тўсиқсиз етиб олиш мумкин. Танишим ҳозиргача бир неча кишини шу тариқа Америка Қўшма Штатларига юборди…
Океанорти мамлакати орзусида ўзига қизиқиш ҳамда умид илинжида тикилиб турган суҳбатдошларининг ишончини қозониш мақсадида Ш. Садриева қўл телефони орқали танишига қўнғироқ қилиб, АҚШга кетиш истагидаги одамлар билан гаплашиб ўтирганини маълум қилди.
– Шоҳиста Садриевага ишонаверинглар, – дея жавоб бўлди нариги тарафдан. – АҚШ давлатига жўнатиш қўлимдан келади. Агар юборолмасак, пулларни қайтариб берамиз.
– Бу иш танишимнинг қўлидан келади, – деди Ш. Садриева ишонч билан. – Ўзимнинг ўғлимни ҳам яқинда “Шенген” визаси билан Мексика давлати орқали АҚШга ишга юборди.
Шундан сўнг З. Маманова, Г. Ризоқулова ва М. Холжигитова ўғиллари Олмос, Бекзод, Мақсудбек учун ҳар бири 25 минг АҚШ долларидан беришга рози бўлишди.
– Биз оилавий кетадиган бўлсак, харажатимиз қанча бўлади? – деб сўради Н. Хайриддинова.
– Оиладан ёлғиз кетаётганлар ҳужжатларини тайёрлаш учун ҳозир 10 минг АҚШ доллари билан фуқаролик паспортини берса, кифоя, – дея жавоб берди Ш. Садриева. – Сиз фуқаролик паспорти билан болаларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасига қўшиб, 15 минг АҚШ доллари беришингиз керак. Пулнинг қолган қисмини хорижга етиб боргач, берасиз.
Шунда Г. Ризоқулова 5 минг АҚШ долларини ҳамманинг кўз ўнгида Ш. Садриеванинг қўлига тутқазди. Эртаси куни эса, Бекзод қариндошлардан қарз олиб, яна беш минг долларни Ш. Садриеванинг уйига олиб бориб берди.
Қисқаси, ўтган йилнинг 2-4 март кунлари З. Маманова билан М. Холжигитова ҳам Ш. Садриевага хорижга кетувчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар билан бирга 25 минг АҚШ долларини беришади.
Учрашув чоғида Ш. Садриева талабгорларга тўрт ой муддатда иш битишини айтади. Аммо бу муддат аллақачон ўтиб кетса-да, хориж сафаридан дарак бўлавермайди. Ш. Садриева эса, “яқинда элчихонага чақиради” қабилидаги ваъдадан нарига ўтмайди.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, “Шинген” визаси Европа давлатларининг ўзаро келишувига асосан, бизнес ва туризм мақсадида ташкил этилган бўлиб, ундан 27 давлатда фойдаланиш мумкин. Бундай виза 90 кун муддатга берилади. Европа мамлакатларида яна қолиш зарурати пайдо бўлганида виза муддати 120 кунга узайтирилади. Аммо унинг бошқа қитъада жойлашган, хусусан, АҚШ ёки Мексика мамлакатига ҳеч қандай алоқадор жойи йўқ.
Бундан кўриниб турибдики, фирибгарнинг ягона мақсади содда ва ишонувчан одамларни алдаш йўли билан уларнинг бойлигини эгаллашга қаратилган. Оилали, тўрт нафар фарзанднинг онаси бўлган Ш. Садриева терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган номаълум шахс билан ўзаро тил бириктирган ҳолда З. Маманова, Г. Ризоқулова, Н. Хайриддинова ва М. Холжигитованинг катта миқдордаги маблағини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган.
Жабрланувчиларнинг мурожаатидан сўнг Ш. Садриевага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари давомида фирибгарнинг уйидан ўзи тўқиган ёлғон чўпчакни асословчи ашёвий далиллар, яъни фуқароларнинг паспортлари, болаларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари ҳужжатлаштириб олинди.
Қисқаси, Ш. Садриева қилмиши фош бўлиб қолгач, жиноятни ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда охирига етказолмаган. Жиноят кодексининг 25-моддаси 2-қисмида қасддан содир этиладиган жиноят бошланиб, шахсга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, охирига етказилмаган бўлса, жиноят содир этишга суиқасд деб топилади, дея белгиланган. Шунингдек, Олий суд Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарори 18-бандида “Агар шахснинг қасди ўзганинг мулкини кўп (жуда кўп) миқдорда эгаллашга йўналтирилган бўлиб, у айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган бўлса, қилмиш ҳақиқатда талон-торож қилинган мулк қийматидан қатъи назар, қасд йўналтирилганлигидан келиб чиқиб, кўп (жуда кўп) миқдордаги фирибгарликка суиқасд сифатида малака қилиниши керак” деган раҳбарий тушунтириш берилган.
Шу сабабли суд судланувчи Ш. Садриеванинг жиноий ҳаракатини Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандидан 25,168-моддаси 4-қисми “а” бандига қайта малакалашни лозим топди.
Ёлғонлари фош бўлгач, Ш. Садриева жинояти оқибатини англаб етган. Шу сабаб у жабрланувчилардан фирибгарлик йўли билан олган пулларни қайтариб берган.
Жиноят кодексининг 168-моддаси 5-қисмида “Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди” дея қайд этилган. Суд судланувчининг муқаддам судланмагани, айбига иқрорлиги, етказилган зарарни қоплагани, жабрланувчиларнинг унга нисбатан даъвоси йўқлигини инобатга олди. Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди билан уни айбдор деб топиб, Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаган ҳолда, базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлади ва давлат фойдасига ундирди.
Шу тариқа Ш. Садриева мўмай даромад топиш илинжида фирибгарликка қўл уриб, таниш-билишлари олдида ўзига нисбатан ишончни йўқотди, обрўсини тўкди.
Шу ўринда хорижга чиқиб ишлашнинг юртимизда йўлга қўйилган тартибига амал қилмагани, фирибгарлар томонидан тўқилган ёлғон чўпчакка ишонгани учун алдов қурбонига айланган жабрланувчиларнинг хатти-ҳаракатларини ҳам оқлаб бўлмайди. Шу боис баён этилган воқеа тафсилоти бошқалар учун сабоқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас.
Нодир РАЖАБОВ,
жиноят ишлари бўйича
Самарқанд тумани суди раиси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш