ҚАБОҲАТ ГИРДОБИ

Қўшкўпирлик Нуриддин Матёқубов 40 йиллик умрининг аксарият даврини зулмат домида ўтказди. Аниқроқ айтганда, талончилик жинояти учун у 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилганида ҳали 22 ёшга ҳам тўлмаганди. Жиноий кирдикорни қасддан содир этганлар учун бундан бошқа чора йўқ.

Аммо халқимизнинг кўп минг йиллик қадриятлари қонунларимизда ҳам ўзининг теран ифодасини топгани тўғри йўлдан адашганларга ях­ши им­­кониятдир. Н. Матёқубов ҳам бундай бағрикенглик ва кечиримлилик тамо­йилларидан баҳраманд бўл­ди. Унга қилмишларидан тўғри хулоса чи­қариб олиш учун имконият берилди.

Аммо Нуриддиннинг озод­ликдаги ҳаёти узоққа чўзилмади. У фақат ои­ла қуриш ва фарзанд кўришгагина ул­гура олди, холос. Яна жиноят, яна жазо — қилмишнинг қидирмиши, ач­чиқ қисмат. У бу гал контрабанда бў­йича амалга оширилган ашаддий қо­нунбузарликка фаол кўмаклашгани учун Жиноят кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми, гиёҳвандлик моддаларини сотишга ҳо­зирлик кўриш ва уни содир этишга қасд қилишни назарда тутувчи 25,273-моддаси 5-қисми бўйича айбланиб, 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

2019 йил жазони ўтаётганда унга инсонпарварлик муруввати кўрсатилди. Жазо муддати тугашига 6,5 йил қолганида у шартли равишда озод қилиниб, ахлоқ тузатиш ишларига жалб этилди.

Аммо у муайян юмуш — гиёҳфурушликка қаратилган галдаги қилмишни ими-жимида амалга ошириш, шу юзадан жазони ўтаётган пайтда танишган кимсанинг қалтис илтимосини ба­жариш мажбуриятини зиммага олган ҳолда озодликка чиқди. Тожикистонлик «Олим» ўз мамлакати ҳудудидан Қўшкўпирга сим қоқиб, уни Тошкентга меҳмондорчиликка чақирди. Кутилмаган таклиф турмуш ўртоғи билан бирга даволаниш учун Тошкент­га боришга тайёргарлик кўраётган Нуриддин учун айни муддао бўлди.

Собиқ ҳамтовоқлар ўтган йилнинг 23 сентябрь куни пойтахтдаги «Мегапланет» савдо маркази олдида учрашди. Суҳбат асносида «Олим» юртимиз сар­ҳад­ларини қуруқ қўл билан эмас, нақ 10,5 кило «таръяк» моддасини елкалаган ҳолда кесиб ўтгани аён бўл­ди.

Бунинг устига у аллақачон вазни 10,5 килолик «мол»ни Нуриддин билан бўладиган учрашув арафасидаёқ электр овқат пишириш ускунаси ичига жойлаган ҳолда Хоразмга йўл олаётган «Исузи» русумли юк автомашинасига ортиб ҳам қўйган эди. «Олим» таръякнинг ҳар бир килоси нархини 5 минг АҚШ доллари миқдорида белгилаган бўлса-да, ҳисоб-китоб «мол» Хоразмга етиб бориб, ўз харидорини топгач, амалга ошириладиган бўлди. «Олим» ўзига нисбатан шубҳа-гумон уйғонмаслиги учун биродарини «мол» ортилган ва ҳадемай йўлга чиқиши кутилаётган юк машинаси олдига ҳам бошлаб борди. Нуриддин ҳайдовчининг қўл телефони рақамини олгач ўғли Алибекка телефон қилди. Қимматбаҳо «электр печкаси» жойланган автомашина эртага тушга қолмаёқ Ур­ганч марказий буюм бозори ёнидаги автотураргоҳга кириб боришини билдириб, «мол»ни қабул қилиб олишни тайинлади.

Фарзанд отанинг сўзини икки қи­лардими? Ўғил айтилган фурсатда манзилга етиб борди. Ҳайдовчи «мол»­ни унинг қўлига тутқазди.

… Бироқ Алибек шу куни Қўшкўпирга қайт­мади. Бу ҳақдаги хабар пойтахт­даги шифохонада даволанишга ҳозирлик кўраётган Нуриддиннинг қу­лоғига ҳам етиб борди. У пойтахтдан жўнатилган «мол» эгаси эмас, балки­ бегоналар қў­лига тушганини фаҳмламай қолмади. Шу ондан эътиборан Нуриддиннинг ҳаловати йўқолди, вужудини ва­ҳи­ма ва талваса эгаллади. Тунни бедор ўт­казди.

Урганч автотураргоҳида содир бўлган воқеа тафсилоти эртасига ойдинлашди. Маълум бўлишича, Алибек ҳайдовчидан отасига тегишли «мол»­ни қабул қилиб олгач, узоққа кетолмаган. Йўлни кесиб чиқан бир неча киши болакайни тўхтатиб, «мол»­нинг дараги ва ҳақиқий эгасинни сўраган. Бола ўз билганларини оқизмай-томизмай айтиб берган. Чегарадан хуфя тарз­да олиб ўтилган ва мамлакатимиз пойтахти орқали 11 та бў­лакка жойланган ҳолда Хоразмга элтиб берилган «таръяк»ка болакайнинг дахли йўқлиги шу аснода маълум бўлган. Вояга етмаган Алибек эртасигаёқ уйига қўйиб юборилган.

Нуриддин бари юмуш-у ташвишларини бир четга суриб, Қўшкўпирга — туғилиб ўсган қишлоғи Оқдарбандга қайтган ва дарров тегишли ҳуқуқ тартибот маҳкамасига етиб борган.

Тергов жараёнида асосий гумондор сифатида сўроқ қилинган Н. Матёқубов айбига қисман иқрорлик билдирди. Пойтахтга боргани ва асли тожикистонлик «Олим»дан ўта кўп миқдордаги гиёҳвандлик моддасини шахсан ўзи қабул қилиб олганини сир тутмади, уни очиқ эътироф этди. Тергов тарафни «Олим» «таръяк»нинг пулини олиш учун Хоразмга шахсан ўзи келиши ҳақида ҳам огоҳлантирди. Айни пайтда «мол»­ни қўш­ни мамлакат ҳудуди орқали контрабанда усулида олиб ўтиш билан боғлиқ жиноий киридкорга шахсан бош қўшгани ҳамда вояга етмаган бола — 2007 йили туғилган фарзанди Алибек Ҳайитбоевни жиноий қилмишга жалб қилганига оид айбловни кескин рад этди. Тергов тарафи гумондорнинг бу дастагини тайинланиши муқаррар бўлган жиноий жазодан қутулиб қолишга қаратилган уриниш сифатида баҳолади ва айбни ўз кучида қолдирди. Ашаддий қил­миш Жиноят кодексининг вояга етмаган шахс­ни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилишга доир 127-моддаси 3-қисми «а» банди, контрабандага фаол кўмаклашганликни ифодаловчи 28,246-моддаси 2-қисми ва гиёҳфурушликка ҳозирлик кўриш ҳамда уни содир этишга қасд қи­лиш­ни назарда тутувчи 25,273-модданинг 5-қисми бўйича малакаланди.

Рўй берган машъум жиноий ҳаракатнинг тафсилоти судда ойдинлашди. Кирдикор ашаддий гиёҳфурушлик мақсадида амалга оширилгани янада равшанлашди. Лекин вояга етмаган фарзандини оғир қилмишлар гирдобига тортиш, контрабандага кўмаклашиш юзасидан қўйилган айб­лар ўз тасдиғини топмади. Шу муносабат билан Жиноят кодексининг ушбу қилмишларга тааллуқли 127-моддаси 3-қис­ми, 28,246-моддаси 2-қисми бўйича тергов органи томонидан қў­йилган айб унинг зиммасидан соқит қилинди.

Судланувчи Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми бўйича 10 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Маҳкум ҳар бирининг муддати 5 йилдан кам бўлмаган жиноий жазога бундан аввал ҳам 2 марта ҳукм қилингани факти ҳам инобатга олинди. Шу боис судланувчи Жиноят кодексининг 34-моддасига биноан ўта хафли рецидивист деб топилди.

Албатта, ҳаётда ҳеч қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди.

Фақат афсусланарли томони шундаки, бу ҳақиқатни ҳамма ҳам бирдек анг­лаб етмайди. Буни Н. Матёқубов сингари қилмишидан тўғри хулоса чиқариб олмаганлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Шерзод Хўжаниёзов,

жиноят ишлари бўйича

Янгибозор тумани суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: