УВОЛ БЎЛГАН УМРЛАР

Муҳтожлик туфайли қарз олиш айб эмас. Ҳалол одамлар қарзни ҳамиша оғир юк ҳисоблашади ва ундан имкон қадар тезроқ қутулишга интилашади.

Ғиждувонлик Акмал Абдуллаев, Руслан Рустамов, Миршодбек Имомқулов, Шоҳжаҳон Рустамов, Муҳаммад Ҳусенов қарз баҳонасида оғир жи­ноят­га қўл уришди. Бунга Акмал Абдуллаевнинг Шоҳжаҳон Рус­тамовдан олган арзимас миқдордаги қарзи сабаб бўл­ди.

Гап шундаки, Шоҳжаҳон қарз­ни қайтаришни талаб қилавергач, Акмал муаммодан қутулишнинг қалтис йў­лини топди. У Шоҳжаҳонга пулдор танишини қўрқитиб, пулини тортиб олишни таклиф қил­ди.

Бу режа Шоҳжаҳонга ҳам мойдек ёқиб тушди. Шундан сўнг икковлон жиноий режа тузиб, бунга танишлари Рус­лан, Миршод, Муҳаммадни ҳам жалб этишга келишишди.

Катта миқдордаги пулнинг дарагини эшитган Руслан Рустамов ва Миршодбек Имом­қулов таклифни дарров қабул қилди. Муҳаммад Ҳусенов рўйхушлик бермаса-да, аммо айрим масалаларда ёрдам берди.

Қисқаси, ўтган йилнинг 29 декабрь кечаси уюшган жиноий гуруҳ йўлга отланди. Жи­ноий режага мувофиқ Акмал ва Руслан уйга бостириб кириш ва уй эгаларини со­вуқ қурол билан қўрқитган ҳолда пул ва бошқа бойликларни тортиб олиш вазифасини зим­масига олди. Миршод уй олдида атрофни кузатиб туриш, хавф-хатар туғилса, ше­рикларини огоҳлантириш, Шоҳжаҳон эса, автомашинада белгиланган жойда уларни кутиб турадиган бўлди.

Юзига ниқоб тақиб, пичоқ би­лан қуролланган жиноий шериклар қўшни қишлоқлик тадбиркор Жаҳонгир Соҳибхўжаевнинг (исм-шариф ўзгартирилган) уйини қийналмай топишди.

Улар дастлаб уйни электр тармоғидан узишди. Бир зумда ҳаммаёқ зим-зиё тортди. Акмал ва Руслан уйнинг қурилиши тугалланмаган қисми­да­ги дераза орқали уй эгалари ухлаб ётган хонага бостириб киришди. Юзига ниқоб, қўлига пичоқ тутган кимсаларни кўрган хонадон эгалари қўрқувдан карахт ҳол­га тушишди. Босқинчилар уларнинг кўксига пичоқ тираб, пул ва қимматбаҳо буюмларни беришни талаб қи­лишди. Уй эгаси дағ-дағ титраганча автомашинаси юкхонасида қанчадир пул борлигини билдирди.

Автомашина юкхона очилиб, 12,5 миллион сўм нақд пул жиноятчилар қўлига ўтди. Босқинчилар бу билан чекланмади. Улар уй эгаларининг 8 миллион сўмлик иккита қўл телефонини ҳам тортиб олишди ва воқеа жойидан ғо­йиб бўлишди.

Босқинчилар ўлжага олинган пул ва буюмларни ўзаро тақсимлашаётган пайтда ўз­лари содир этган жиноятнинг тезда фош этилишини хаёлларига ҳам келтирмаган эди.

Тергов органи А. Абдуллаев, Р. Рустамов, М. Имомқулов ва Ш. Рустамовнинг жиноий ҳа­ракатини Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди асосида малакалади. Аммо суд муҳокамасида бу айблов ўзгартирилди. Аниқроғи, А. Абдуллаев ва Р. Рустамовнинг айби тергов тарафидан тўғри талқин этилган деб топилди. Бос­қинчиликда ёр­дамчи сифатида иштирок этган бўлса-да, жабр­ла­нув­чиларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солмаган, ўз жиноий шериклари то­монидан содир қилинган зўравонликда бевосита қатнашмаган М. Имомқулов ва Ш. Рустамовнинг қилмишини Жиноят кодекснинг 28,164-моддаси 3-қисмига, М. Ҳусеновнинг қилмиши эса, Жи­ноят­ кодексининг 241-моддаси 1-қисмига қайта малакаланди.

Суд А. Абдуллаев ва Р. Рустамовга 13 йил, М. Имомқуловга 11 йил, Ш. Рустамовга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бундан ташқари уларнинг зиммасига 18 миллион 141 минг сўмлик моддий зиённи қоплаш мажбурияти ҳам юклатилди. Босқинчиликка бош қўшмаса-да, уни атайлаб яширган, шу ҳақда ҳеч кимга хабар бермаган ва бунинг оқибатида машъум жиноятнинг содир бўлишига сабабчи бўлган М. Ҳусенов 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига маҳкум этилди.

Оддий ва арзимас миқдордаги қарз баҳона бошланган жиноий ҳаракат шундай якун топди. Навқирон ёшдаги тўрт нафар йигит энди умрини панжара ортида ўтказади. Бу муддат уларга жуда қимматга тушиши аниқ.

Зеро, умр — бебаҳо неъмат. Унинг уволи ҳам ғоят улкан ва аянчлидир.

Бобур Умаров,

жиноят ишлари бўйича

Ғиждувон тумани суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: