НАФС ЎПҚОНИ
Коррупция ҳар қандай жамият учун хавфли таҳдид саналади. Шу боис мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши кескин кураш олиб борилмоқда.
Мактаб — таълим-тарбия маскани. Унда билим бериш баробарида ёш авлодни ватанпарварлик, тўғрисўзлик, фидойилик ва ҳалолликка ҳам ўргатилади. Бироқ шундай қутлуғ даргоҳда жиноятга қўл урилса, муассаса шаънига доғ тушади, ўқитувчи-мураббий деган юксак обрўга путур етади.
Бешариқ туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактаби директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мавлуда Даминова (исм-шарифлар ўзгартирилган) нафс майлига алданиб, «ўқитувчи, устоз» деган шарафли номга доғ туширди.
Гап шундаки, мактабда синф раҳбари бўлган ўқитувчи Дилбар Абдумаликова ўтган йилнинг декабрь ойида таътилга чиқади. Шу боис ўқитувчи Рўзвоной Эргашева вақтинчалик синф раҳбарлигига тайинланади.
Аммо шу йилнинг апрель ойи бошларида Д. Абдумаликова ишга қайтмоқчи бўлади. Мактаб директори ўқув йили якунига етиб қолгани сабабли Дилбарга уйда ўтириб туришни маслаҳат беради.
Шундан сўнг Р. Эргашева М. Даминовага учрашиб, ёрдам сўрайди.
— Бошқаларнинг ўрнига вақтинча синф раҳбарлик қилишдан чарчадим. Шунинг учун янги ўқув йилидан менга синф раҳбарлигини олиб берсангиз, — дея илтимос қилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, синф раҳбарлиги учун ўқитувчига қўшимча иш ҳақи ва устамалар тўланади. Буни яхши билган Маъмура вазиятдан «унумли» фойдаланиб қолмоқчи бўлади.
— Синф раҳбарлиги ўз-ўзидан берилмайди. «Харажат»дан қочмасангиз, ишингиз тезда ҳал бўлади, — дейди директор ўринбосари очиқдан-очиқ.
— Менинг оилавий шароитимни яхши биласиз. Шунинг учун бу ишни бепул ҳал қилиб берсангиз, — дея илтимос қилади Р.Эргашева.
Аммо директор ўринбосари синф раҳбарлигини олиш учун беш юз минг сўм беришни талаб этади. Р. Эргашева бу хатти-ҳаракат қонунга зид бўлгани учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Бешариқ тумани бўлимига ариза билан мурожаат қилади.
Ушбу ариза асосида директор ўринбосари ўз хонасида Р. Эргашевадан беш юз минг сўмни пора тариқасида олаётган пайтда қўлга олинади.
Бу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлар ўтказилади.
Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бешариқ тумани судида кўриб чиқилди. Суд М. Даминовани Жиноят кодексининг 168-моддаси ва 28,211-моддаси 1-қисмига асосан айбдор деб топди ва унга нисбатан қонуний жазо тайинлади.
Олий Суд Пленумининг 2020 йил 19 декабрдаги «Жиноят сабаблари ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш бўйича судлар ролини ошириш тўғрисида»ги қарори 7-бандида «Судлар жиноят сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўришга доир қонун талабини бажаришда иш бўйича аниқланган ва жиноят содир этилишига олиб келган муайян ҳолатларни хусусий ажримда кўрсатишлари лозим. Хусусий ажримда аниқланган камчилик ва хатоликлар моҳияти баён этилади, шунингдек, улар билан содир этилган жиноят ёки бошқа ҳуқуқбузарлик ўртасидаги сабабий боғланиш кўрсатилади ва уларни бартатаф этиш учун зарур чоралар кўриш тавсия этилади», деб белгиланган. Суд ушбу раҳбарий кўрсатмага амал қилган ҳолда келгусида тумандаги мактаблар мансабдор шахслари томонидан жиноят содир этилишининг олдини олиш ва ҳуқуқий тарғибот мақсадида хусусий ажрим чиқариб, Бешариқ тумани халқ таълими бўлимига юборди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, жамиятни емирувчи коррупция жиноятига қарши кураш ҳар бир кишининг фуқаролик бурчи ҳисобланади. Нафс домига тушиб, оғир жиноятга қўл урган кимсаларни жамоатчилик ёрдамида фош этиш коррупцияни жиловлашда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис жамиятимиз аъзоларида коррупцияга нисбатан муросасизлик кайфиятини шакллантириш долзарб вазифадир.
Фурқатжон СОБИРОВ,
жиноят ишлари бўйича
Бешариқ тумани суди раиси
Фикр қолдириш