МУЛК ҲУҚУҚИНИНГ ЯНГИ КАФОЛАТЛАРИ
Президентимизнинг шу йил 24 августдаги «Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони мулк ҳуқуқини кафолатлаш ва мулкдорларга янада қулайлик яратиш борасида муҳим қадам бўлди.
Ушбу Фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб фуқаролар, тадбиркорларнинг ўз мулкига эгалик қилиш ва ундан фойдаланишига тўсқинлик қилаётган бир қатор тартиблар бекор қилинди. Жумладан, ерга бўлган ҳуқуқлардан фойдаланишда, ерга бўлган ҳуқуқнинг вужудга келишига асос бўлган ҳужжатларни бекор қилиш орқали ерга бўлган ҳуқуқни тугатишга оид ҳужжатлар фақат суд томонидан бекор қилинади ёки ҳақиқий эмас, деб топилади. Бу орқали ҳокимларнинг ер майдонини олиб қўйиш ҳуқуқи чекланмоқда.
Энг муҳими, эндиликда прокурорлар ҳам мулкий ҳуқуқларни протест орқали бекор қилдира олмайди. Агар ҳужжат қонунга хилоф равишда қабул қилинган бўлса, фақат суд томонидан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.
Маъмурий судларда кўрилган ишлар таҳлили шуни кўрсатадики, ерга эгалик ҳуқуқига тегишли ҳужжатларни бекор қилишда туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан бир қатор амалдаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.
Масалан, аризачи — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил «ГҚМ» масъулияти чекланган жамияти манфаатини кўзлаб, судга мурожаат қилган, Унда Б. тумани ҳокимининг 2021 йил 12 январдаги қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш сўралган.
Биринчи инстанция судининг 2021 йил 10 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво аризаси қаноатлантирилган.
Иш ҳужжатларидан кўринишича, туман ҳокимининг 2009 йил 19 ноябрдаги қарорига асосан «Н.» маҳалла фуқаролар йиғини, «Ю.» қишлоғида жойлашган 2,5 гектар ер майдони «ГҚМ» масъулияти чекланган жамиятига ўрмон дарахтлари экиш ва ободонлаштириш учун ажратилган. Туман ҳокимининг 2010 йил 19 ноябрдаги қарорига асосан ушбу ер майдонида замонавий коттеж типидаги дам олиш маскани қурилишини лойиҳалаштиришга рухсат берилган. 2020 йил 30 декабрда туман прокурори томонидан туман ҳокимининг 2009 йил 19 ноябрдаги ва 2010 йил 19 ноябрдаги қарорларини бекор қилиш ҳақида протест киритилган.Туман ҳокимининг 2021 йил 11 январдаги қарори билан туман прокурорининг протести қаноатлантирилган.
Аммо Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Вакил ушбу қарордан норози бўлиб, «ГҚМ» масъулияти чекланган жамияти манфаатини кўзлаб, судга ариза билан мурожаат қилган.
Биринчи инстанция суди арз қилинган талабларни муҳокама этиб, туман ҳокими томонидан қарор қабул қилишда Ер кодексининг 36, 38-моддалари талаблари бузилган, деган хулосага келган ва ушбу қарорни ҳақиқий эмас, деб топган.
Бундан ташқари биринчи инстанция суди аризани қаноатлантириш ҳақида хулосага келишда туман ҳокимлиги томонидан «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун талаблари ҳам қўпол равишда бузилганини аниқлаган.
Апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларга тўғри баҳо берилиб, моддий ҳуқуқ нормалари тўғри талқин қилингани сабабли, ҳал қилув қарорини ўз кучида қолдирган.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Президентимиз Фармонига кўра, ердан ихтиёрий воз кечишни ҳукумат ёки ҳокимлик қарорлари билан расмийлаштиришда ҳоким томонидан қарор қабул қилиш талаби бекор қилинмоқда. Бунда ихтиёрий воз кечиш тўғрисидаги ариза нотариал тартибда тасдиқланиши шарт. Ана шунда у ерга бўлган ҳуқуқни бекор қилишга асос бўлиб ҳисобланади.
Бундан ташқари Фармон талабига кўра, юридик шахс тугатилиши билан унинг ерига бўлган ҳуқуқлари юридик шахснинг муассисларига ўтади. Ерни жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда давлатнинг бошқа кўчмас мулки (кўп квартирали уйлардаги турар жой) ҳам компенсация сифатида берилиши мумкин.
Шунингдек, Президентимиз Фармонига мувофиқ энди мансабдор шахслар ва давлат хизматчиларининг қуйидаги ҳаракатлари хусусий мулк ҳуқуқини эркин амалга оширишга аралашиш ва дахлсизлигини бузиш деб ҳисобланади ҳамда бунинг учун жиноий жавобгарликка тортишгача бўлган жазо чоралар қўлланилади:
– мулкка эркин эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этишни чеклаш, тақиқ қўйиш, мулкий ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишни асоссиз рад этиш, мулкдор ёки унинг мулкий ҳуқуқларига таъсир ўтказиш;
– мулкдорнинг хўжалик фаолиятига ёки мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинадиган ҳосил ва маҳсулотни реализация қилиш ҳамда даромадларни тасарруф этишга аралашиш;
– хусусий мулк объекти ва у жойлашган ҳудудга мулкдор рухсатисиз кириш;
– мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш, фойдаланишга бериш ёки тасарруф этишга аралашиш, бу борада ҳуқуқий ҳужжат қабул қилиш;
– мулкдорга унинг ихтиёрига зид тарзда мол-мулки билан боғлиқ ижтимоий, иқтисодий ёки бошқа давлат ва жамоатчилик вазифаларини юклаш ёхуд номақбул шартларни қўйиш;
– мол-мулкдан мулкдорнинг розилигисиз ва тегишли ҳақ тўламасдан фойдаланиш;
– мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланишга оид маълумотларни сўраш ёки бундай маълумотлардан мулкдорнинг рухсатисиз фойдаланиш;
– мулк ва мулкий ҳуқуқлардан суд қарорисиз маҳрум этиш ёки мулкдорга улардан воз кечишга қаратилган мажбурлов чоралар қўллаш, тазйиқ ўтказиш ёхуд мол-мулкни тасарруф этишга доир асоссиз талабларни қўйиш.
Ушбу Фармоннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, эндиликда гумон қилинувчи ва айбланувчининг мулкий ҳуқуқларига нисбатан «Хабеас корпус» институти кенг жорий этилади. Бунда cуриштирувчи ва терговчининг мол-мулкни хатлаш билан боғлиқ қарорлари кўриб чиқиш учун судга киритилади.
Мулк ҳуқуқи билан боғлиқ яна бир муҳим ўзгариш шундан иборатки, эндиликда давлат органлари ва ташкилотларини давлат божини тўлашдан озод қилиш ҳолатлар қисқартирилади. Хусусан, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунда маъмурий, иқтисодий ва фуқаролик судларига ариза билан мурожаат қилишда давлат божи тўлашдан озод қилинган 20 дан ортиқ давлат идоралари ва ташкилотлари рўйхати кўрсатилган. Эндиликда уларнинг сони қисқартирилиб, уларнинг етарли асоссиз судларга даъво аризалари киритишига чек қўйилади.
Бундан ташқари фуқаролик ишлари бўйича судларга мол-мулкни ўзганинг ноқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисида даъво аризаси киритган даъвогарлар (давлат органлари ва ташкилотлари бундан мустасно) давлат божини тўлашдан озод қилинади. Бунда даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, ундан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда давлат божи ундириш назарда тутилмоқда.
Яна бир муҳим янгилик шуки, 2023 йил 1 январдан Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими (UZKAD) кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри ва унга оид маълумотлар юритиладиган, маълумотларининг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона ахборот тизими сифатида эътироф этилади. Бундай ўзгартиш ва янгиликлар мулкдорларга янада қулайлик яратиши баробарида мулк ҳуқуқи кафолатларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дониёрхўжа Маҳаматов,
Фарғона вилояти
маъмурий суди раиси
Фикр қолдириш