07 май 2019
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимининг таъмагирлик қилиши, пора сўраши оқибатда нафақат ўша порахўрнинг юзи шувут бўлишига, балки у мансуб ташкилот обрўсига ва унинг касб-кори нуфузига ҳам путур етказади.
Яқинда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида навбатдаги жиноят иши кўриб чиқилди. Суд мажлиси очиқ олиб борилди. Жиноят тафсилотларини эшитган киши борки, таажжубланиши турган гап.
Гап шундаки, 2017 йил август ойида Туркия фуқароси Осмон Бозкуртга тегишли «Serbo Textile» масъулияти чекланган жамиятида 129 тонна тайёр трикотаж маҳсулоти камомади аниқланади. Дастлабки суриштирувларда бу маҳсулотлар талон-торож қилингани маълум бўлади.
Шу боис ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга берилган ариза туфайли ушбу ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек туман Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти томонидан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят иши туман прокуратураси катта терговчиси Валижон Алиевга (исм-фамилиялар ўзгартирилган) топширилади.
Одатда, терговчи жиноят-процессуал қонунчилиги талабларига асосан жиноят содир этишда айбдор бўлган шахсларни аниқлаши ва уларни жазолаш учун қонунда назарда тутилган барча чораларни кўриши керак. Буни қарангки, катта терговчи ҳақиқатни аниқлаш учун чўтал талаб қиладиганлар тоифасидан бўлиб чиқди.
Жиноят ишига гувоҳ сифатида чақирилган О.Бозкурт ўз таржимони билан келганидаёқ терговчи қабиҳ режасини амалга оширишга киришади. Дастлаб таржимон У.Акрамовнинг уяли телефон рақамини сўраб олади. Терговчи жиноят иши бўйича жамият ходимларини у орқали чақириб туради. Шу тарзда икковлон ўзаро гаплашиб, яқин муносабатда бўлиб қолишади. Аслида В.Алиевга мана шундай илиқ муносабат керак эди.
Терговчи О.Бозкуртга тегишли яна бир корхона, яъни «Bf Textile Produktion» масъулияти чекланган жамияти фаолияти юзасидан ҳам тафтиш ўтказишни бошлайди. Шу муносабат билан 2017 йилнинг октябрь ойи охирида таржимонни ўз хизмат хонасига чақиради.
— Фабрикаларинга тегинмасак, айтмоқчиманки, фабрикадагиларнинг айбини топсак, жарима қилмаймиз, зарарни тўлиқ ундириб берамиз. Лекин хизмати бор. Ортиқча гап-сўз бўлмайдими? — деб таржимонга мақсадини дангал айтади-қўяди.
— Хўп-хўп тушундим, бизга нима хизмат? — дейди таржимон бундай очиқ гапни кутмаганидан бироз довдираб.
Терговчи унга уч бармоғини кўрсатиб, 30 минг АҚШ доллари беришини тушунтиради. Таржимон чўтал ҳақидаги хабарни таъсисчи О.Бозкуртга етказади.
Буни эшитиб, табиийки, хорижлик инвесторнинг жаҳли чиқади. Лекин агар «ўғриларни топиб бериб, ҳаммасини қонуний ҳал қилса, зарарни ундириб берса, майли, айтганини берамиз» деган ўй билан пулни бир неча кунда тахт қилиб беришини айтади. Бу орада терговчи таржимонга бир неча маротаба қўнғироқ қилиб, пулни тезроқ етказишини талаб қилади.
Тез орада айтилган маблағ етказилади. Муллажирингни қўлга киритганидан кайфияти чоғ бўлган терговчи таржимонга жиноят иши бўйича корхонанинг бошқа фаолиятига кўз юмишини, камомад бўйича айбдорни беш кун ичида топиб, жазога тортишини маълум қилади.
Бир неча кундан сўнг терговчи яна таржимонга қўнғироқ қилиб, Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида жамиятдан сотилган тўқимачилик маҳсулотлари аниқланганини айтади. Корхона мутахассислари билан биргаликда ўша жойга бориб келиш зарурлигини тушунтиради. Икки нафар ходим терговчи билан бирга Учкўприк туманига етиб боради. У ерда топилган маҳсулотларни кўздан кечириб, омборга топшириб келишади.
Қарасаки, терговчидан ҳамма мамнун, барча ишлар ваъда бўйича кетаяпти. Бундан фойдаланган В.Алиев яна таржимонга «ёрилади». Унга яқинда тўйи бўлаётганини, 5 минг доллар зарурлигини айтади.
— Бунча пулни қаердан оламан? Ахир, яқинда О.Бозкурт керакли пулни бериб бўлди-ку?!
— Ўзингиз бериб тура қолинг, кейин иш бўйича келишиб кетамиз, — деб қўярда-қўймай талаб қилади терговчи.
Чорасиз қолган таржимон бу ҳақда О.Бозкуртга айтади. Ҳар ҳолда, О.Бозкуртнинг ҳам сўралган маблағни беришдан бошқа иложи қолмайди.
Айни чоғда, орадан вақт ўтган сари терговчи жуда суст ҳаракат қилаётгани хорижлик инвесторнинг норозилигига сабаб бўлади. О.Бозкурт таржимонга ҳали ҳам асосий айбланувчилар топилмагани учун жаҳли чиқаётганини билдиради. Терговчи ваъдасини унутганини, шунинг учун камомадни қоплаш чоралари кўрилмагани, айбдор шахслар аниқланмаганини айтади. Терговчи билан жиддийроқ гаплашиш учун уни чақиртиришни талаб қилади.
Шундан сўнг В.Алиев, О.Бозкурт ва У.Акрамов учрашишади. Шунда терговчи таржимонга қараб:
— Хўжайининга тушунтир, озроқ кутиб турсин, ваҳимага асос йўқ. Айбдорни тез кунда қамоққа оламан.
Бироқ терговчи жиноят иши бўйича аниқланган зарарни тўлиқ ундирмай, қолаверса, жиноят иши бўйича фақатгина 3 нафар шахсни айблаб, асосий айбланувчиларга чора кўрмай, ишни судга юборади. Аммо суд томонидан жиноят иши қўшимча терговга қайтарилади.
Шунда терговни яна В.Алиев давом эттиради. Ва яна «эски ҳунари»ни бошлайди.
Жабрланувчига «Тўйда қарз бўлиб қолдим, 15 минг доллар берсангиз, барча жиноятчиларни топиб, етказилган зарарни тўлиқ ундириб бераман» деб ваъда беради. О.Бозкурт ёнидан 7 минг 500 АҚШ доллари чиқариб унга тутқазади.
Шундай қилиб, терговчи В.Алиев хорижий инвестор О.Бозкуртнинг жами 47 минг 300 доллари миқдоридаги пулини шилиб олади. Лекин дўпписи тор келган терговчи ваъдасини бажара олмайди. Унинг қуруқ ваъда билан алдаб юрганини тушунган жабрланувчи охир-оқибат ҳуқуқ-тартибот органига мурожаат қилади.
Қиссадан ҳисса шуки, охир-оқибат судланувчига айланган катта терговчи ҳуқуқ соҳасида муайян назарий билим ва амалий тажрибага эга. Яъни, қинғир қадам қаерга олиб боришини жуда яхши билган. Билиб туриб, шу йўлдан қайтмагани учун муносиб жазосини олди. Мана, энди у 15 йил сим деворлар ортида ўтириб, хулоса чиқаришига тўғри келади.
Аммо масаланинг бошқа томони ҳам борлигини унутмайлик. Собиқ ҳуқуқ муҳофазачиси ўзининг бу қилмиши билан тадбиркорнинг йўлига ғов бўлди, бунинг устига мамлакатимиздаги инвестициялар жозибадорлиги муҳитига соя солди. Бундай ташвишли ҳолларга йўл қўймаслигимиз керак.
Ориф ҚЛИЧЕВ,
жиноят ишлари бўйича
Тошкент шаҳар судининг судьяси
“Куч адолатда” газетаси, 3 май.
Фикр қолдириш