БЕПУЛ ТИББИЙ КЎРИК СУД ҚАРОРИДАН СЎНГ АМАЛГА ОШИРИЛАДИГАН БЎЛДИ
Кейинги йилларда Президентимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда мактабгача таълим муассасалари ходимлари учун бир қатор имтиёз ва қулайликлар яратилмоқда.
Аммо айрим ташкилотлар мактабгача таълим муассасалари ходимларининг ҳуқуқларига риоя этмаётгани судларга даъво аризалари киритилишига асос бўлмоқда. Масалан, Асака туман маъмурий судига туман адлия бўлимидан 7 та ариза келиб тушгани бу фикрни тасдиқлайди. Хусусан, адлия бўлими судга тумандаги 33-мактабгача таълим муассасаси ходимлари манфаатини кўзлаб мурожаат қилган.
Аниқланишича, Асака туман тиббиёт бирлашмаси ва туман давлат санитария эпидемиология назорат маркази мутасаддилари 33-мактабгача таълим муассасасида фаолият юритадиган Д. Жумабоева, С. Ҳолиқова, М. Турғунова, Д. Умарова, М. Охунжонова, Ш. Комилова ва М. Қурбонқуловани бепул тиббий кўрикдан ўтказишни рад этган.
Шундан сўнг туман адлия бўлими ўз ваколати доирасида судга мурожаат қилган.
Айтиш керакки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги «Мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида мактабгача таълим ташкилотининг штатдаги ходимлари соғлиқни сақлаш муассасаларида белгиланган тартибда бепул тиббий текширувдан ўтказилиши белгиланган. Мазкур имтиёзни қўлламаслик эса, инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади.
Бинобарин, 2019 йил 23 сентябрь куни Асака туман адлия бўлими томонидан юқоридаги қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш юзасидан туман Давлат санитария эпидемиология назорат маркази ва туман тиббиёт бирлашмасига тақдимнома киритилди. Бироқ Асака туман давлат санитария эпидемиология назорат маркази Меҳнат кодексининг 214-моддасига мувофиқ, ходимларни дастлабки ва вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтиб туришини ташкиллаштириш иш берувчи зиммасига юклатилгани, лекин бугунги кунга қадар юқоридаги ташкилий ишлар ва тиббий кўрикдан ўтиш харажатларини қоплаш ишлари мактабгача таълим бўлими ёки ташкилотлар томонидан ташкиллаштирилмагани ҳамда тўловлар қопланмагани сабабли, ходимларнинг шахсий маблағи ҳисобида амалга оширилаётганини маълум қилган. Асака туман тиббиёт бирлашмаси эса, туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида ташкил этилган хўжалик ҳисобидаги тиббий кўрик комиссияси томонидан дектерив контигентларни дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказилиши белгиланган тартибда шартнома асосида пуллик амалга оширилишини билдирган. Шу боис, туман адлия бўлими судга мурожаат қилган.
Маълумки, Меҳнат кодексининг «Тиббий кўрик» деб номланган 214-моддасида иш берувчи меҳнат шартномаси тузиш чоғида дастлабки тарзда ва кейинчалик (иш давомида) умумтаълим мактаблари, мактабгача тарбия ва бошқа муассасаларнинг бевосита болаларга таълим ва тарбия бериш билан машғул бўлган педагог ва бошқа ходимларини вақти-вақти билан тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил қилиши шартлиги, тиббий кўриклардан ўтиши муносабати билан ходимлар чиқимдор бўлмаслиги қайд этилган. Бундан кўриниб турибдики, иш берувчи ўз ходимларини тиббий кўрикдан ўтишини фақат ва фақат ташкиллаштиради, холос. Яъни ушбу муассаса раҳбари ёки иш берувчи буйруқ ёки белгиланган жадвал асосида ходимларини тиббий кўрикдан ўтишини ташкиллаштиради. Зеро, кодексда ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш шартнома асосида ёки пуллик хизмат кўрсатиш тартибида амалга оширилиши назарда тутилмаган. Шу боис, Асака туман маъмурий суди туман давлат санитария эпидемиология назорат маркази ва туман тиббиёт бирлашмаси зиммасига 33-сонли мактабгача таълим ташкилотининг штатдаги ходимларини белгиланган тартибда бепул тиббий кўрикдан ўтказиш мажбуриятини юклаш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Кези келганда шуни айтиш лозимки, амалдаги қонунлар талабига биноан, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг буйруқлари ҳамда қарорлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Президент фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қабул қилинади. Шундай экан, ҳар бир соҳанинг масъул ходимлари ўз тизимларига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини чуқур англаб етиши шарт. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш билан бирга турли хил оворагарчилик ва сансалорликларнинг олдини олади.
Баҳром БЕРДИЕВ,
Асака тумани маъмурий
судининг раиси
Фикр қолдириш