ЖАҲЛДОР МЕЗБОН САЛКАМ БЕШ МИЛЛИОН СЎМ ЖАРИМА ТЎЛАДИ
Халқимиз эшикдан келган меҳмонни атойи худо дея ҳурмат кўрсатади, унинг кўнглини олишга ҳаракат қилади.
Ўтган йилнинг 3 ноябрь куни Оқдарё туманининг Қирқдархон қишлоғида яшовчи Шаҳзод Эргашев (исм-шарифлар ўзгартирилди) ота-боболаримиздан ўтиб келаётган ана шу қутлуғ одатга хилоф иш тутди. У уйига келган Достон Ражабов ва унинг онаси Майсара ўофуровани аввал куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлади, сўнгра уриб, тан жароҳати етказди.
Эҳтимол, сиз «қарс» бир қўлдан чиқмайди, ўртада бирон-бир келишмовчилик бордирки, Шаҳзод мезбонлик одатини четга суриб қўйиб, она-ўғилни шаъни ва қадр-қимматини камситган, уларни ҳақоратлаб, тан жароҳати етказган бўлса керак, деб ўйлашингиз табиий.
Ҳақиқатан ҳам, ўртада келишмовчилик бўлган. Бунга ҳам ўз навбатида, ҳуқуқбузар Ш. Эргашевнинг ўзи сабабчи. Гап шундаки, Шаҳзод бундан бироз олдинроқ Достон Ражабовдан «сенга ер олиб бераман» дея пул олган.
Афсуски, у сўзининг устидан чиқмаган. Жабрланувчи Д. Ражабов пулни қайтаришини сўраб, Шаҳзодга кўп марта учрашган. Охири унинг уйига жабрланувчи, яъни онаси М. Ғофурова билан бирга келишга мажбур бўлган.
— Ер олиб беролмаганимдан сўнг пулини қайтаришимни айтгандим, — деди суд мажлисида сўралган ҳуқуқбузар Ш. Эргашев. — Улар яна уйимга келгач, пул устида жанжаллашиб қолдик. Жаҳл устида Достон билан Майсара опани ҳақоратладим, уларни уриб, тан жароҳати етказдим, қилмишимдан пушаймонман.
Самарқанд вилояти суд тиббий экспертиза бўлимининг 210 ва 212-сонли хулосаларида фуқаролар Д. Ражабов ва М. Ғофурованинг танасида жароҳатлар мавжуд бўлиб, улар «енгил тан жароҳатлари» гуруҳига кириши қайд этилган.
Суд ушбу маъмурий ишни мазмунан кўриш жараёнида ҳуқуқбузар Ш. Эргашевнинг Д. Ражабов ва М. Ғофуровани ҳақорат қилиб, шаънини қасддан камситиб, уларни уриб, тан жароҳати етказишда ифодаланган хатти-ҳаракатлари маъмурий иш ҳужжатларида мавжуд далиллар ва бошқа ҳужжатлар билан ўз тасдиғини топди, деган тўхтамга келди.
Суд ҳуқуқбузарга нисбатан жазо тайинлашда оилавий шароити, моддий аҳволи, шахси, жабрланувчиларнинг даъвоси борлиги, ўзаро ярашмаганини инобатга олди.
Суд Ш. Эргашевга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси ва 52-моддаси 2-қисми санкциясида назарда тутилган жарима жазоси тайинлаб, кодекснинг 34-моддаси тартибида тайинланган жазоларни енгилини оғири билан қоплаш йўли орқали базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма икки баравари, яъни 4 миллион 906 минг сўм жарима жазоси тайинлади.
Баён этилган воқеа кимларгадир сабоқ бўлишини истардик. Чунки ҳар қандай ҳолатда оғир-вазмин, мулоҳазали, ширинсўз, муомалали бўлиш асло зиён қилмайди.
Илёс ДОНИЁРОВ,
жиноят ишлари бўйича Оқдарё тумани суди раиси
Фикр қолдириш