ҚАРОР ТОПГАН АДОЛАТ ОНА-БОЛА ҲАЁТИДА ЎЗГАРИШ ЯСАДИ

Миллий қонунчилигимизда халқимизга хос бўлган одиллик ва инсонпарварлик каби эзгу тамойиллар ўзининг теран ифодасини топган. Бу эса, инсон ҳукуқ ва манфаатларини самарали таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шу ўринда ҳаётий мисолга мурожаат этадиган бўлсак, Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи Фаёза Нуриддинова (исм-шарифлар ўзгартирилган) Акбар Комилов билан 2019 йил 5 декабрда қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурди. Аммо ёш оиланинг ҳаёти рисоладагидек бир текис кечмади.

Орадан икки йил ўтиб, улар фарзандли бўлишди. Бироқ эр-хотин ўзаро муросага келиш, тинч-тотув турмуш кечириш ҳақида ўйлаб кўрмади.

Аксинча, турли гап-сўзлар авж олиб, ўртадаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат йўқолди. Энг ёмони, кўпни кўрган қайнота ва қайнона ҳам ёшларни инсофга чақириб, муросага келтириш ўрнига келинни уйдан ҳайдаб чиқариш пайида бўлди. Қисқаси, қавму қариндош ва маҳалла кайвонилари ҳам бу оилани муросою мадорага келтира олмади. Охир-оқибатда Фаёза Нуриддинова фарзанди билан ота хонадонига қайтиб келишга мажбур бўлди.

Шундан сўнг Ф. Нуриддинова фарзандининг келажагини ўйлаб, оиласини пароканда қилмаслик ниятида яшаш уйига киритиб қўйиш, турмуш ўртоғи билан ярашиб, оилавий ҳаётни давом эттиришга жавобгарларнинг тўсқинлик қилмаслигини сўраб, судга даъво аризаси киритди.

— Мен ҳеч қачон оиламдан ажралиб, отам уйида яшайман, деб турмуш қурмаганман, — деди суд муҳокамасида Ф. Нуриддинова. — Аммо умр йўлдошим уйдагиларининг йўриғига юриб, мен билан муттасил низога бориши, қолаверса, ўртамиздаги можароларга қайнота-қайнонам ҳамда қайнсингилларимнинг ҳеч сабабсиз аралашувлари шу ҳолатга олиб келди. Улар ҳанузга қадар ҳам ўзлари яшаб турган ҳовли-жойга фарзандим билан кириб яшашим учун қаршилик қилиб келмоқда.

Ф. Нуриддинованинг гапида жон бор, албатта. Чунки агар бошқа жиддий сабаб бўлмаса, у шу хонадоннинг тенг ҳуқуқли аъзоси ҳисобланади.

Хусусан, Уй-жой кодексининг 32-моддаси 1-қисмига кўра, уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек, у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилмаган бўлса, уйдаги, квартирадаги хоналардан тенг фойдаланишга, улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритиши баробарида бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларини тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Ушбу қонун талабларидан келиб чиққан ҳолда суд Ф. Нуриддинованинг уй-жойга мажбуран киритиш тўғрисидаги даъво аризасини қаноатлантирди.

Эндиликда она-бола ўз уйида эмин-эркин яшаши мумкин. Бу қонунчилигимизда инсон ҳуқуқлари кафолатланганидан далолатдир.

Бахтиёр ФАРМОНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича

Шаҳрисабз туманлараро

суди раиси,

Абдунаби БОБОЁРОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: