МИСИ ЧИҚҚАН ФИРИБГАР

Фирибгарлар шундай устамон, гапга чечан бўладики, баъзан киши улар қўйган тузоққа қандай илинганини ҳам билмай қолади. Бу тоифадаги кимсалар жабрланувчилар-нинг ишончини қозониш учун ҳар қандай ҳийла-найрангдан тап тортмайди. Зоминлик Оғабек Келдибеков (исм-шарифлар ўзгартирилган) шундайлардан бири.

Шуни таъкидлаш лозимки, айни пайтгача Оғабек фирибгарлиги туфайли «бор-йўғи» ўн маротаба судланган. Сўнгги маротаба жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судининг 2014 йил 26 майдаги ҳукмига асосан 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қи­линган. Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2020 йил 24 августдаги ажримига биноан жазо тури ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти 7 йил 8 ой 2 кун муддатга аҳлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган. Жорий йилнинг 23 март куни эса, унга худди шундай жинояти учун ўн биринчи маротаба қонуний жазо тайинланди.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хўш, бу гал Оғабек кимларни чув туширди?

Бу саволга жавобан шуни айтиш керакки, бу гал у О. Келдибеков Жамолиддин Қурбоновга фириб берди. Ҳайратланарлиси шундаки, у 2019 йилда жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаётган пайтда фирибгарликка қўл урди. У Жамолиддиннинг автомашина олиш ниятида юрганидан хабар топиб, унга қўнғироқ қилади.

— Мен «Малибу» русумли ав­томашинамни сотмоқчиман. Олсангиз, ютқазмайсиз. Чунки ҳали деярли юрмаган, — дея у Ж. Қурбоновни аврайди. — Аввал пулнинг бир қисмини берасиз. Қолганини эса, оз-оздан узаверасиз.

Унинг таклифи Жамолиддинга жуда маъқул келади. Шу боис у гўёки Оғабекни кўргани борган киши бўлиб, жазони ижро этиш муассасаси олдида унга 10 минг АҚШ долларини беради. Бироқ шундан кейин О. Келдибеков берган ваъдасини унутиб, автомашинани Жамолиддиннинг номига ўтказиб бермайди. Олган пулни эса, шахсий манфаати учун сарфлаб юборади.

Буни қарангки, 2020 йил 24 август куни озодликдан маҳрум қилиш жазоси аҳлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилиб, озодликка чиққач, О. Келдибеков яна «эски ҳу­нар»­ини давом эттиради. Бу гал у бир гуруҳ шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, «Camel Trans Servis» масъулияти чекланган жамияти директори Улуғбек Аҳмедовнинг маблағини қўлга киритиш пайига тушади.

У. Аҳмедов «Tropic Karavan» масъулияти чекланган жа­мия­ти орқали хорижий мамлакатлардан банан маҳсулотларини келтириб сотиш билан шуғулланаётган эди. Нав­батдаги 600 тонна банан маҳсулотини эса, Улуғбек 2020 йил 22 ноябрь куни Эквадор давлатидан олиб келиб, божхона тўловларини тўлагунга қадар ўзининг «Camel Trans Servis» масъулияти чекланган жа­мия­ти омборхонасида сақлаб туради. Ана шу кезларда тадбиркор маҳаллий бозорларда «Барака холдинг» масъулияти чекланган жа­мия­ти банан маҳсулотларини анча арзон нархда сотаётганидан хабар топади. Шу сабабли ўзи ҳам келгусида маҳсулот таннархи арзонлашишини ўйлаган ҳолда айнан «Барака холдинг» масъулияти чекланган жа­мия­ти билан ҳамкорлик қилишни режалаштиради. Бу хусусда таниш-билишларидан йўл-йўриқ сўрайди. Шунда Улуғбекнинг мақсадидан хабар топган Оғабек уни Миробод туманидаги «Королина» қаҳ­вахонаси ёнига таклиф қилади.

— Муаммони «Барака холдинг» орқали ҳал қилиб бераман. Ҳозирча ўн минг АҚШ доллари берасиз. Ишингиз юришиб кетгач, мени унутиб қўй­­масангиз бўлди, — деб шарт қўяди Оғабек.

Улуғбек Аҳмедовдан 10 минг АҚШ долларини осонгина қўлга киритгач, Оғабек орадан бир ҳафта ўтиб, яна 10 минг АҚШ доллари беришни лозимлигини айтади. Улуғбек «ҳожатбарор»нинг бу талабини ҳам бажарса-да, иши битмайди. Оға­бек ҳар хил баҳоналар билан уни алдашда давом этавергач, У. Аҳмедов 2020 йил 1 декабрь куни О. Келдибековга қонуний чора кўриш ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага ариза билан мурожаат қилади. Шундан сўнг унга нисбатан жиноят иши қўз­ғатилади.

Ушбу жиноят иши суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд О. Келдибековга тайинланган жазоларни қисман қўшиш орқали узил-кесил базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз баравари миқдорида жарима ҳамда 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шу билан бирга у ўта хавфли рецидивист деб топилди. Энди у озодликдан маҳрум қилиш жазосини махсус тартибли колонияларда ўтайди.

Хулоса ўрнида шуни таассуф билан таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда фирибгарлик жинояти сони ортиб бормоқда. Ачинарлиси шундаки, аксарият ҳолларда бу жиноятни муқаддам айни жинояга қўл уриб судланганлар содир этмоқда. Айрим юртдошларимизнинг соддадиллиги ва ишонувчанлиги эса, улар жуда қўл келмоқда. Айниқса, жабрланувчиларнинг фирибгар пул ёки мол-мулк талаб этгандаёқ тегишли идораларга мурожаат қилмай, чув тушгандан кейингина «дод» дейиши ҳар қандай кишининг дилини хира қилади. Шундай экан, юртдошларимизга олдиндан танимаган-билмаган, синовдан ўтмаган кимса билан мулоқот қилмасликни маслаҳат берган бўлардик.

Баҳромжон БЕРДИЕВ,

жиноят ишлари бўйича

Мирзо Улуғбек тумани суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: