КРЕДИТ “ОПЕРАЦИЯ”СИ ОХИР-ОҚИБАТ ФОШ ЭТИЛДИ
Ўтган йилнинг январь ойи эди. Учкўприк туманида яшовчи Музаффаржон Алиев фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судидан келган чақирув қоғозга кўзи тушиб, ҳайрон бўлди. “Тинчликмикин? Мен ҳеч ким билан судлашмаётгандим” — дея хаёлидан ўтказди. Эртаси куни эса, нима гап эканини билиш мақсадида судга борди.
— “Агробанк”нинг Учкўприк тумани филиалидан кредит олган экансиз. Шуни тўламаганингиз учун банк бошқа қарздорлар қатори сизга нисбатан ҳам даъво ариза киритган, — дея тушунтирди судья ёрдамчиси.
— Қанақасига? Мен ҳеч қандай кредит олмаганман, — деди М. Алиев таажжубланиб.
— Буни банк филиалидан суриштирасиз, — деди судья ёрдамчиси.
М. Алиев суд биносидан чиқар экан, бундан икки йил аввал – 2020 йил баҳор ойларида банкдан кредит олиш мақсадида якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтгани ёдига тушди. Аммо ўшанда банкка кредит сўраб мурожаат қилмаган эди.
Ҳа, дарвоқе, у 2020 йил апрель ойида айланма маблағ учун кредит олиш режасини тумандаги томорқа хизматини ривожлантиришга масъул бўлган ташкилот раҳбари Шариф Раҳимов (исм-шарифлар ўзгартирилган)га айтганди. Аммо Ш. Раҳимов унга якка тартибдаги тадбиркор сифатида кредит олишни маслаҳат берганди. Шунга кўра, М. Алиев туман давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтганди. Сўнг Ш. Раҳимов кредит масаласини ўзи ҳал қилиб беришини айтиб, унинг муҳрини олиб кетганди.
Аммо орадан бир неча ой ўтса-да, кредитдан дарак бўлмаган, Ш. Раҳимов турли хил важ-карсонларни рўкач қилганди. Энди эса…
Хуллас, М. Алиев “Агробанк”нинг Учкўприк тумани филиалига келгач, ҳаммаси равшан бўлди. Ҳақиқатан ҳам, 2020 йил апрель ойида банк филиали томонидан унинг номига 55 миллион сўм кредит маблағи ажратилган ва бу маблағни Шарифжон Раҳимов олган экан. М. Алиев Ш. Раҳимовдан бу ҳақида сўраганида, у кредит маблағини ўзи олганига иқрор бўлди. Аниқроғи, ўшанда у маблағни шахсий эҳтиёжларига сарфлаб, ўзлаштириб юборган, аммо кредит учун ҳисобланган фоизларни ҳам, асосий қарзни ҳам тўлашни хаёлига келтирмаган.
Буёғини сўрасангиз, нафс измига кирган Ш. Раҳимов фақат Музаффар Алиев номига кредит олиш билан чекланмаган. Аксинча, у ҳамтовоқлари — “Агробанк”нинг Учкўприк тумани филиали оилавий тадбиркорликни кредитлаш бўлими менежери Элмурод Насимов, банк филиалининг “Нурафшон” банк хизматлари маркази менежери Асқар Йўлчиев билан бирга ўзаро тил бириктириб, Дилафрўз Низомова номига ҳам кредит расмийлаштиришади ва ўзаро талон-торож қилишади. Яъни улар расмий ҳужжатларга сохта маълумот ва ёзувлар киритиб, Д. Низомованинг имзосини қалбакилаштиришади. Сўнг ушбу сохта ҳужжатларни банкка тақдим этишади. Қарабсизки, 2019 йил 16 майда наслли қўйчиликни ривожлантириш мақсадида 3 йил муддатга, йиллик 8 фоиз устама тўлаш шарти билан 23 000 000 сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилишига эришишади. Мазкур маблағни сохта олди-сотди шартномасига асосан тумандаги “Охунбобоев томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятининг ҳисоб-рақамига ўтказиб, нақдлаштирган ҳолда талон-торож қилишади.
Бундан ташқари Асқар Йўлчиев 2021 йил апрель ойида қариндоши – ўзи ташкил этган “Учкўприк таъминотчи” МЧЖнинг расмий раҳбари (аслида жамиятни норасмий равишда ўзи бошқарган) Алишер Солиев номига ҳам имтиёзли кредит расмийлаштиради.
— Сизга тикувчилик ва чорвачиликни ривожлантириш учун кредит олиб бераман. Уйингизда тикувчилик цехи ташкил қиласиз. Чорва молларини менинг фермер хўжалигимда боқаверасиз, — дея у А. Солиевни алдайди.
— Майли, яхши бўларди, — дейди А. Солиев унинг алдовига ишониб.
Шундан сўнг А. Солиев банк филиалига бориб, кредит шартномасини имзолайди. Бироқ шартнома имзолангач, А. Йўлчиев ғирромлик йўлига ўтади. Яъни тикув машинаси эмас, фақатгина сигир олиб беришини айтади. Лекин хадеганда бундан ҳам дарак бўлмайди. Кредит олувчининг қистовига жавобан у қуруқ ваъдадан нарига ўтмайди.
Орадан олти ой ўтиб, 2021 йилнинг октябрь ойида А. Солиев номига “Агробанк”нинг туман филиалидан кредит қарзини тўлаши ҳақида огоҳлантириш хати келади. Табиийки, у огоҳлантириш хатини ўқиб, таажжубланиб қолади.
– Менга огоҳлантириш хати юборишибди. Ахир, мен кредит олганим йўқ-ку?, – деб сўрайди у А. Йўлчиевдан.
– Сиз хавотирланманг, менимча, банк ходимлари янглишиб жўнатишган, – дейди у. Аммо гап нимада эканини у аллақачон пайқайди.
Бироқ 2022 йилнинг январь ойида худди Музаффар Алиевга сингари Алишер Солиевга ҳам фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судидан чақирув қоғози келади. Шундан сўнг у Асқар Йўлчиев ўзини лақиллатиб юрганини англаб етади. Бинобарин, у А. Йўлчиевга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идорага мурожаат этади. Оқибатда А. Йўлчиев, Ш. Раҳимов ва Э. Насимовларнинг 2019 йил март ойидан 2020 йил июнь ойига қадар ўзаро жиноий тил бириктирган ҳолда бир неча нафар фуқаро ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар номига “Ҳар бир оила – тадбиркор” давлат дастури доирасида жами 256 500 000 сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағини расмийлаштириб, талон-торож қилишгани фош этилади. Шунингдек, ҳамтовоқлар номига кредит маблағи расмийлаштирилган фуқароларга тикув машиналари етказиб берилгани ҳақида сохта ҳужжатларни ҳам расмийлаштиришгани аниқланди.
Учкўприк туман ИИБ эксперт-криминалистика гуруҳининг 2022 йил 30 майдаги 39 ва 40-сонли эксперт хулосаларида номига кредит олинган фуқароларнинг имзолари қалбакилаштирилгани қайд этилган. Натижада мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилди.
Таъкидлаш жоизки, айни жиноят иши доирасида “Охунбобоев томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятининг фаолияти ҳам ўрганилди.
Буни қарангки, масъулияти чекланган жамият мансабдор шахслари қўшилган қиймат солиғи бўйича асоссиз равишда имтиёз қўллаб, жами 104 820 900 сўмлик солиқни тўлашдан қасддан бўйин товлагани, маҳсулотлар сотувидан тушган 490 950 000 сўм нақд пулни назорат-касса машинасига кирим қилмай, банкка ҳам топширмагани маълум бўлди.
Яқинда кредит билан боғлиқ жиноятларни содир этганларнинг қилмиши жиноят ишлари бўйича Учкўприк тумани судида кўриб чиқилиб, судланувчиларга қонуний жазо тайинланди.
Хулоса ўрнида айтганда, ҳаётда бировнинг ҳақи ўзгага ҳеч қачон буюрмаган. Бу ҳаёт ҳақиқати яна ўз исботини топди. Зеро, қинғирлик йўлини танлаганлар ҳамиша адашади.
Аброржон ОМОНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Учкўприк тумани суди раиси
Фикр қолдириш