МЕҲРСИЗЛИК ФОЖИАСИ ЁХУД ТОШБАҒИРЛИК ВА ИЧКИЛИКБОЗЛИК КАСРИ
Хонқалик Раҳмат Тоировнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) кенжа ўғли Жасур ичкиликбозликка берилгани боис ота-онаси ва яқинларини доимий тинчини бузиб келган.
2019 йилда икки ўртада жонсарак бўлиб келган онаси М. Болтаева вафот этгач, Жасур янада қуюшқондан чиқиб кетди. Шунда хотини Жасурни Қашқадарё вилоятида яшаётган ота-онасининг уйига боришга кўндирди.
Аммо Жасур у ерда ҳам ичкилик ичишни бас қилмади. Охир-оқибат аҳвол шу даражага етдики, хотини 2 нафар фарзанди билан ажралишга мажбур бўлди. Бу ҳолат Жасурнинг шундоғам можароли ҳаёт тарзинигина эмас, балки феъл-атворини ҳам издан чиқарди. У фермер хўжалигида ишлаб топган пулига яна ича бошлади. Бу ота-бола ўртасидаги муносабатларни янада чигаллаштирди. Ўтган йилнинг баҳорида Жасур ўзи ишлаётган фермер хўжалиги дала шийпонида яшай бошлади. Лекин вақти-вақти билан отасининг олдига келиб жанжал кўтариб турарди. Бир гал уйга келганда эшикни бегона аёл очганини кўргач, Жасур ғазаб отига минди ва отасидан бу аёл ким эканини сўради. Отаси Гўзал Содиқова (исм-шарифлар ўзгартирилган) билан шаръий никоҳ орқали турмуш қургани, у айни кезда беш яшар ўғли билан бирга уйга кўчиб келганини билдирди.
Шундан сўнг Жасур ғазабини зўрға ичига ютиб ортга қайтди. Лекин бутун борлиғини эгаллаб олган нафрат ва адоват туйғулари ҳеч ҳам босилмади.
Сўлим ёз кунларининг бирида Жасур дала шийпонда хурмача тўлгунча спиртли ичимлик ичди. Сўнг ярим кечаси ота уйининг остонасида пайдо бўлди. Ҳаддан зиёд ичган ичимлик Жасурни ақлу ҳушидан айирди. У отаси ва ўгай онаси Г. Содиқовани турли сўзлар билан ҳақорат қилишга тушди.
У отасини марҳума онасининг бевақт ўлимида айблади, ўгай онани уй-жойни эгаллаб олиш учун турмуш қурганини рўкач қилди. Бу каби тутуриқсиз маломатларга асаби дош беролмаган ота қўлидаги пиёлани ўғли томон отди. Сўнг дастурхон устидаги пичоқни олиб, унинг дасти билан ўғлининг бошига урди. Бу зарбадан Жасурнинг боши ёрилиб, афт-башараси қонга беланди. Бундан баттар қутуриб кетган ўғил кутилмаганда отасига ташланди ва уни аёвсиз дўппослашга тушди.
Кетма-кет ёғилган оғир зарбалардан ҳолдан тойган кекса ота гурсиллаб ерга йиқилди. Шовқин-суронни эшитиб, уйга келган қўшнилар «Тез ёрдам» хизматини чақиришди. Шифокорлар отани зудлик билан касалхонага жойлаштириш зарурлигини айтишади. Бироқ зўравон ўғил бунга қарши чиқди.
Лекин тонгга яқин отанинг аҳволи баттар оғирлашди. Қўшнилар яна «Тез ёрдам» хизмати шифокорларини чақиришди. Тезда етиб келган шифокорлар бу гал оғир аҳволдаги отани шифохонага олиб кетишди.
Афсуски, оғир жароҳат олган ота эртаси куни дунёдан ўтди. Шу тариқа Жасур падаркушга айланади. Оиладаги аҳилсизлик, бағритошлик ва ичкиликбозлик оқибати шундай аянчли якунланди. Отасининг қотилига айланган ўғилга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» бандига асосан жиноят иши қўзғатилди.
Олий суд Пленумининг 2007 йил 27 июндаги «Баданга қасддан шикаст етказишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори 19-бандида «Судлар шуни инобатга олишлари керакки, жабрланувчи баданига унинг ўлимига сабаб бўлган оғир шикаст етказилиши, фақат айбдорда оғир шикаст етказишга нисбатан қасд ва ўлим келиб чиқиши тариқасидаги оқибатга нисбатан эҳтиётсизлик кўринишидаги айб мавжуд бўлгандагина Жиноят кодексининг 104-моддаси учинчи қисмининг «д» банди билан квалификация қилинади» дея белгиланган.
Суд Ж. Тоировнинг оилавий ва моддий аҳволи, ёлғиз яшаши, айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини инобатга олган ҳолда 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Шу ўринда ҳақли саволлар туғилади: қотил Ж. Тоиров «падаркуш» деган тавқи лаънатдан умр бўйи қутула олармикан?
Бундай оғир саволлар ҳар қандай инсонни ларзага солиши ва чуқур мулоҳазаларга чорлаши табиий. Зеро, ҳар бир воқеа-ҳодисадан сабоқ чиқариш зарур. Бу — ҳаёт қонунидир.
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш