32 ФОИЗ ИШЛАР САЙЁР СУДЛАРДА КЎРИЛДИ

28 май 2019

Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро суди томонидан жорий йилнинг ўтган даврида (2019 йил 25 май ҳолатида) 792 та фуқаролик иши кўрилган бўлиб, шундан 257 та ёки 32,45 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилди.

 Судья адолатли ҳукм чиқариши учун аввало халқни, унинг ҳаётини, дарду ташвишларини яхши билиши керак.

dfdfdffd.png

Бунда судлар томонидан ташкил этилаётган сайёр қабул, сайёр учрашув ва сайёр суд мажлисларининг аҳамияти бениҳоя катта бўлмоқда.

Жумладан, даъвогар Д.Рахмоновнинг жавобгарлар П.Сафарова ҳамда Ш.Мухаммедовага нисбатан болалари билан кўришиб туриш тартибини белгилаш ҳақидаги фуқаролик ишини олайлик.

Тарафлар ўртасида 2018 йил январь ойидан бошлаб вояга етмаган фарзандлар тарбиясида низо келиб чиққанлиги сабабли даъвогар судда даъво қўзғаган ҳамда суд муҳокамаси даврида улар низо бўйича келишувга эришган ва келишув битими лойиҳасини тақдим қилишди.

Келишув битими шартларига кўра, даъвогар Д.Рахмонов 2011 йил 27 февралда туғилган Дилкушо ва 2012 йил 19 октябрда туғилган Дилафрўз исмли қизлари билан ҳар ойнинг 2 ва 4 шанба кунлари соат 1700 дан якшанба куни соат 1000 гача ўзи яшаб келаётган Шофиркон туман «Жўйнав» маҳалла фуқаролар йиғини «Вардонзе» қишлоғида жойлашган уйида учрашиб туриш тартиби бўйича кўришиб туради, жавобгарлар П.Сафарова (она) ҳамда Ш.Муҳаммадова (буви) эса бунга қаршилик кўрсатмайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси 76-моддасининг учинчи қисмига кўра, ота-она боладан алоҳида яшайдиган ота (она)нинг ота-оналик ҳуқуқларини амалга ошириш тартиби тўғрисида ёзма равишда келишув тузишга ҳақлидир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 44-моддаси 4-қисмига асосан, даъво ишини юритишда тарафлар суд процессининг ҳар қандай босқичида келишув битими тузиш орқали ишни якунлашга ҳақлидирлар.

Ушбу кодексининг 124-моддаси 4-бандига асосан, судья, тарафлар келишув битими тузган ва у суд томонидан тасдиқланган бўлса, иш юритишни тугатади.

Иш ҳолатлари ва қонун талабларидан келиб чиқиб, суд 2019 йил 25 апрелда Шофиркон туманидаги “Саврак” МФЙ биносида ўтказилган сайёр суд мажлисида тарафлар ўртасида тузилган келишув битимини тасдиқлаб, мазкур фуқаролик иши бўйича иш юритишни тугатишни лозим топди.

Ушбу хулосага келишда суд тарафлар ўртасидаги низо оила қонунчилигидан келиб чиққанлигини, суд муҳокамаси даврида тарафлар келишувга эришганлигини, ушбу тузилган келишув битими қонунга хилоф эмаслиги ҳамда бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслигини ҳамда болалар манфаатларига мос келишини инобатга олди.

Бунда суд Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг “Болалар тарбияси билан боғлиқ бўлган низоларни ҳал қилишда судлар томонидан қонунларни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 1998 йил 11 сентябрдаги Қарори еттинчи бандида судларга берилган тушунтиришларга таянди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, суднинг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларни ҳимоя қилиш мақсадида ишларни тўғри ва ўз вақтида кўриб ҳал қилиш билан бир қаторда, қонунийлик, ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга, демократияни, ижтимоий адолатни, фуқаролар ўртасида тинчлик ва миллий тотувликни таъминлашга кўмаклашишдан иборат эканлигини доим ёдда сақлаш ва буни сайёр учрашувларда, сайёр қабул ҳамда сайёр суд мажлисларида фуқаролар эътиборига етказиш керак.

Зеро, шундагина фуқароларнинг қонунга ҳамда судга нисбатан ҳурмат муносабати шаклланади.

 

Ф.Ёдгоров,
Фуқаролик ишлари бўйича
                                          Ғиждувон туманлараро судининг раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: