ФОЖИАНИНГ ТУБ САБАБИ ЁХУД МЕҲНАТ МУҲОФАЗАСИ СОҲАСИДА АҲВОЛ ҚАНДАЙ?

Мамлакатимизда меҳнат муносабатларини тартибга солиш ва меҳнатни муҳофаза қилишнинг мустаҳкам қонунчилик базаси яратилган. Хусусан, Меҳнат кодекси, «Аҳоли бандлиги тўғрисида», «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунлар шулар сирасидан.

Бу қонун ҳужжатлари меҳнат бозоридаги долзарб муаммоларнинг ечимини топишда муҳим ҳуқу­қий асос вазифасини ўтамоқда.

Афсуски, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига ҳар доим ҳам қатъий амал қилинмаётгани турли кўнгилсизликлар, оғир оқибатларга олиб келмоқда.

Мисол учун айтадиган бўл­сак, «Navoiy Hamkor Beton» масъулияти чекланган жа­мия­ти раҳбари Толиб Абдиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) темир-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш билан шуғулланган.

Ўтган йилнинг 17 октябрь куни корхонада кўн­гилсиз воқеа рўй беради.

Юк кўтариш кранида осилиб турган бетон плита бехосдан шу ерда ишлаётган О. Бегимқуловнинг бошига тегиб кетади.

Оғир жароҳат олган О. Бегимқуловни зудлик билан шифохонага олиб боришса-да, шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қо­лишолмайди.

Хўш, ушбу фожиа рўй бермаслиги мумкинмиди?

Албатта. Лекин Толиб Абдиев амалдаги «Меҳнатни му­ҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун талабларига риоя этмаган. Хусусан, у ишчиларни буйруқ асосида ишга қабул қилмаган. Фақат оғзаки ке­лишув асосида ишлаган ишчилар меҳнат жараёнида шахсий ҳимоя воситалари, махсус кийим-кечаклар билан таъминланмаган.

Бундан ташқари ишчилар меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўқитилмаган, бу борадаги билимлари синовдан ўтказилмасдан туриб, ишлашига рухсат берилган. Хусусан, юк кўтарувчи кранни бош­қарувчи, унга юкларни илдирувчи ва туширувчи иш­­чилар ўқув тайёргарлигидан ўтказилмагани фожиага сабаб бўлган.

Ўтган йилнинг 31 январь куни Навоий шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ташқи ёритиш тизимларидан фойдаланиш участ­каси электромонтёри С. Мамашукуров иш вақтида ток уриши туфайли вафот этган.

Гувоҳларнинг кўрсатмалари, ҳодиса содир бўлган жойни кўз­дан кечириш баённомаси, унга илова қилган чизма ва фотожадваллар, судга оид тиббий экспертиза хулосаси фожианинг юз бе­риш сабабларини тў­лиқ ойдинлаштирди.

Навоий вилояти Бандлик бош бошқармаси меҳнат инспекцияси давлат техник инспектори О. Келдиёровнинг суд мажлисида гувоҳлик беришича, тўққиз ойдан буён корхонада электрик вазифасида ишлаб келган С. Мамашукуров меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бў­йича йўриқнома билан таништирилмаган. Бў­лим бошлиғи Ш. Турдиевнинг буйруғига кўра, сим­ёғочлардаги чироқларни ёқаётган электромонтёрлар махсус кийим ва меҳнат қуроллари билан таъминланмаган. Хусусан, С. Мамашукуров электр хавф­сизлиги бўйича синов топширмаган, махсус даражага эга бўл­маса-да, унга диэлектрик резина қўлқопсиз, носоз ҳолдаги электр тақсимлаш қурилмасидан фойдаланишига рухсат берилган.

Оқибатда бахтсиз ҳодиса содир бўлган.

Таъкидлаш жоизки, бахт­­сиз ҳодисалар туфайли вафот этган О. Бегим­қулов ва С. Мамашукуровнинг дафн маросимини ўт­казиш учун оиласига моддий кўмак берилган. Қо­ла­верса, қонунчиликда белгиланган тартибда товон пули ҳам тўланган. Шу боис жабрланувчиларнинг қонуний вакиллари судда моддий ва маънавий зарар бўйича судланувчиларга нисбатан даъвоси йўқли­гини билдиришди.

Суд судланувчи Т. Абдиев ва Ш. Турдиевнинг эҳтиётсизлик оқибатида одам ўлишига сабаб бўлган меҳнатни муҳофаза қилиш қои­даларини бузишда ифо­даланган жиноий ҳаракатларини Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» банди билан ма­лакалаб, тегишли жазо тайинлади.

Халқимиз орасида «Касални яширсанг, иситмаси ошкор қи­лади» деган нақл бор. Меҳнатни муҳофаза қилиш қои­да­ла­рига риоя этмасдан, кўр-кўрона иш тутиш кутилмаган фожиаларга сабаб бўлади. Афсуски, шундан кейингина меҳнат муҳофазаси қоидалари эсга олинади. Келгусида ана шундай бахт­сиз ҳодисалар рўй бермаслиги учун қонун талабларига қатъий амал қилиш зарур.

Шерзод МАМИРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Навоий шаҳар суди раиси,

 Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: