МАНСАБДОР ШАХСЛАР ФАОЛИЯТИ ҚОНУНИЙЛИГИ
Бутун дунёда давлат бошқаруви органлари фаолияти билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган низоларни ҳал этиш, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ва қабул қилган қарорлари қонунийлиги устидан суд назоратини таъминлашнинг энг демократик механизми маъмурий судлар ҳисобланади. Шу боис мамлакатимизда ҳам маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди.
Давлат органлари, мансабдор шахсларнинг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан берилган шикоятлар маъмурий суд томонидан ҳал этилишининг бир қатор ижобий жиҳатлари мавжуд. Хусусан, шикоятлар қатъий белгиланган процессуал тартиб-қоидалар асосида холис, ошкора, тортишувчилик тамойиллари асосида кўриб чиқилди.
Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 26-моддасига мувофиқ, маъмурий судга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги ҳамда маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар тааллуқлидир (Конституциявий суд, фуқаролик ишлари бўйича судлар, иқтисодий ва ҳарбий судларга тааллуқли ишлар бундан мустасно).
Маъмурий судлар фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги маъмурий ишларни кўриб чиқишга ихтисослашган.
Маъмурий судларда кўриладиган оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар, бир тарафдан — фуқаролар ва юридик шахслар, бошқа тарафдан — давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ўртасидаги ҳуқуқий низолар ҳисобланади. Бунда ҳар бир шахс Конституциямизда белгилаб қўйилган ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги ҳамда қарорлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини амалга оширади. Жумладан, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлар, шунингдек, қарорлар устидан берилган шикоятлар, давлат органи, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги аризалар ҳам маъмурий судларда кўриб чиқилади.
Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича судларга мурожаат қилиш муддатлари, тартиби, кўриб чиқилиши Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексда аниқ белгилаб қўйилган.
Ўтган уч йилдан ортиқ вақт мобайнида маъмурий судлар ўз ваколатлари доирасида давлат ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги, қарорлари устидан берилган ҳамда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган шикоят ва аризалар бўйича маъмурий низоларни амалдаги қонун талаби асосида ҳал этиб келмоқда.
Шу ўринда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилгани, маъмурий ва бошқа оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилиб, туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилгани ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинганини эслатиб ўтиш жоиз.
Эндиликда маъмурий судларда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган, яъни давлат бошқаруви органлари, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органлар ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари ё ҳаракатсизлиги билан боғлиқ ишлар кўрилади ва ҳал қилинади.
Масалан, Тошкент вилояти ҳамда Нурафшон туманлараро маъмурий судлари томонидан 2021 йилнинг ўтган уч ойи давомида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 340 та маъмурий иш мазмунан кўриб чиқилди. Шундан 178 таси қаноатлантирилди, 90 таси рад қилинди, 33 таси иш юритишдан тугатилди, 39 таси кўрмасдан қолдирилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30,1 фоизга ошган.
Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларнинг 191 тасини ёки 56,1 фоизини ҳокимларнинг қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш ва ҳокимият вакилларининг ҳаракати ёки ҳаракатсизлигини қонунга хилоф деб топиш билан боғлиқ ишлар ташкил этади.
Мисол учун Нурафшон туманлараро маъмурий судининг шу йил 2 февралдаги ҳал қилув қарорига асосан Д. Очиловнинг Бекобод тумани ҳокимининг 2020 йил 19 декабрдаги 1432-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги шикояти қаноатлантирилган ва Бекобод тумани ҳокимлиги зиммасига мазкур қарорни «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқиш ва қонуний қарор қабул қилиш мажбурияти юклатилган.
Нурафшон туманлараро маъмурий судининг шу йил 19 февралдаги ҳал қилув қарорига кўра, Бўстонлиқ тумани ҳокимининг 2019 йил 14 октябрдаги 7619-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилган. Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мансабдор шахсларнинг қонунга қатъий риоя қилган ҳолда фаолият юритиши давлат ва жамият тарққиётида муҳим аҳамиятга эга. Чунки уларнинг хатти-ҳаракати ва қарорлари ижтимоий-сиёсий вазиятга катта таъсир кўрсатади. Улар фаолиятига суд орқали муносабат билдириш эса, ҳуқуқий-демократик бошқарув тизимининг муҳим шартидир.
Азизжон ЭРНАЗАРОВ,
Тошкент вилояти
маъмурий суди судьяси
Фикр қолдириш