МУЛК ҲУҚУҚИ ДАХЛСИЗ
Ҳар қандай давлатда хусусий мулк ва мулкдор ҳуқуқи қонуний кафолатланмас экан, унинг тараққиётида тўсиқлар кўпаяверади. Чунки мулкдорнинг ўз мулкига бўлган ишончсизлиги ортиб, ташаббускорлик борасидаги ҳаракатлари сусайса, бу тадбиркорлик ривожига ўз салбий таъсирини кўрсатади. Тадбиркорлик эса, мамлакат ривожини ҳаракатлантирувчи қудратли куч ҳисобланади.
Тарихдан маълумки, ривожланган мамлакатлар иқтисодий юксалиш даражасига хусусий мулк дахлсизлиги, мулкдорлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш орқали эришган.
Мамлакатимизда ҳам иқтисодиётнинг негизи ҳисобланган хусусий мулк ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатланган. Айни пайтда мулк дахлсизлигини таъминлаш, хусусий мулк ҳимоясини кафолатлаш, иқтисодиётда хусусий мулкнинг ўрни ҳамда аҳамиятини янада ошириш, хусусий мулк эгаларининг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш, мулкдорнинг ўз мулкига ўзи эркин эгалик қилиши, фойдаланиши, тасарруф этишини амалда таъминлаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ мулкдорга тегишли бўлган мол-мулкнинг турли сабаблар ва ҳар хил йўл билан давлат идоралари ва мансабдор шахслар томонидан олиб қўйилиши, мулкдан эркин фойдаланиш учун тўсқинликлар яратиш қатъиян таъқиқланади.
Мулкдор мулкидан моддий ва маданий эҳтиёжларини таъминлаш учун фойдаланиш билан чекланмай, у асосида турли тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, инвестиция жалб этиш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, уларни ижарага бериш йўли билан қўшимча даромад олиши мумкин.
Афсуски, баъзан амалиётда мулкдор ўзига тегишли мулкдан ўзи истаган тарзда фойдаланишига турли тўсиқлар қўйилган ҳолатлар ҳам учраб туради.
Қуйидаги низо тафсилоти бунга мисол бўла олади.
«Савдо инвест» хусусий корхонаси (номлар ўзгартирилган) ўтган йилнинг 9 июнь куни «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида бўлиб ўтган савдода ғолиб деб топилган. Илгари «Офтоб» масъулияти чекланган жамиятига тегишли бўлган кўчмас мулкни сотиб олган хусусий корхона унга нисбатан мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказган.
Бироқ «Офтоб» масъулияти чекланган жамияти гўёки корхонага тегишли бўлган мулклар аслидан кўра арзон нархга сотилгани, шу сабабли аукцион савдосининг қонунийлигини низолашаётганини важ қилиб, собиқ мулкдан фойдаланиб келган. Шундан сўнг «Савдо инвест» хусусий корхонаси Тошкент туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, мулкнинг қонуний эгаси ҳисобланса-да, ундан эркин фойдалана олмаётгани, кўчмас мулкнинг собиқ эгаси мулкий ҳуқуқларини амалга оширишда тўсқинлик қилаётганини баён қилган.
Маълумки, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузилишини бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборат.
Амалдаги Фуқаролик кодексининг 9-моддаси биринчи қисмига мувофиқ фуқаролар ва юридик шахслар ўзларига тегишли бўлган фуқаролик ҳуқуқлари, шу жумладан, уларни ҳимоя қилиш ҳуқуқини ҳам ўз хоҳишларига кўра, тасарруф этади.
Бундан ташқари «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 4-моддасида мулкдор ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳишига кўра ҳамда ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва тасарруф этиши белгиланган.
Суд ушбу қонуний асосларга таянган ҳолда даъво аризасини қаноатлантириб, «Офтоб» масъулияти чекланган жамиятини «Савдо инвест» хусусий корхонасига тегишли бўлган нотурар кўчмас мулк ҳудудидан мажбурий тартибда чиқариш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди. Судда бузилган ҳуқуқи тикланган мулкдорнинг энди мулкидан эмин-эркин фойдаланиши таъминланди.
Сарвар Солиев,
Тошкент туманлараро
иқтисодий суди раиси
Фикр қолдириш