СЎНГГИ ПУШАЙМОНЛИК
Аёл — мукаррам зот. Улар ҳақида таърифу ташбеҳ бисёр. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, хотин-қизлар орасида ҳам жиноят кўчасига кириб қолаётганларнинг борлиги ғоят ачинарли.
Сожида Муродова (исм-шарифлар ўзгартирилди) маҳалла фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий, маънавий масалалар бўйича ўринбосари лавозимига сайланганда маҳалладошлари аёлларнинг яқин кўмакдоши бўлади, деб ўйлашган эди. Афсуски, улар янглишган экан.
Гап шундаки, С. Муродова ўткинчи ҳою-ҳавасга берилиб, нафс қутқусига учди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, маҳалладоши Санобар Боймирзаевани алдов йўли билан ишончини суиистеъмол қилиб, чув туширишига бир баҳя қолди.
Кунларнинг бирида у ҳузурига иш юзасидан келган Санобарнинг кўнглига қўл солди:
— Санобар опа, маҳаллада қурилаётган икки хонали арзон баҳодаги уйлардан оламан, деб юрганингиздан хабарим бор. Келинг, сизга бир яхшилик қилай. Сизга ўхшаган бир-икки нафар аёлга таниш-билишларим орқали уй олиб берганман. Сиз озгина харажатидан қочмасангиз бўлди…
— Агар шундай қилсангиз, бу яхшилигингизни бир умр унутмас эдим. Яшаш шароитимни ўзингиз яхши биласиз, икки болам билан жуда қийналиб юрибман. Хўш, харажати қанча бўлади?
— 500 АҚШ доллари олиб келсангиз, мен бу ишга киришаман. Тез орада уй-жойли бўлиб қоласиз.
Бу гапни эшитган Санобарнинг боши қотди. «Бу пулни қаердан топаман? — деб ўйлади. — Ўзи шундоғам амал-тақал қилиб рўзғор тебратиб келаётган бўлсам».
— Сингилжон, шуни озгина камайтирсангиз бўлмайдими? Аҳволимни биласизку, — деди у Сожидага ялинган кўйи.
— Хўп, майли, 200 АҚШ долларини ўтдим. Доллар ўрнига 3 миллион сўм берсангиз ҳам бўлади. Бу ёғини ўзим гаплашиб, «катта»ларни кўндирарман.
Шу куни пулни олиб келишига рози бўлган Санобар яқинларидан, таниш-билишларидан қарз сўради. Аммо 3 миллион сўм ҳеч қаердан топилмади.
Бу орада Сожида деярли ҳар куни қўнғироқ қилиб, пулни сўраб ҳоли-жонига қўймади. Уни «ваъдабоз, ёлғончи»га чиқариб қўйишдан ҳам тоймади.
Маломатлардан сабр косаси тўлган аёл ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Тегишли идоралар С. Боймирзаеванинг шикоятига асосан тезкор тадбир ўтказди.
Текин даромад орттириш пайида бўлган Сожида Муродова «келишилган» маблағни Санобар Боймирзаевадан олаётган пайтда жиноят устида қўлга олинди.
Суриштирув ва тергов чоғида С. Муродова сувдан қуруқ чиқиб кетиш илинжида турли баҳоналарни рўкач қилиб, «мен Санобар опадан 3 миллион сўм қарз сўраган эдим», дея ўзини оқлашга уринди. Аммо тўпланган далил ва кўрсатмалар унинг асл муддаосини фош қилди. Суд судланувчи С. Муродованинг жиноий қилмишларини муҳокама этиб, унга нисбатан қонуний жазо тайинлади.
Фирибгарлик ва товламачиликнинг умри қисқа. Афсуски, С. Муродова сингари кимсалар бу ҳақиқатни ўз вақтида англаб етмайди. Сўнгги пушаймонликдан эса, фойда йўқ.
Икромжон ШАЙМАНОВ,
жиноят ишлари бўйича
Термиз шаҳар суди раиси,
Абдунаби БОБОЁРОВ,
журналист
Фикр қолдириш