АЯНЧЛИ ҚИСМАТ

Пойтахтда истиқомат қилувчи Мавлуда Мамадиёрова (исм-шарифлар ўзгартирилди) тунда алоқ-чалоқ тушлар кўриб, босинқираб чиқди. Тушида ўтиб кетган яқинлари безовта қиёфада гавдаланган бўлса, акаси Шокир сирли кўринишда намоён бўлди. Шундан сўнг у Жиззах шаҳрида ёлғиз яшовчи акасидан хавотир олиб, ун­га бир неча маротаба қўнғироқ қилди.

Бироқ ака жавоб бер­мади. Бундан хавотири янада ортган сингил жияни Эралига қўнғироқ қилиб, акасининг уйидан хабар олишни тайинлади.

Эрали эшик қўнғироғини қайта-қайта босса-да, ичкаридан жавоб бўлмади.

Қўни-қўш­нилар ҳам Шокирни кў­риш­маганини маълум қи­лишгач, ҳудуд профилактика инспектори ва қариндошларига Шокирнинг йўқолиб қолгани ҳақи­да хабар берди.

Ўша куниёқ профилактика инспектори ҳамда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари дераза орқали уйга киришди. Аммо ичкарида ҳеч ким йўқ эди.

Холислар иштирокида хонадон кўздан кечирилганда Шаҳбоз Эшқуловнинг Шокир Мамадиёровдан қарз­га пул олгани тўғрисида ёзилган иккита тилхат борлиги аён бўл­ди. Бундан ташқари уй эгасининг ён дафтарчасида кимларга қачон, қанча миқдорда қарз бергани ҳам қайд этилган экан.

Кап-катта эркак игна эмаски, ерга тушиб йўқолиб қолса… У қаерда бўлиши мумкин?

Қарз олингани тўғрисидаги иккита тилхат ва ён дафтарчадан бош­қа шуб­ҳа-гумонга асос бўлувчи далил йўқ эди.

Ш. Мамадиёров Жиззах шаҳридаги мактабгача таълим муассасаларидан бирида жисмоний тарбия мураббийси вазифасида ишлаб, ойига йигирма фо­из устама қўшиб тў­лаш шарти билан одамларга қарзга пул бериб келган.

Ш. Мамадиёров ҳар куни тунда соат иккидан тўртгача югуриш машқлари билан шуғулланган. Ана шу жиҳатлар изқуварларнинг эътиборини тортди.

Улар югуриш машқи бир йўналишда, аниқ манзиллар оралиғида бажарилган бўлиш ҳақида тахмин қилишди. Йўл четидаги маданий-маиший, савдо ва умумий овқатланиш бинолари пештоқига ўрнатилган кузатув камераларида тасвири тушган бў­лиши инобатга олиниб, кузатув камераларидаги виеоёзувлар ўрганила бошланди…

Элмурод билан Шаҳбоз бир синф­да ўқиб, битта маҳаллада катта бў­лишган.

Иккови ҳам бошида киракашлик билан шуғулланган. Кейинчалик Шаҳбоз «Зебо» савдо марказидаги маиший-техника жиҳозлари дўконларининг бирига ишга кирган эди.

Шаҳбоз Элмуроддан 6 миллион 200 минг сўм қарздор бўлган. Элмурод Шаҳбознинг яна бир синфдоши Аҳрор Самандаровдан ҳам 10 миллион сўм қарздор эканидан хабардор эди.

Шокирни қидириш ва суриштирув ўтказиш бошланган кундан тўрт кун аввал тонг чоғи соат уч-у қирқ бешдан тўрт-у ўттиз тўртгача бўлган вақт оралиғида Шаҳбоз Эшқуловдан синфдоши Элмуроднинг қўл телефонига кетма-кет саккизта электрон хабарнома келади.

— «Тупикка келиб тиқилдим, жўра», — дейилганди охирги «SMS»да. — Эрталаб ўзим профилактика инспекторига бориб, ҳаммасини айтиб бераман. Бусиз ҳам қамалиб кетишим аниқ, бош­қа гапиролмайман, мени кечир».

«Пул — қўлнинг кири, бугун бор, эртага йўқ, — деб кўнглидан кечиради Элмурод. — Вақти келиб қарзини қайтаради-да»…

Аслида у бундан атиги бир неча соат аввал Шаҳбоз Шокир Мамадиёровни қасддан ўлдириб, ўзини кутаётган муқаррар жазо талвасасида хабарлар ёзганидан мутлақо бехабар эди…

Кунларнинг бирида Шаҳбоз эски та­ниши Дониёр Ҳусанов билан учрашиб қолади ва унга Жиззахнинг «Эски шаҳар буюм бозори»дан келин либослари ижараси билан шуғулланувчи дўкон очишни режалаштираётгани, бунинг учун фоизга бўлса ҳам, пул кераклигини айтади.

— Фоизга пул берадиган бир танишим бор, — дейди Дониёр. — У билан учраштираман. Лекин қарзнинг фоизларини вақтида тўлаб туришинг шарт.

Ўша куни Дониёр Шаҳбозни Шокирнинг уйига бошлаб боради. Шокир ҳар ойига йигирма фоиздан устамаси билан қарз беришга розилик билдиради.

Ўз навбатида, Шаҳбоз «Мен Шокир акадан 3 миллион сўм 20 фоиздан пул қарз­га олдим» деган мазмунда тилхат ёзиб беради.

Орадан икки ой ўтгач, Шаҳбоз Шокирдан яна 3 миллион сўм қарз олади. Бу гал у «Мен Шокир акадан фоизга 6 миллион сўм олдим» дея тилхат ёзади.

Лекин шундан сўнг ҳам Шаҳбознинг иши юришмайди ва у Шокирдан 16 миллион 500 минг сўм қарздор бўлади.

Қарзини қайтаришнинг йўлини тополмаётган, Шокирнинг қистовларидан безор бўлган Шаҳбоз Эшқуловнинг мия­сига кутилмаганда ялт этган муд­ҳиш бир фикр кечади: «Шокирни ўлдириш керак!»…

Ички ишлар ходимлари кузатув камераларидаги видеоёзувларни ўрганиш чоғида шаҳарнинг Ислом Каримов номидаги шоҳ кўчаси ва «Ором бозори» йўналишида югуриб бораётган Ш. Мамадиёровнинг тасвирини топишга муваффақ бўлишди. Кузатув давомида 8 июль куни тунда, соат иккиларда ана шу шоҳ кўчада унинг ортидан яна бир киши эргашгани ҳам видеоёзувда қайд этилган экан. Бу Шаҳбоз Эшқулов эди.

Югуриб кетаётган Ш. Мамадиёров ўзининг ортидан ажал қувиб келаётгани, бир неча лаҳзалардан сўнг ҳаётига тажовуз қилишидан умуман бехабар эди.

Уни изма-из таъқиб қилиб, етиб олган Ш. Эшқулов ўнг қўлидаги тош билан бошининг орқа томони ва энса соҳасига зарб билан уради. Кутилмаган зарбалар натижасида Шокир йўл четидаги бетон ариққа йиқилади.

Шаҳбоз қўлидаги тошни отиб юбориб, Шокирни бетон ариқдан чи­қаради ҳамда чап қовурға ва умурт­қа соҳасига бир неча марта тепади. Сўнгра йўл ёқасидаги чуқурга бошини пастга қа­ратганча ташлаб юборади. Саноқли сониялардан сўнг Шокирнинг жони узилади.

Тергов ва судда маълум бўлишича, Ш. Эшқулов 16 миллион 500 минг сўм қарзни тўламаслик мақсадида Ш. Мамадиёровни қасддан ўлдириш режасини тузган. Ш. Мамадиёровнинг мунтазам спорт билан шуғулланиши, доимо югурадиган йўналиши ва вақтини олдиндан билган. Қабиҳ режасини амалга оширишга худди шу қулай паллани танлаган.

Терговда Шаҳбоз айбини тўлиқ тан олди, ҳодиса содир бўлган жойни ўзи кўрсатди. Воқеа жойидан Ш. Мамадиёровнинг қон доғи теккан тош ва унга ёпишиб қолган соч толалари ҳам топилди.

Тонгда мудҳиш ҳодисадан бехабар қурувчилар ўраларни техника билан текислаб, йўлга асфальт ётқизишган. Шу тариқа Ш. Мамадиёровнинг жасади кўмилиб кетган. Ш. Эшқуловнинг кўр­сатмасига мувофиқ йўл чети қайта кавланганида у ердан Ш. Мамадиёровнинг жасади чиқди…

Судда Ш. Эшқуловнинг айби тўлиқ исботланди. Суд уни Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Унга нисбатан ўн олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Хулоса ўрнида бир мулоҳазани айтиб ўтиш жоизки, Шаҳбоз Эшқулов ҳа­лол меҳнат қилиб, ишни тўғри режалаштирилганда қарз ботқоғига ботмаган ва мудҳиш жиноятга қўл урмаган бўларди.

Энди у умрининг навқирон паллаларини панжара ортида ўтказади. Бу унинг мудҳиш қилмишига яраша та­йинланган муқаррар жазодир.

Анвар ҲОМИДОВ,

Жиззах вилояти суди судьяси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: