ОДАМИЙЛИК МЕЗОНИ ҚОНУНЧИЛИКДА ҲАМ ЎЗ ИФОДАСИНИ ТОПГАН
Инсонийликни улкан уммонга қиёслаш мумкин. Бу уммонда эркин ва бехатар сузмоқнинг завқи, сурури билан бирга талай меҳнат-у, машаққатлари ҳам бор. У оқил-у доно, қобил-у қодир, хушхулқ, ҳар жабҳа-ю ҳар ишда омилкор кишиларни бу уммоннинг ҳайбатли тўлқинлари узра кўзланган манзилга бехатар етказади. Иродаси суст кимсаларни эса, ўз домига тортади.
Яқинда фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суди собиқ норасмий эр-хотин — Ж. Қиличев ва Г. Қурбонниёзова ўртасидаги низони кўриб чиқди.
Ўртадаги норасмий эр-хотинлик муносабатлари чоғи туғилган фарзандига оталик мақомини белгилаш ва алимент ундириш юзасидан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган аёлнинг далил-исботлари ва низони ҳал қилиш чоғида аниқланган ҳолатлар инсонийлик мезонлари бузилганини кўрсатди. Даъвогар аёл суд жараёнида ўз талабини қувватлай туриб, ўртадаги фарзанд охирини ўйламай ташланган қадамларининг аччиқ ҳосиласи эканини рўй-рост баён этди. Маълум бўлишича, Гулчеҳра (аёлнинг исми ўзгартирилган) нинг бир неча йиллик умри чет элда кечган. Бу юртда у хоразмлик Жавлон (исми ўзгартирилган) билан танишган. Никоҳсиз бошланган оилавий турмуш уч йил давом этган. Улар ўтган йил июнь ойида фарзанд кўришган. Унинг дунёга келиши орадаги эр-хотинлик ришталарини узиш учун Жавлонга яхшигина дастак бўлган. Гулчеҳра унга иккинчи хотин экани, у бунгача бошқа бир аёлга ҳам уйланиб, оила қурганини шу аснода билиб олади. Афсуски, энди кеч. Фарзанд туғилгач, омонат оила буткул барбод бўлади.
Ота фарзандидан воз кечиб, уни моддий таъминлашдан бўйин товлайди.
Аросатда қолган она боласини ўзининг фамилиясига олишдан бўлак чора тополмайди. Бироқ фарзандининг отасини кутишда давом этади. Лекин ундан дарак бўлмайди.
…Улар шу йил 28 январь куни судда учрашди. Эр аввалига фарзандни тан олмади. Ҳатто собиқ рафиқасидан суддан даъво аризасини қайтиб олишни ҳам талаб қилди. Эртаси куни эса, негадир авзойи ўзгариб, барини эътироф этди. Фарзанд ўз боласи эканини тан олди. Аммо болани моддий жиҳатдан таъминлашга қўли қисқалигини рўкач қилди.
Бу оиланинг қисмати кишини ўйга солади. Башарти, одамийликка ошно киши аёлидан воз кечса, уни тушуниш ва ҳатто кечириш ҳам мумкин, бироқ ўз фарзандини тан олмаган, таъминотидан юз ўгирган отани-чи? Бизнингча, бундай кимсалар табиатидан одамийлик сифатларини излаш бефойда.
Жамият учун фарзанди-ю, оиласига қўл силтаганлар сони ҳатто битта бўлса-да, кўплик қилади.
Суд юзага келган оилавий низони қонун йўли билан бартараф этиш чорасини белгилади. Отанинг зиммасига фарзандига фамилиясини бериш ва у то балоғат ёшига етгунга қадар алимент тўлаш мажбурияти юклатилди.
Урганч шаҳрида қайд этилган бошқа бир оилавий ажрашувга ҳам эр — А. Ражабовнинг номуносиб хулқ-атвори сабаб бўлди. Унинг жабрини асосан турмуши барбод бўлган аёл ва фарзандлар тортди. Гарчи ҳали ёш бўлса-да, шу пайтгача икки марта уйланиб, икки марта ажрашган, оилавий турмуши давомида ҳар бир хотинидан 2 нафардан фарзанд кўрган бу кимсага фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг буйруғига асосан ойлик даромадининг ярмидан ҳам зиёдроқ миқдорда алимент тўлаш мажбурияти юклатилди.
Инсонийлик таомилларига кўра, оилага нописанд муносабатда бўлишнинг оқибати айнан шундай бўлиши керак. Бироқ ижтимоий турмушнинг адолат ва одиллик аталмиш мезонлари ҳам бор ва жамиятнинг ҳар бир аъзоси турмуш неъматларидан бирдай баҳраманд бўлиши даркор. Бинобарин, қонуннинг талаби ҳам шу. А. Ражабов судга мурожаат қилиб, моддий жиҳатдан мураккаб вазиятга дуч келгани, топгани харажатларига етмаётгани ва шу муносабат билан фарзандлари таъминоти учун собиқ хотинларига тўланаётган маблағ ҳажмини камайтиришни сўради. Судда биринчи турмуш ўртоғи собиқ эри ноҳақ эканини айтиб, даъвони рад этишни сўраган бўлса, иккинчи аёли тўлов миқдорини озайтиришга қарши эмаслигини билдирди.
Суд Оила кодексининг 99-моддасида таъминот уч ва ундан ортиқ бола учун ойлик даромаднинг ярмидан зиёд бўлмаслиги юзасидан белгиланган қоидага таянди. Тўлов ҳажми белгиланган ушбу меъёрдан анча ортиб кетганини эътиборга олиб, фарзандлар таъминоти учун даъвогарнинг ҳар бир собиқ турмуш ўртоғи фойдасига ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларнинг учдан бир қисми миқдорида ундирилаётган алимент тўловини қонунда белгиланган миқдорга камайтиришни мақсадга мувофиқ, деб топди.
Хоразм вилояти Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасида оддий ҳисобчи вазифасида ишловчи Гуласал Саидова ўтган йилнинг 15 июлидан 18 ноябригача бўлган давр учун қўшимча равишда тайинланиши зарур бўлган маошини ололмади. Бунга 2020 йил 24 майдаги «Коронавирус пандемияси даврида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида» Президент қарори, Республика Махсус комиссиясининг 2020 йил 16 июлдаги 36-сонли баённомаси, шунингдек, Меҳнат кодексининг 154 ва 161-моддалари талаблари мутасаддилар тарафидан бузилгани сабаб бўлди. Суд вилоят Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасига Г. Саидованинг ҳар кунлик меҳнатига қўшимча равишда ойлик лавозим маошининг 6 фоизи миқдорида иш ҳақи тўлаш мажбуриятини юклади. Шу тариқа оддий ходимнинг ҳалол меҳнати куймайдиган бўлди.
Инсон шаъни, обрўси, қадри-қиммати улуғ. Бу Конституциямизда ҳам кафолатланган. Шу боис у қонун асосида ҳимоя қилинади. Бинобарин, қаерда инсонпарварлик тамойилларига амал қилинса, у ерда қонун устуворлиги ҳам таъминланади.
Зафарбек Исоқов,
фуқаролик ишлари бўйича
Урганч туманлараро
суди судьяси
Фикр қолдириш