СОХТА ҚЎРИҚЧИГА СУД ҚОНУНИЙ ЖАЗО ТАЙИНЛАДИ
Сўнгги йилларда юртимизда хусусий қўриқлаш хизматлари фаолиятини йўлга қўйишга ҳам рухсат берилди. Бу фуқароларнинг мол-мулкини қўриқлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Бешариқлик Обиджон Ҳимматқулов (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам туманда ана шундай хизматни ташкил қилди. Аммо асосий мақсадга ўтишдан олдин 32 ёшли О. Ҳимматқуловнинг ўтмишига бир карра назар ташламасликнинг иложи йўқ.
Гап шундаки, бирор-бир касб ёки ҳунарни эгалламаган, ҳали мустақил оила тебратишга қодир бўлмаган О. Ҳимматқулов тахминан 23-24 ёшида уйланади. Пировардида оила масъулиятини ҳис этмай, бир нафар фарзандли бўлгач, хотини билан ажрашиб кетади. Тегишли суд буйруғига асосан ундан фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланади. Бироқ ота бўлмиш алимент пулларини ўз вақтида тўламайди.
Оқибатда унга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилади.
Шундан сўнг икки томоннинг ёши улуғ кишилари ўзаро маслаҳатлашиб, эр-хотинни яраштириб қўйишади. Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман судининг 2015 йил 3 июндаги ажримига мувофиқ айбланувчига нисбатан қўзғатилган жиноят иши ярашув муносабати билан ҳаракатдан тугатилади.
Аммо О. Ҳимматқулов бундан ўзига тегишли хулоса чиқариб олмайди. У Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди (уй-жойга, омборхона ёки бошқа биноларга ғайриқонуний равишда кирган ҳолда босқинчилик), 228-моддаси 1-қисми (расмий ҳужжатлар тайёрлаши ёки расмий ҳужжатларни қалбакилаштириши ёхуд бундай ҳужжатларни сотиши, шундай мақсадларда корхона, муассаса ёки ташкилотнинг қалбаки штамплари, муҳрлари, бланкаларини тайёрлаш ёхуд сотиш) ва 228-моддаси 3-қисми (ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этади.
Албатта, унинг жиноий қилмиши жазосиз қолмайди. Жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман судининг 2015 йил 14 августдаги ҳукми билан 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади. Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг 2018 йил 19 июндаги ажримига биноан, 1 йил 6 ой 2 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилади. Сўнгра жиноят ишлари бўйича Бешариқ туман судининг 2019 йил 24 сентябрдаги ажрими асосида Жиноят кодексининг 73-моддаси қўлланилган ҳолда 3 ой 5 кун аҳлоқ тузатиш ишлари жазосидан шартли равишда озод қилинади.
Буни қарангки, озодликка чиқиб, орадан роппа-роса бир йил ўтгач, Обид Ҳимматқулов Қўқон шаҳрида жойлашган «BАRS» қўриқлаш хизмати ижрочи директори сифатида иш бошлайди. Бир ярим ойдан сўнг эса, Ўзбекистон туманида яшовчи Пўлатжон Носировдан «YAGUАR VSK» масъулияти чекланган жамияти таъсисчилигини сотиб олиб, уни Бешариқ туманига кўчириб ўтказади. Мазкур корхонани П. Носиров 2020 йил 3 ноябрь куни Қўқон шаҳар давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтказган экан. Унинг фаолият турига хусусий соқчилик хизмати ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг объектлари, мол-мулкларини қўриқлаш ҳам кирган. Корхона Бешариқда давлат рўйхатидан ўтгач, О. Ҳимматқулов дарҳол фуқароларни қўриқчилик хизматига ишга қабул қилиш юзасидан оғзаки эълон беради.
Хизмат формасини кийиб ишлаш истагида юрган ёшлар унга иш сўраб кела бошлайди. Булар орасида Намуна Деҳқонова ҳам бор эди.
— Ўғлим Бунёджонни ҳам ишга қабул қилсангиз, илтимос, — дейди Н. Деҳқонова.
— Майли, онахон, ҳозир сиз бораверинг. Ўғлингизни ўзим чақиртираман, — дейди О. Ҳимматқулов мулойимлик билан.
Чиндан ҳам, орадан бир ҳафта ўтгач, у аёлнинг ўғлига қўнғироқ қилади.
— Онангизнинг юзидан ўта олмадим. Шунинг учун сизни ишга қабул қиламан, — деди О. Ҳимматқулов. — Фақат аввал сизга форма тиктиришимиз керак. Менга саккиз юз йигирма минг сўм берсангиз, уч кунда хизмат кийимингиз тайёр бўлади. Буни ҳаммаям эплолмайди, ўзимизнинг махсус чеварларимиз бор.
Бунёджон унинг сўзларини эшитиб, ич-ичидан қувонади ва дарҳол пулни келтириб беради.
Шу тариқа Б. Деҳқонов тенгдошлари қатори хизмат кийимини кийиб, худди аскарлардек кўркам йигитга айланади. Ҳадемай орадан 40 кун ўтди. Аммо иш ҳақидан дарак йўқ эди. Бунинг устига О. Ҳимматқулов «Ишхонага мебель оламиз» деган важ билан яна ундан 100 АҚШ доллари ҳам олади. Аммо мебель олинмайди, О. Ҳимматқулов пулни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.
Шундан сўнг Обид Ҳимматқулов фириб тўрини янада кенгроқ ёяди. У ҳатто қизларни ҳам лақиллатишдан ҳам тап тортмади. Аниқроғи, ишга кириш мақсадида келган Бахтигул Муҳаммаджоновадан хизмат кийими тиктириш баҳонасида 820 000 сўм олади.
— Ишга ўзим чақираман, — дейди қизни ҳам, унинг отаси Ҳамидулло Ҳусановни ҳам тинчлантириш учун.
Лекин хадеганда иш ҳал бўлавермайди.
— Қизларни ишга олиш масаласи сал муаммо бўляпти. Шунинг учун бироз шошилмай турасизлар, — деб алдайди у орадан 10 кун ўтгач, қўнғироқ қилган Ҳ. Ҳусановга.
Аммо у ҳам бошқалар қатори берган пулига куйиб қолаверди.
Халқимиз «Қинғир ишнинг қийиғи қирқ йилдан кейин ҳам чиқади» дея бежизга айтмаган. Бу Обид Ҳимматқулов сингари фирибгарларга ҳам тегишли. Агар О. Ҳимматқулов туманнинг «Янгиқўрғон» маҳалласида яшовчи Бекмурод Иброҳимовни ишга қабул қиламан, деган алдов билан пул олмаганда эди, балки унинг кирдикорлари ҳали-бери фош бўлмасди.
Бошқа ёшлар сингари Б. Иброҳимов ҳам «YAGUАR VSK» масъулияти чекланган жамиятига иш масаласида мурожаат қилади.
— Ҳарбий хизматга борганмисиз?, — деб сўрайди О. Ҳимматқулов.
— Йўқ, бормаганман, — дея жавоб беради Бекмурод.
— Ундай бўлса, сизнинг масалангизни раҳбарларим билан гаплашиб кўраман, бирор йўли топилса, айтаман, — дейди у.
Бироқ О. Ҳимматқулов ҳеч ким билан маслаҳатлашмай, 2020 йил 25 октябрь куни Б. Иброҳимовни яна алдайди.
— Сизни ишга қабул қилса, бўлар экан. Бунинг учун ҳарбий гувоҳнома керак. Ҳарбий гувоҳнома олишнинг эса, ўзига яраша тўловлари бор. Пулни тўлайсиз ва ишни ҳам бошлайсиз.
О. Ҳимматқулов ана шундай алдов йўли билан Бекмуроддан 3 800 000 сўм олади. Шу билан бирга «Бизда ҳарбий хизмат олти ой давом этади. Кейин ҳарбий гувоҳнома берамиз» деб қўшиб ҳам қўяди.
Шундан сўнг Б. Иброҳимов ишга келиб-кетиб юраверади. Ана шундай кунларнинг бирида унинг ишга кирганини эшитган дўстларидан бири сўрайди:
— Менга қара, сен ҳам ногирон, ҳам ҳарбий хизматни ўтамаган бўлсанг, қандай қилиб ишга қабул қилишди?!
Бунга жавобан Бекмурод жамият раҳбарига пул берганини, олти ойдан сўнг ҳарбий гувоҳнома қўлига тегишини айтади.
— Дўстим, кўзингни оч, хусусий ташкилот ҳеч қачон ҳарбий гувоҳнома бермаслигини ҳамма билади-ку?! Гувоҳнома фақат мудофаа бўлими ёки ҳарбий қисмдан берилади.
Дарҳақиқат, Б. Иброҳимов III-гуруҳ ногирони бўлиб, бир кўзи заифроқ кўрарди. Шу боис дўстининг гапларини эшитиб, у алданганини англаб етади.
Пировардида О. Ҳимматқуловга қонуний чора кўришни сўраб, Бешариқ тумани ички ишлар бўлимига мурожаат қилди. Суриштирув жараёнида фирибгар қўриқчи 20 нафар шахсни чув туширгани аён бўлди. Оқибатда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Мазкур ишни кўриб чиққан жиноят ишлари бўйича Бешариқ тумани суди судланувчини Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан айбдор деб топиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этди. Тайинланган жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгиланди. Қолаверса, суд ҳукмида О. Ҳимматқуловдан 17 нафар жабрланувчига етказилган 33 237 600 сўмни ундириш ҳам қайд этилди. Шунингдек, суд судланувчи истиқомат қилган «Обод» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жиноятлар содир этилишининг олдини олиш чораларини кўриш ва аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш юзасидан хусусий ажрим чиқариб, уни маҳалла фуқаролар йиғинига ижро этиш учун юборди.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ҳар қандай сохтакорликнинг умри қисқа. Баён этилган жиноий қилмиш тафсилоти ҳам бунинг исботидир.
Нодир САЛОМОВ,
жиноят ишлари бўйича
Бешариқ тумани суди судьяси,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш