ФУҚАРОЛИК ШАЪНИ: СУД БУЗИЛГАН ҲУҚУҚЛАРНИ ТИКЛАДИ
Ҳаётда одам баъзан мушкул ва қийин вазиятга тушиб қолиши мумкин. Айтайлик, сиз узоқ йиллар мобайнида у ёки бу соҳада фаолият юритдингиз ва ниҳоят, кексалик нафақасига чиқиш муддати етиб келди. Бироқ меҳнат фаолиятингиз ҳақдаги ҳужжатлар узрли ёхуд узрсиз сабабларга кўра, архив муассасаларига топширилмасдан қолган.
Бунинг оқибатида кўп йиллик меҳнат фаолиятингизга оид маълумотлар изсиз йўқолган. Бундай вазиятда муаммога дуч келган фуқаронинг меҳнат фаолиятига дахлдор ҳужжат ва маълумотларни топишга қаратилган елиб-югуришларидан наф чиқмайди. Амалда ўзининг меҳнат фаолиятига оид далил-дастакларни тўплашга кўпгина фуқароларнинг қурби ҳам етмайди.
Бунинг оқибатида оддий одамнинг кексалик гаштини суриш, роҳат-фароғатда яшашга доир орзуси ора йўлда қолади.
Бироқ қонуннинг йўриғи бошқа: у барча фуқароларнинг юридик ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимоясини таъминлашни кўзлайди. Оддий фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқини етарлича муҳофаза қила олмаган бир пайтда, унинг яқин мададкорига айланади, ҳуқуқий ҳимояси ва қонуний манфаатини таъминлайди. Нафақа масаласида фуқаролар йўлида пайдо бўладиган бундай муаммо ишончли ҳуқуқий манба — қонунчилигимизнинг юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилашга доир тартиб-таомиллари асосида ҳал этилади.
Шу ўринда суд амалиётига эътибор қаратсак, фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро суди жорий йилнинг дастлабки 4 ойида ҳуқуқий аҳамиятга молик фактларни белгилаш юзасидан 96 та ишни кўриб чиқди. Бу жами ишларнинг 13 фоизига тенг.
Юридик фактни белгилашга доир ишларни бевосита одамлар ҳузурида — сайёр тартибда кўриб чиқишнинг аҳамияти янада катта. Ўтган йил ва жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида ушбу мазмундаги суд ишларининг 90 фоизи айнан шундай тартибда, карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилди.
Айтиш керакки, Фуқаролик-процессуал кодексининг 295-моддасида юридик аҳамиятга молик фактни белгилашнинг аниқ тартиби ўз ифодасини топган.
Унга кўра, «Судлар шахснинг қариндошлик алоқалари; шахс бировнинг қарамоғида эканлиги; оталикни тан олиш (белгилаш), боланинг у ёки бу онадан туғилгани, шунингдек, туғилган вақти; фарзандликка олиш, никоҳ ва ундан ажратиш ҳамда ўлимни қайд этиш; эр-хотиндан бири вафот этгани оқибатида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органларида никоҳни рўйхатдан ўтказиш мумкин бўлмай қолса, қонунда белгиланган ҳолларда уларнинг ҳақиқатда никоҳ муносабатларида бўлгани; шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларда (жамоат бирлашмаларига аъзолик билетлари,ҳарбий ҳужжатлар, паспортлар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари томонидан бериладиган гувоҳномалар бундан мустасно) кўрсатилган фамилияси, исми ёки отасининг исми унинг паспортидаги ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидаги фамилияси, исми ёки отасининг исми билан мос келмаган тақдирда, мазкур ҳужжатларнинг унга тегишли ёки тегишли эмаслиги; бахтсиз ҳодиса; иморатга хусусий мулк ҳуқуқи асосида эгалик қилиш; меросни қабул қилиш ва унинг очилиш жойи фактларини аниқлаш билан боғлиқ ишларни кўради». Бу борада қабул қилинган суд қарорлари турли оилавий муносабатлар, нафақа тайинлаш, жисмоний ва юридик шахслар билан юзага келадиган турли масалаларни ҳал этиш кафолатини беради.
Аммо юридик фактларнни белгилашнинг бошқача (судсиз) тартиби назарда тутилган ҳолларда унга оид аризалар суд тартибида кўрилмайди. Ушбу тартибга биноан меҳнат стажини (пенсия, меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик, ҳомиладорлик ва бола туғилиши муносабати билан нафақа тайинлаш, иш ҳақига фоиз қўшимчаларни қўшиб ҳисоблаш, узоқ йиллик хизмати эвазига бир йўла мукофот пули тўлаш ва ҳоказолар учун), фуқароларнинг ёшини белгилаш, ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаганлик, партизан отрядида бўлганлик, жангларда яраланганлик, олий ўқув юрти, техникум, ўрта мактаб ва бошқа ўқув юртларини битирганлик фактларини белгилаш, партия, касаба уюшмалари ҳужжатлари, паспорт ва фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан бериладиган гувоҳномаларнинг тегишлилиги фактини белгилаш тўғрисидаги аризалар судда кўрилмайди.
Шахснинг ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатларда (жамоат бирлашмаларига аъзолик билетлари, ҳарбий ҳужжатлар, паспортлар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари томонидан бериладиган гувоҳномалар бундан мустасно) кўрсатилган фамилияси, исми ёки отасининг исми унинг паспортидаги ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасидаги фамилияси, исми ёки отасининг исми билан мос келмаган тақдирда,мазкур ҳужжатларнинг унга тегишлилиги ёхуд тегишли эмаслиги фактини белгилашга доир аризалар салмоғи анча катта.
Аммо кейинги пайтда бу борадаги устунлик фуқароларга пенсия-нафақа тайинлаш билан боғлиқ масалаларга ўтди десак, янгилишмаймиз. Бунинг асосий сабаби ҳужжатлардаги чалкашлик, ноаниқлик ва мавҳумликларга бориб тақалади.
Фактлар пенсия ва нафақа тайинлашга доир ҳужжатлар тегишли маҳкамаларга баъзан хато-қусурларга «бой» ҳолда тақдим этилаётганидан далолат беради. Мутасадди идора ходимининг оддийгина бепарволиги, лоқайдлиги сабабли турли бюрократик тўсиқлар, қоғозбозликлар, овора-ю сарсонгарчиликларга дуч келаётган ва бунинг оқибатида муайян вақтгача нафақа таъминотидан четда қолаётганлар анчагина. Масалан, қўшкўпирлик Ровияжон Авезова айнан шундай масъулиятсизликнинг жабрини тортди.
Тумандаги собиқ «Незахос» жамоа хўжалиги масъулининг эътиборсизлиги боис фуқаролигини тасдиқловчи ҳужжатда Авезова Ровияжон Норимовна дея қайд этилган исм-шарифи ўзбошимчалик билан ўзгартирилган. Унинг 1992-2000 йиллар мобайнида ушбу хўжаликдаги фаолияти Авезова Рая номи остида пенсия таъминоти идорасига тақдим қилинган. Мазкур маҳкама жамоа хўжалиги мутасаддиси томонидан оддийгина тарзда йўл қўйилган ушбу хатони жиддий камчиликка йўйди. Р. Авезовани сал бўлмаса, ўзганинг номини ўзлаштирганликда айблади. Бир неча ойларга чўзилган сарсонгарчилик ниҳоят судда якун топди. Жамоа хўжалигида фуқаронинг номига ёзилган 4375919-рақамли меҳнат дафтарчаси у бир неча йиллар давомида ушбу жамоада ишлаганини кўрсатди. Ишкал иш ҳақи ҳужжатларидан чиқди. Фуқаронинг исм-шарифи қўпол тарзда бузилгани ва Рая Авезова номи остида қайд қилингани маълум бўлди. Суд тегишли ҳужжат ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини ҳам эътиборга олди. 1967 йил январь ойида туманнинг Ҳадра қишлоғи «Незахос» маҳалласида туғилиб, қарийиб 8 йил мобайнида шу ердаги собиқ жамоа хўжалигида меҳнат қилган шахснинг исм-шарифи Рая Авезова эмас, балки Ровияжон Норимовна Авезова экани шу аснода маълум бўлди. Бу ҳолат юридик фактни белгилаш бўйича суд томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорида ўз аксини топди.
Суд муҳокамаси учун тақдим этилган бошқа бир ҳолатда ҳали 1956 йил атиги 1 ёшлик чоғидаёқ бевақт оламдан ўтган Нуриддин Дурдиевнинг вафотини белгилаш масаласи кўриб чиқилди. Шу юзадан унга ука эканлигини даъво қилган Ғайрат Дурдиевнинг аризаси атрофлича ўрганилди. Бу жараёнда судга ариза билан мурожаат қилган Ғ. Дурдиев 1968 йил июль ойида туғилгани,отаси Қуранбой Дурдиев 1994 йил ноябрь, онаси Ёқутжон Жуманиёзова эса, 2013 йил март ойида вафот этгани факти ҳам аниқланди. Ушбу фуқаролар 1 яшарлик чоғида вафот этган гўдакнинг укаси ва ота-онаси экани эътироф қилинди. Аён бўлишича, Нуриддин Дурдиевнинг ўлими ўша вақтда мутасадди маҳкама томонидан тегишли тартибда қайд қилинмаган. Шовот тумани ФҲДЁ бўлими эса, Дурдиевлар оиласига тўнғич аканинг ўлими бўйича маълумотнома бериш ҳақидаги талабни рад қилган. Даъвогар тараф шундай сўнг бевақт нобуд бўлган бола ҳақида маълумот бериши мумкин бўлган ҳужжатни туман Марказий шифохонасининг архив муассассига топширилган жилдлари орасидан излашга киришган. Аксига олиб, бундан ҳам наф чиқмаган. Шифохонанинг бола вафот этган даврга оид ҳужжатлари архивга топширилмагани маълум бўлган. Ҳайриятки, қидирилаётган маълумот туман Ободонлаштириш бошқармасидан топилган. Мазкур бошқарманинг 2021 йил 13 мартдаги маълумотномасида ёзилишича, 1956 йил 1 январь куни вафот этган Н. Дурдиев Шовот шаҳарчасидаги «Шаҳидлик бобо» қабристонига дафн қилинган. Ўлим фактини судга таклиф қилинган гувоҳ ҳам тасдиқлаган.
Суд ушбу ҳолатларни эътиборда тутиб, фуқаро Дурдиев Нуриддин Куранбаевичнинг 1956 йил 1 январ куни вафот этганини эътироф этди. Шу бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорига асосан ўлим факти белгиланди.
Мерос масаласида мазкур оилани қийнаб келаётган муаммо ана шу аснода ечим топди.
Баён этилган ҳолатлардан ҳам кўринадики, судлар қонун талабидан келиб чиқиб, юридик фактларни белгиламоқда. Бироқ фуқаролик муносабатларига оид ҳужжатларни қонун меъёрлари асосида тўғри, аниқ, лўнда, тушунарли ва аслида қандай бўлса, шундайлигича ёзиш ҳамда расмийлаштиришга асосан идора ва ташкилотларнинг мутасаддилари масъул эканини доимо назарда тутиш керак. Фуқаролик шаъни ва обрўсини улуғлаш уларнинг биринчи галдаги вазифаси, ҳаётий бурчидир.
Зафар Султонов,
фуқаролик ишлари бўйича
Шовот туманлараро суди раиси,
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш