СУД ТЎҒРИ ЙЎЛДАН ТОЙГАНЛАРГА АЙБИНИ ҲАЛОЛ МЕҲНАТИ БИЛАН ОҚЛАШ ИМКОНИНИ БЕРДИ

Одамнинг ҳаёти ҳеч қачон бир текис кечмайди. Агар шундай бўлмаганида, шовотлик Диёрбек Олламов ва Ихлосбек Фарҳодов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ақлини қинғирликка эмас, балки эзгуликка сарфлаган бўларди. Аммо уларнинг кўнглидаги ғараз ният бунга тўсқинлик қилди. Ҳали гўдаклидаёқ оғир дардга чалиниб, биринчи гуруҳ ногирони бўлиб қолган Диёрбек худбинлик гирдобига тушди. Бунинг устига у чоҳга якка ўзимас, яқин дўсти ва тенгдоши Ихлосбекни ҳам тортди.

Буёғини сўрасангиз, Диёрбекнинг куни ўзи очган дўконда ўтади. Бу шохобча ҳам осмондан тушмаган, у – яхши инсонларнинг ҳиммати намунасидир.

Аниқроқ айтганда, туман ёшлар ташкилоти би­ринчи гуруҳ ногирони Диёрбекнинг тақдирига бефарқ қа­­рамади. Уни ўз оталиғига ол­­ди. Элга хизмат қилиб, ўзи ва оиласини моддий жиҳатдан таъминлаши учун ба­ҳоли қудрат имкон яратди. Ташкилот бу билан ҳам кифояланмади. Диёрбекка «AV­TECH» тизимидаги электрон мос­лама, «ARTEL» русумли ком­пью­тер жамланмаси ва «EP­SON L3101» ранг­ли матн кў­чириш ус­кунасини ҳам тақдим қилди.

Компьютернинг имконияти чексиз. Матн ва тасвирни рангли суратда муҳайё этувчи ускунанинг имкониятига эса, тан бермай илож йўқ.

Диёрбекни дўкондаги сав­до-сотиқдан ҳам кўра ушбу ускуна ўзига кўпроқ маҳлиё этди. Бўш вақт топди, дегунча унинг сир-асрорлари-ю, нималарга қодирлигини ўр­ганишга киришди. Кунларнинг бирида хаёлига ға­ройиб фикр келди. Пештахта тортмасидаги 50 минг сўм­лик қоғоз пулни ускунага жойлаб, ундан нусха олишни «буюрди». Рангли тасвир ус­­кунаси ўз соҳибининг «амри»ни шу заҳотиёқ бажо келтирди. Оддий оқ қоғоз бир пасдаёқ биноийдай 50 минг сўм­лик пулга айланди. Диёрбек ўзининг «даст­ёри»ни тағин иш­га солди. Рангли тасвир кў­чиргич 50 минг сўм пул бирлигидаги шундай пулдан яна 3 тасини тайёрлаб берди. Диёрбекнинг бу ғаройиб­ «кашфиёти»га дў­конга кирган дўс­ти Ихлосбек ҳам гувоҳ бўлди. У ҳам ҳайратини яшира олмади.

Диёрбек ҳо­зиргина ўз «машинаси» ясаб берган қалбаки пулларни унинг қўлига тут­қазди.

…Д. Олламовга қарашли дўкон маҳалланинг якка-ю-ягона савдо маскани эмас. Кекса аёл Ҳожарбиби Исмоилова сотувчилик қиладиган озиқ-овқат дўкони ҳам шу яқинда жойлашган. Ихлосбек ушбу дўкондан харид қи­лган егуликларнинг тўлови учун 50 минг сўм­лик қалбаки пулни бер­ди. Аммо Ҳожарбиби опа буни сезмади. Харид жараёни силлиқина кечгани, сотувчи аёл пулни индамайгина олиб қўйгани Ихлосбекни дадилликка ундади.

Эртаси куни яна дў­конга келди. Қў­лидаги 3 та қалбаки 50 минг сўмликнинг 2 тасини опанинг қўлига тутқазиб, тағин егуликлар харид қилди.

Иттифоқо ўша куни дўконга Ҳожарбиби опанинг куёви М. Собиров ҳам келган эди. Қайнонасига қарашаётиб, Ихлосбек тўлаган пулларга кўзи тушди. Бу 3 та 50 минг сўмлик ҳақиқийсига ўхшамаслиги унинг эътиборини тортди. Ҳақиқий ва сохта пуллар шу ердаёқ ўзаро бир-бирига солиштирилди ва барчаси аён бўлди.

Сохта пулнинг овозаси шу куниёқ ҳаммаёққа тарқалди. Ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу жараёнда унинг тафсилотлари тў­лиқ ойдинлашди. Ҳар иккала айбланувчи ўз қилмишига астойдил иқрорлик билдирди. Улар 50 минг сўм бирлигидаги 4 нусха қалбаки пул рангли тасвир кўчирувчи ускунада тайёрланганини очиқ-ойдин тан олишди.

Д. Олламов ва И. Фарҳодовнинг қилмиши юзасидан тергов тадбирлари давом этаётган бир пайтда ушбу туманда шунга ўхшаш бош­қа бир жиноий ҳаракат ҳам фош қилинди. Туманнинг «Янгиобод» маҳалласида яшовчи Мақсадбек Ражабов ноқонуний валюта айрибошлашга қўл урди. Бу воқеа шу йилнинг 23 январь куни туман марказидаги дорихоналардан бири яқинида рўй берди. Бир нотаниш шахс шу ерда унинг қар­шисидан чиқиб, суҳбатга тортди. Исмини ҳам айтди: «Ойбек». Афтидан, у Мақсадбекни сиртдан танийди ва хатти-ҳаракатларини четдан кузатиб юргани ҳам эҳтимолдан холи эмас.

У ўз машинасида Мақсадбекка дардини ёрди. Гап орасида чет эл валютасини ал­маштириш мақсадида туман марказига келганини писанда қилди. Мақсабдек ҳам 8 минг 205 АҚШ долларини сўмга айрибошлаш учун келган эди. Мақсадбекка ўз оёғи билан ҳузурига келган «Ойбек» айни у боп харидор бўлиб туюлди. Томонлар ўртасидаги савдо силлиққина пишди.

«Ойбек»­нинг 4 минг 500 АҚШ долларига бўлган «эҳ­тиёжи» шу ер­даёқ қондирилди. 4 минг 500 доллар миқдоридаги хориж пули 44 миллион 310 минг сўм эвазига айрибош қилинди.

Бошқача айтганда, валютафурушликнинг «қора бозори» кў­ри­ниш берди.

Одатда, ак­сарият­ жиноий кирдикорлар пинҳона тарзда намоён бўлади, уни содир этганлар панада қо­лишга уринишади.

Аммо Мақсадбекнинг бу борадаги ҳаракати самара бермади. Унинг йўлини тў­сиб чиққан ҳуқуқни муҳофаза қи­лувчи идора ходимлари ҳо­зиргина бўлиб ўтган воқеанинг тафсилотини сўрашди. Мақсадбек ай­бидан тонмади.

4 минг 500 АҚШ доллари эвазига санаб берилган 44,3 миллион сўмни уларнинг қўлига тутқазди.

Би­роқ валютафурушликни касб қилмагани, ихтиёридаги хориж пулини қурилиш моллари сотиб олиш учун алмаштирганини таъкид­ла­ди.­ Айбини қисман тан олди. Жиноий қилмишни амалга оширган Диёрбек ва Ихлосбеклар ҳам бойиш ниятини инкор этишди. 4 та 50 минг сўмликдан иборат ясама пул оддийгина «эрмак»нинг натижаси бўл­­ганини зўр бериб уқдиришди.

Суд жараёнида қалбаки пул ясовчиларнинг далиллари чу­қур тек­ширилди.

«Эрмак» юзи­­га тортилган парда шу аснода очилди. Аммо шу оддийгина «эрмак» аслида жиноий қилмиш эканлигини пировардида айбланувчиларнинг ўзлари ҳам тан олишди. Қалбаки пул ясовчилар Ҳожарбиби Ис­­моиловадан астойдил узр сў­рашди, икки марта амалга оширилган хариднинг ҳақини ҳақиқий пул бирлигида тўлаб, етказилган зарарнинг ўрнини қоплашди.

Судда фуқаровий даъ­вогар ма­қомида гувоҳлик берган аёл бу ҳолни эътироф этди, ўзини куппа-кундуз куни чув туширган ҳар иккала айбла­нувчи маҳалладоши экани, уларни кечиргани, даъвоси йўқ эканини баён қилди.

Бинобарин, мулкий зиёнга оид масалани ҳал этишнинг ўз тартиб-таомиллари бор. Олий суд Пленумининг «Жиноят натижасида етказилган мулкий зиённи қоплашга оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 26-сонли қарори 9-бандида қайд этилганидек, мулкий зиён етказилган ҳар бир жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилаётганда суд фуқаровий даъвони ҳал этиши, даъво қўз­ғатилмаган бўлса, мулкий зиённи қоплаш масаласини ўз ташаббуси билан му­ҳо­ка­ма қилиш лозим.

Суд муҳокамаси жараёнида судланувчи Д. Олламов оғир дард са­бабли мактаб таҳсилини уйида олгани, билимлар синовида қатнашгани маълум бўл­ди. Шу билан бирга унинг оилавий шароити, фуқаровий даъвогар ўз талабидан воз кечгани, кечиргани инобатга олинди. Бу судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг енгил жазо тайинлашга оид 57-моддасини қўллашни тақозо қи­лади. Суд жараёнида аниқланган бир қатор ҳолатлар ушбу моддани яна бир судланувчи И. Фар­­ҳодовга нисбатан ҳам татбиқ этиш мумкинлигини кўр­­­­­сатди. Суд ҳукми шу асосда чиқарилди. Тергов ор­гани тарафидан ҳар икки судланувчига нисбатан Жиноят­ кодексининг қалбаки пул ясашга доир 176-моддаси 2-қисми «а», «в» бандлари тўғри қўл­ланилгани таъкидланди. Судланувчиларга оиласи бағрида қолган ҳолда тарбия­ланиш имкони берилди. Яъни уларга нисбатан муайян муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Чет эл валютасини қонунга хилоф равишда айрибошлаш билан шуғулланган Мақсадбек Ражабовга ҳам базавий ҳисоблашнинг 100 ба­равари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Жиноий далил сифатида олиб қўйилган чет эл валютаси давлат ҳи­собига ўтказилди.

Шу тариқа суд уларга айбини ҳалол меҳнати билан ювиш, ҳаётда тўғри йўлни топиш учун имкон берди. Энди ҳамма гап уларнинг ўзида қолди.

Ўктам Машарипов,

жиноят ишлари бўйича

Шовот тумани суди раиси,

Абдулла Собиров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: