КУЛФАТ КЕЛТИРГАН ҒАЗАБ
Оксана (исм-шарифлар ўзгартирилди) зарур бир юмуш билан кўчага чиққан пайт қизи ташвишли овозда қўнғироқ қилиб, уйга тез етиб келишни айтди.
Бирон кор-ҳол рўй берганини сезган Оксана шоша-пиша изига қайтди.
Остонада уни Жиззахда яшовчи холаваччаси Юлиянинг эри Шариф кутиб олди.
— Тинчликми? Юлия қани, нега ёлғиз келдингиз? — сўради Оксана.
Бу саволни эшитгач, Шарифнинг ранг-рўйи ўзгариб, саросимага тушиб қолди.
— Бир неча кун олдин Юлияни Тошкентга кузатиб қўйган эдим, — деди ниҳоят Шариф. — Уни ҳеч қаердан тополмаяпман. Бу ерга келгани йўқми?..
Бу нохуш хабарни эшитгач, Оксана Юлия Жиззахдан қачон ва қандай русумли, қандай рангдаги автомашинада йўлга чиққани, эгнига қанақа кийим кийганини сўраб-суриштирди. Аммо унинг саволларига Шариф тайинли жавоб бермади. Оксана нега орадан етти кун ўтгандан сўнг Юлиянинг йўқолиб қолгани ҳақида энди келиб хабар бераётганини сўраганида Шариф кўзини олиб қочиш билан чекланди, холос.
— Қўл қовуштириб ўтиргандан фойда йўқ, — деди Оксана жиғибийрон бўлганча. — Ички ишлар идорасига хабар бериш керак!
Оксананинг қатъий қистови билан Шариф Чилонзор тумани ички ишлар идорасига бориб, воқеа ҳақида хабар берди. Бироқ ички ишлар идорасида унга Жиззах шаҳар ички ишлар идорасига мурожаат қилиш лозимлигини тушунтиришди.
Кўнгилнинг кўчаси кенг экани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Буни жиззахлик Шариф Турсунқулов кеч англаб етди. У «Жиззах — Тошкент» йўналишида киракашлик қилаётганида автомашинасига ўтирган бир аёл билан танишиб қолди. Аёл ундан нега ёнида темир қўлтиқтаёқ олиб юргани билан қизиқди. Шарифнинг биринчи гуруҳ ногирони эканини эшитгач, Юлиянинг унга нисбатан меҳри ошади. Бу танишув бора-бора муносабатларни қуюқлаштирди.
Ёши элликдан ўтган Шариф Турсунқулов сўққабош бўлгани учун Юлияга уйланишга қарор қилади.
2017 йилнинг 9 декабрь куни Шариф Юлия билан қонуний никоҳдан ўтади.
Тез орада Юлия ширин муомаласи ва пазандалиги билан Шарифнинг яқин қариндошлари ўртасида ҳам ҳурмат қозонади. Уларнинг бахтли ҳаёти бир текисда кечаётгандек эди.
Қариндоши Юлия Шаталованинг бедарак йўқолгани ҳақидаги хабар Оксана Колцованинг ҳаловатини ўғирлади. Унинг кўнглини турли шубҳа-гумонлар эгаллади. Оксана Шарифнинг довдираган қиёфаси, худди айбдордек кўзларини олиб қочишини хаёлидан ўтказиб, кўнглида унга нисбатан шубҳа пайдо бўлди. У Шариф Юлиянинг Тошкент шаҳрида отасидан мерос қолган уйига эгалик қилиш мақсадида ўлдирган, деган гумонга борди.
Шариф Жиззах шаҳрига қайтиб кетгач, Оксана унга қайта-қайта қўнғироқ қилди. Лекин Шариф унинг қўнғироқларига жавоб бермади. Бу Оксананинг шубҳа-гумонларини баттар кучайтирди. Охири тоқати-тоқ бўлган Оксана Жиззахга етиб борди ва Шарифни топиб, Юлия Шаталованинг бедарак йўқолгани тўғрисида ички ишлар бўлимига мурожаат қилди.
Шундан сўнг Юлиянинг кутилмаганда бедарак йўқолиб қолгани бўйича суриштириш ишлари бошланди.
Суриштирув чоғида калаванинг учи Шариф Турсунқуловга келиб тақалди.
Маълум бўлишича, 9 май куни Шариф билан хотини билан дам олиш учун бир неча кунга дала ҳовлига йўл олади. Эртаси куни кутилмаганда Шариф билан Юлия ўртасида жанжал келиб чиқади. Шунда ғазаб отига минган Шариф қўлтиқтаёқ билан аёлнинг бошига бир неча марта зарб билан уради.
Оқибатда қақшатқич зарба таъсирида Юлия жон таслим қилади. Бундай бўлишини кутмаган Шариф дастлаб саросимага тушиб қолади.
Бироқ тез орада ўзини ўнглаб, содир этган мудҳиш жиноятни яшириш мақсадида тунда Ю. Шаталовага тегишли фуқаролик паспорти ва бошқа шахсий буюмларини Сангзор дарёсига ташлаб юборади.
Бундан ҳам кўнгли тўлмай, ўзи ва Юлиянинг қон теккан кийимларига ўт қўйиб, ёқиб юборади.
Унинг галдаги ёвуз нияти мурдани кўздан йўқотиш эди. Шу сабабли у ярим тунда шаҳар четидаги қувур ўтказиш учун икки метр чуқурликда ковланган жойга нарвон ва белкурак олиб боради. Нарвон билан чуқурга тушиб, жасадни кўмиш учун ўра қазади. Бироқ жисмоний имконияти чеклангани боис жасадни кўмишга қурби етмайди. Шунинг учун укаси Зарифни ёрдамга чақиради. Зариф тазйиқ остида унга кўмаклашишга мажбур бўлади.
Тиббий ва судга оид криминалистика экспертизасининг хулосаларида Ю. Шаталованинг бош соҳасидаги оғир жароҳатлар ўлимга сабаб бўлгани, жароҳатлар Ш. Турсунқуловга тегишли қўлтиқтаёқ билан етказилгани маълум бўлди.
Ҳаётда жиноий қилмиш ҳеч қачон жазосиз қолмаган. Бу гал ҳам шундай бўлди. Суд судланувчи Ш. Турсунқуловга оид жиноят ишини мазмунан кўришда қонун талабларига таянди, одиллик, адолатлилик, жазонинг муқаррарлиги тамойилларидан келиб чиқди, Олий суд Пленумининг раҳбарий тушунтиришларига риоя этди.
Судда дастлабки тергов органи томонидан Ш. Турсунқуловнинг жиноий ҳаракати Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и» банди билан нотўғри малакалангани қайд этилди. Чунки судланувчининг жиноий ҳаракатини марҳума Ю. Шаталовага тегишли бўлган уй-жойни эгаллаш мақсадида, таъмагирлик ниятида жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилган деб баҳолаб бўлмайди. Жиноят ишида тўпланган ҳужжатлардан кўринишича, Ш. Турсунқулов 2017 йилнинг декабрь ойида Ю. Шаталова билан қонуний никоҳдан ўтиб, бирга яшаб келган. Судланувчининг таъмагирлик қилиш ниятини тасдиқловчи бирон-бир далил мавжуд эмас.
Бунинг устига судланувчининг таъмагирлик ниятида марҳумани қасддан ўлдирганлик ҳолати ҳам терговда исботланмаган. Шу боис суд ҳайъати Ш. Турсунқуловнинг жиноий ҳаракатини қайта малакалашни лозим топди.
Суд ҳайъати 2019 йил 10 май куни тунда тахминан соат йигирма иккиларда дала ҳовлисида ўзаро жанжаллашиб қолгач, судланувчи Ш. Турсунқулов темирдан ясалган қўлтиқтаёқ билан марҳуманинг бошига бир неча маротаба уриб, қасддан унинг ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказгани оқибатида Ю. Шаталованинг воқеа жойида вафот этгани жиноят ишида тўпланган ҳужжатлар, кўрсатма ва экспертиза хулосалари билан тўлиқ исботланган деб ҳисоблади.
Суд судланувчи Ш. Турсунқуловни Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми ва 227-моддаси 2-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топди. Тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан Ш. Турсунқуловга узил-кесил ўташ учун 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Суд ҳукмида жабрланувчи О. Колцовага иш бўйича етказилган моддий ва маънавий зарарлар бўйича фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.
Баён этилган мудҳиш қотиллик тафсилотидан хулоса чиқарилса, кимдир ўз ҳаётини хайрли амаллар билан безаса, бошқа биров гулдек умрини ўз қўли билан дўзахга айлантириши аён бўлади. Шу сабабли халқимиз «Ким қилмагай, ким топмагай» деб бежизга айтмаган. Зеро, эгрилик ва ёвузликнинг интиҳоси бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
Шуҳрат ХУДОЁРОВ,
Жиззах вилояти суди судьяси,
Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,
журналист
Фикр қолдириш