ҲАҚИҚАТНИНГ ОЙДИН ЙЎЛИ

«Адолат қарор топди, мен оқландим, — дейди хоразмлик Б. Бекчонов — Бунинг учун ушбу эзгу ва савоб ишлар ташаббускори бўлган Президентимизга миннатдорчилик билдираман».

2019 йил Хоразм вилояти «Ҳудудгаз-Хоразм» масъулияти чекланган жамия­ти бош директори Баҳодир Бекчоновнинг ҳаётида оғир из қолдирди. 28 ноябрь куни у ишдан бўшатилди. Аммо буниси ҳали ҳолва экан. Ўша йилнинг 2 декабрь куни уни ҳуқуқни муҳофаза этувчи идорага чақиришди. Собиқ раҳбар шу куни уйига қайтмади. Яъни Б.Бекчоновга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Кейин эса, қамоқ эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилди. Сўнг­ра уй қамоғи эҳтиёт чораси гаров эҳтиёт чорасига ўзгартирилди.

Судга тақдим этилган ҳужжатларда қайд қилинишича, «Ҳудудгаз-Хоразм» масъулияти чекланган жамиятининг собиқ раҳбари 2011 йилдан 2018 йилнинг 23 июлигача «Ўзтрансгаз» акциядорлик жамиятининг Хоразм вилояти филиали бошлиғи лавозимида ишлаган. Шундан сўнг ўз хоҳишига биноан нафақага чиққан. Аммо орадан 1 йил-у 3 ой ўтгач, уни янгидан шаклланаётган «Ҳудудгаз-Хоразм» масъулияти чекланган жамиятига раҳбар қилиб тайинлашган.

Тергов органи томонидан Б. Бекчоновга нисбатан ўз мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, ғаразгўйлик ва бош­қа манфаатлар, дабдабали ҳаётни кўзлаш, ноқонуний бойишга уриниш, ташкилот фаолияти қонунийлиги, моддий қимматликлар, бойликларнинг сақланишини таъминламаслик сингари айблар қўйилган. Хусусан, асл қиймати 628,2 миллион сўмлик товар-моддий бойликларнинг нархи сунъий равишда 786,8 миллион сўм қилиб кўрсатилгани, шу аснода корхонага 158,5 миллион сўмлик молиявий зиён етказилгани, Янгиариқ ва Ҳазорасп туманларида 1 600 дона газ баллонларини сақлаш ва тарқатишга мўлжалланган янги «Сервис марказ»лари қурилишида бажарилмаган ишлар учун сарфланган 108,2 миллион сўмни ва 26 миллион сўмлик турли моддий ресурсларни бир гуруҳ шахслар билан ўзаро тил бириктирган ҳолда ўзлаштириш йўли билан талон-тарож этилгани қайд этилган. Булар Б. Бекчоновни Жиноят кодексининг ўзлаштиртиш ёки растарата йўли билан талон-торож қилишга доир 167-моддаси 3-қисми «а» банди, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суистеъмол қилишга тааллуқли 205-моддаси 1-қисми, мансаб сохтакорлигини ифодаловчи 209-модда 2-қисми «а» банди бўйича айблаш учун асос бўлган.

Бу бўйича ўтказилган тергов ҳаракатлари мобайнида «етказилган зарар»нинг ўрнини қоплаш мақсадида айбланувчи ва унинг оиласидан 200 миллион сўм ундирилган.

Ўрни келганда шуни айтиш керакки, корхонага етказилган 108,2 миллион сўм­лик зарарни 133,4 миллион сўм қилиб қоплаган ва айб­ни ўз гарданига олган яна бир неча нафар масъул-мансабдор шахс жавобгарликдан озод этилган. Бироқ Б. Бекчоновга айблов эълон қилинган.

Хўш, бу қанчалик тўғри бўл­ган? Шуни айтиш жоизки, 20 нафардан зиёд масъул ва оддий лавозимидаги гувоҳлар Б. Бекчоновнинг «айби»ни «фош» этди. Устига устак, собиқ раҳбарнинг айбини тасдиқловчи экс­пертиза ҳужжатлари ҳам тайёрланди. Бироқ гумондорнинг айбини исботлашга монелик қилган ҳолатлар ҳам содир бўлди. Хусусан, 2017-2018 йиллар мобайнида «Хоразмгаз» филиали сотиб олган моддий товарларнинг ҳақи­қий қийматини аниқлаш ва баҳолаш бў­йича Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х. Сулаймонова номидаги Республика суд экс­пертизаси маркази Қорақалпоғис­тон бўлими 786,8 миллион сўмлик жиҳозлар асосан ўз нархида сотиб олингани ҳақи­да хулоса берди. Афсуски, бу экспертиза хулосаси инобатга олинмади. Қайтадан экспертиза тайинланиб, уни ўтказиш масъулия­ти чекланган жамияти шаклидаги «Xorazm Expert Baholash» корхонаси зиммасига юклатилди. Бу корхона сотиб олинган моддий товарлар қийматини эса, «қо­йил­­мақом» тарзда аниқлади. Аниқроғи, Интернетдаги норасмий нархлар расмий мақомда тергов органига тақдим этилди.

Суд мажлисида тергов тарафи эълон қилган далил-исботлар синчиклаб ўрганилди. Судланувчи тергов хулосасида қайд этилган айбларни тан олмади. Судга айбсизлигини тасдиқловчи бир қанча факт ва далиларни тақдим қилди. Қолаверса, корхонанинг қонуний вакили сифатида судда қатнашган фуқаровий даъвогарлар Х. Отабоев ва О. Тўраниёзов ҳам моддий товарлар ҳақи­қатда 786,8 миллион сўмга ўз нархида сотиб олинганини тасдиқлаб, корхонага 158,5 миллион сўм миқорида зиён етказилгани ҳақидаги даъвони рад этиб, Б. Бекчоновга нисбатан даъводан воз кечишди. Суд жараёнида бу ҳолатга янада аниқлик киритилди.

«Ҳудудгаз-Хоразм» корхонаси билан бевосита савдо-сотиқ қилган хўжалик юритувчи субъектларнинг раҳбарлари гу­воҳ сифатида судга таклиф қилинди. Бу жараёнда айбдорга чиқарилган ва жамоанинг 158,5 миллион сўмлик мулкини тил бириктирган ҳолда талон-торож этганликда айбланган судланувчини уларнинг ҳеч қайси мутлақо танимаслиги аён бўлди. Гувоҳлар Б. Бекчонов билан ўзаро мулоқотда бў­лиш­магани, унинг имзоси қўйилган савдо-харид шартномалари бошқа шахслар томонидан келтириб берилгани, товарлар нархи амалдаги бозор нархларига мос ҳолда белгиланганини баён этишди. Буни корхонанинг савдо-сотиққа масъул бўлган ходимлари ҳам эътироф этишди. Пировардида гувоҳларнинг кўр­сатмалари ҳамда ҳар иккала экспертиза ташкилоти хулосасида ифодасини топган нархлар бир-бирига таққосланди. Бунда Республика суд экспертизаси маркази Қорақалпо­ғис­тон бў­лими хулосаси ва гувоҳларнинг кўрсатмаларида баён этилган нархлар ўзаро уйғун бўлиб чиқди. Шу муносабат би­лан «Xorazm Expert Baholash» масъулияти чекланган жамиятининг баҳолаш хулосаси Жиноят-процессуал кодексининг 95-1-моддаси талабига мувофиқ мақбул бўлмаган далил деб топилди.

Суд мажлиси муҳокамасида Янгиариқ ва Ҳазорасп туманларидаги «Сервис марказ»ларини барпо этиш жараёнида корхонанинг 133,4 миллион сўмлик пули бевосита Б. Бекчонов томонидан амалга оширилган қў­шиб ёзишлар оқибатида ўз­лаштириб юборилгани ҳақи­даги даъво ҳам асоссиз бўлиб чиқди. Судда гувоҳлик берган пудратчи ташкилот — «Хоразм газқурилиш-монтаж» масъулия­ти чекланган жамияти раҳбари Р. Вафоев, етакчи мутахассис Ш. Абдуллаев ҳамда У. Жуманиёзов бажарилмаган ишлар учун ҳужжатлар сохталаштирилганидан Б. Бекчоновнинг хабари бўлмагани, корхонага етказилган 133,4 миллион сўмлик зарарни ўзлари қоплашганини маълум қилишди. Шу тариқа мазкур жиноий қилмиш шахсан жамоа раҳбарининг хатти-ҳаракати оқибатида содир этилгани ва унинг пул ўзлаштиргани бўйича эъ­лон қилинган айб ўз исботини топмади. Суд тарафларнинг шахсий қараши, фикр-мулоҳазаларига эмас, аниқ факт ва далиллар ва гувоҳларнинг холисона кўрсатмаларини эъ­тиборга олди.

Натижада Жи­ноят­ кодексининг талон-тарожликка оид 167-моддаси 3-қисми «а» бандида ифодасини топган жиноят Б. Бекчонов томонидан содир қилинмагани маълум бўлди. Айни шундай ўрганиш ва тафтиш-текширувлар чоғида Жиноят кодексининг 205- ва 209-моддалари бўйича эълон қилинган айблар ҳам асоссиз бўлиб чиқди.

Чунки суд мажлисида «Ҳуддудгаз-Хоразм» корхонасининг ходимлари гувоҳлик бериб, дастлабки суриштирувлар чоғида тазйиқ туфайли ёлғон кўрсатма беришганини билдиришди.

Судда Бекчоновлар оиласига қарашли чойхона қурилишига «Хоразмгаз» филиалининг иш­чи кучлари, техника воситалари сафарабар қилингани борасидаги айблар ҳам жиддий муҳокамага сабаб бўлди. Терговда аниқланган ҳолатларга қараганда, Янгиариқ тумани марказида Б. Бекчоновнинг ўғли О. Бекчоновга тегишли чойхона қурилишига собиқ «Хоразмгаз» филиалининг ишчи кучлари, техника воситалари сафарбар қилинган, бу ишлар корхона раҳбарининг шахсий топшириғи асосида амалга оширилган.

Суд суриштирувлари асносида Б. Бекчоновнинг ўғли чиндан ҳам, чойхона қургани аниқланди. Бироқ Бекчоновлар оиласига қарашли чойхона қурилиши «Хоразмгаз» филиалининг моддий-техникавий кўмаги билан эмас, балки банкнинг 96 миллион сўмлик кредит маблағи эвазига амалга оширилгани маълум бўлди. Шу боис Б. Бекчоновнинг мансаб ваколатини суистеъмол қилгани ҳақидаги айблов ўз исботини топмади. Бундан ташқари чойхона биноси қурилаётган ер майдони остидан ўрта босимли газ қувури тортилгани Янгиариқ тумани архитектура идорасининг жиддий эътирозига сабаб бўлган ва «Янгиариқ газ» корхонасидан ушбу қувурни хавф-хатардан холироқ жойга кўчириш талаб қилинган. Бу иш туман маркази бош режасини амалга ошириш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар ҳамда ёнғин хавф­сизлиги қоидаларига мувофиқ амалга оширилган. Бу эса, Жиноят кодексининг 205-моддаси доирасидаги айбловнинг ҳам асоссиз бўлиб чиқишига сабаб бўлди.

Суд мажлисида Б. Бекчоновнинг «дабдабали ҳаёт кечиришини таъминлаш учун ноқонуний йўллар билан бойлик орттириш»га урингани, «ғаразгўйлик ва бошқа паст мақсадлар»ни амалга оширишга ҳаракат қилгани каби жиноий қилмишларни содир этмагани исботланди.

Жиноят-процессуал кодексда қайд этилишича, суд фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиб ҳукм чиқаради. Айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас ва фақат судланувчининг жиноят содир этишда айб­дор эканлиги суд муҳокамаси давомида исбот қилинган тақдирдагина чиқарилади. Иш қўз­ғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган масала бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, судланувчи айбсиз деб топилади ва у реабилитация этилиши зарур.

Бундай пайтда айбсизлик презумпцияси принципи талабларига ҳам қатъий амал қилиниши ва оқлов ҳукми чиқарилиши шарт.

Суд ана шу тамойилларга таяниб, Б. Бекчоновга нисбатан эълон қилинган айбловни тасдиқловчи объектив далиллар мавжуд эмас, деган хулосага келди. Асоссиз, тахмин ва фаразлардан иборат даъво талаблари рад этилиб, Б. Бекчонов оқланди. Айбловлар бўйича қонунбузилиш ҳолати юз бермагани қайд этилиб, «гаров» эҳтиёт чораси сифатида тўланган 10 миллион, жиноят натижасида етказилган зарарларни қоплаш мақсадида асоссиз тўлатилган 200 миллион сўм Б. Бекчоновга қайтарилди.

«Лавозимидан четлаштириш» тарзидаги процессуал мажбурлов чораси ҳам бекор қилинди. Етказилган мулкий ва маънавий зиённи қоплаш, унинг оқибатларини бартараф қилиш юзасидан тегишли судга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилди.

Иккала тумандаги «Сервис марказ»ларини барпо қилиш чоғида етказилган моддий зарар учун айбни ўз бўйнига олган Р. Вафоев ва У. Жуманиёзовнинг иқрорлиги ҳам инобатга олинди ва юзага келган камомадни қоплаш мақсадида улар томонидан прокуратура органининг депозит ҳисоб рақамига топширилган 133,4 миллион сўм «Ҳудудгаз-Хоразм» масъулияти чекланган жамияти ҳисобига ўтказилди.

Мамлакатимиз Конститу­ция­сида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланган. Шахснинг дахлсизлик ҳуқуқига асосан айбсиз одамни ҳибсга олиш ёхуд қа­моқда сақлашга асло йўл қўйилмайди. Шу маънода Б. Бекчоновнинг оқлангани мамлакатимизда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалдаги намунаси ва одил судловни таъминлаш борасида дадил қадам ҳисобланади.

Даврон Муродов,

жиноят ишлари бўйича

Урганч шаҳар суди судьяси,

Абдулла Собиров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: