ЭСДА ҚОЛАДИГАН АЖРИМ: УШБУ ҲУЖЖАТ БИЛАН 3 НАФАР СУДЛАНУВЧИ ОҚЛАНДИ, 1 НАФАРИ ЖАЗОДАН ОЗОД ҚИЛИНДИ
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан судларда ҳар бир иш бўйича қонуний ва асосли қарор қабул қилиш, шу орқали адолатни юзага чиқаришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Натижада муқаддам ноҳақ судланган шахслар оқланиб, бузилган ҳуқуқи тикланмоқда. Бу уларнинг оиласи, элу юрт, қўни-қўшни ва қариндош-уруғлар олдида юзи ёруғ бўлишига сабаб бўлмоқда.
Модомики, гап оқлов ҳукмлари хусусида борар экан, бунда Навоий вилояти судининг 2021 йил 23 апрелда Азизбек Қодиров, Дилмурод Ҳасанов, Умид Мансуров ва Обиджон Пардаевга нисбатан чиқарган ажримини тилга олмаслик мумкин эмас. Чунки ушбу ажрим билан 3 нафар шахс оқланди, бир нафари жазодан озод қилинди.
О. Пардаев «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси Марказий кон бошқармасининг Марказий нефть маҳсулотлари базасига қарашли 4817-сонли нефть омборида мудир лавозимида, А. Қодиров, Д. Ҳасанов ва У. Мансуров оператор вазифасида ишлаб келишган.
Жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг 2017 йил 28 октябрдаги ҳукмига асосан А. Қодиров, Д. Ҳасанов, У. Мансуров ва О. Пардаевдан ташқари А. Эргашев, Ф. Самиев, Ш. Аҳмадов, Ж. Эргашев, М. Мирзаев, Х. Раҳимов, С. Усмонов, С. Раҳимов, Б. Ҳакимов, Ф. Абдуллаев, У. Холов, Н. Краснов, Б. Сайидов ҳамда Х. Қаландаров ҳам судланган.
Айблов хулосасида қайд этилишича, Азизбек Қодиров, Дилмурод Ҳасанов ва Умид Мансуров Марказий нефть маҳсулотлари базаси раҳбари З. Эгамов, «Мурунтау» майдони участкаси юклаш-тушириш участка бошлиғи Ф. Самиев, 4817-сонли омборхона мудири Ш. Аҳмадов ҳамда операторлар М. Мирзаев ва Ж. Эргашев билан ўзаро жиноий тил бириктирган. Яъни улар 2015 йил 14 июлдан 2016 йил 29 сентябрга қадар бўлган вақт оралиғида нархи 353 323 964 сўмлик 86,471 килограмм миқдордаги дизель ёқилғисини ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали талон-торож қилган.
Шунингдек, А. Қодиров ва Д. Ҳасанов 2016 йил 17 июндан 2016 йил 22 июнгача баҳоси 12 347 006 сўмлик 3 минг 471 килограмм миқдордаги бензин ёқилғисини ноқонуний йўллар билан ўзлаштирган. Бу ҳам етмагандек, улар 2016 йил 29 июндан 2016 йил 2 июлга қадар 6 060 969 сўмлик 1 минг 919 килограмм бензин маҳсулотини талон-торож қилган.
Бу ҳаракатлар оқибатида Марказий кон бошқармаси манфаатларига жуда кўп миқдорда моддий зарар етказилган.
Яна бир судланувчи Обиджон Пардаев 2017 йил 3 январдан 2017 йил 26 январгача бўлган вақт мобайнида 10 861 842 сўмлик камомадга йўл қўйган.
Қолаверса, Марказий нефть маҳсулотлари базасининг юклаш-тушириш ишлари участкаси бошлиғи Ф. Самиев участка чилангарлари А. Эргашов, Х. Раҳимов, тозаловчи ишчи Х. Неъматов, электр таъмирловчи С. Усмонов билан мулкни қасддан нобуд қилиш мақсадида жиноий тил бириктириб, турли резервуарлардаги мотор мойи билан саноат мойини бир-бирига қўшиб, 130 333 000 сўмлик 30,006 килограмм «М14Г2к» русумли мотор мойини фойдаланиб бўлмайдиган ҳолатга келтириб қўйган.
Шундан сўнг уларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилган.
Суд Азизбек Қодиров, Дилмурод Ҳасанов ва Умид Мансуровни Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди, 28,209-моддаси 2-қисми «а» бандлари, Обиджон Пардаевни кодекснинг 167-моддаси 1-қисми, 173-моддаси 2-қисми «в» банди билан айбдор деб топиб, муайян муддатларга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳамда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 14 мартдаги ажримига асосан суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Аммо….
Аммо ўзларини айбсиз деб билган А. Қодиров, Д. Ҳасанов, У. Мансуров ва О. Пардаев орадан 2 йил ўтгач, тегишли далилларни тақдим қилган ҳолда, Олий судга мурожаат этишди. Чунки давлатимиз раҳбарининг инсонпарвар сиёсати туфайли муқаддам ноҳақ судланган шахсларнинг оқланаётгани ва бу эзгу ишлар бардавомлик касб этаётгани уларнинг кўнглида умид учқунларини уйғотди.
Қисқаси, Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2020 йил 19 октябрдаги ажримига мувофиқ, жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди апелляция инстанциясининг 2018 йил 14 мартдаги ажримининг О. Пардаев, А. Қодиров, Д. Ҳасанов ва У. Мансуровга оид қисми бекор қилинди. Жиноят иши янгидан апелляция инстанция судида кўриш учун юборилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жиноят ишини янгидан кўриш жараёнида ҳақиқатан ҳам, уларнинг айбсизлиги маълум бўлди. Жумладан, биринчи инстанция суди ишни кўришда Жиноят-процессуал кодексининг 22, 23, 112, 463 ва 467-моддаларида назарда тутилган ҳақиқатни аниқлаш, айбсизлик презумпцияси принципларига ҳамда айблов ҳукми чиқариш асосларига риоя қилмаган.
Ҳукмда суднинг ҳар бир судланувчига нисбатан хулосаларига асос бўлган далиллар ва суднинг бошқа далилларни рад этиш сабаблари ёритилмаган, айбланувчиларнинг кўрсатмаларига ҳуқуқий баҳо берилмаган. Бу билан суд Олий Суд Пленумининг 2014 йил 23 майдаги «Суд ҳукми тўғрисидаги»ги ҳамда 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят ишларини апелляция тартитбида кўриш амалиёти тўғрисида»ги қарорлари талабларига риоя қилмаган.
Масалан, операторлар У. Мансуров, А. Қодиров, Д. Ҳасанов ва бошқалар ихтиёрида бўлган нархи 353 323 964 сўмлик 86,471 килограмм миқдордаги дизель ёқилғиси, баҳоси 12 347 006 сўмлик 3,471 килограмм ва 6 060 969 сўмлик 1919 килограмм автобензин ёқилғисини ўзлаштириш ёки талон-торож қилиш ҳамда ҳужжатларни қалбакилаштириш айблови гувоҳлар ёки судланувчиларнинг кўрсатмалари, тафтиш далолатномалари, бухгалтерия ҳужжатлари асосида ёки бошқа мақбул далиллар билан исботлангани асослантирилмаган.
Худди шундай ҳолатни О. Пардаевнинг 2017 йил 3 январдан 26 январь кунига қадар бўлган вақт оралиғида жавобгарлигида бўлган 10 861 842 сўмлик 2,501 килограмм «М14А2к» русумли мотор мойини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш эпизодида ҳам кўриш мумкин.
Бундан ташқари У. Мансуров, А. Қодиров, Д. Ҳасанов ва бошқалар ихтиёридаги дизель ва керосин ёқилғиси ҳар ой махсус комиссия томонидан инвентаризация қилинганда бирор маротаба ҳам камомад аниқланмаган.
Бироқ текширишда инвентаризация ҳужжатлари инобатга олинмаган.
Фақатгина судланувчиларга нисбатан кирим-чиқимлар миқдори акс эттирилган китоблардаги рақамлар орасида тафовут борлиги сабабли жиноят иши қўзғатилган. Лекин бу тафовут айнан камомад экани ва у ўзлаштириш ёки растрата оқибатида вужудга келгани исботлаб берилмаган.
Шу билан бирга, судланувчи О. Пардаевнинг 4817-сонли омбордаги дизель ёқилғиси, керосин ва мой маҳсулотлари ўлчовдан ўтказилганда 9-сонли резервуарда сақланаётган «И50» маркали мойдан 26,569 килограмм ортиқча, 25-сонли резервуарда сақланаётган «М14Г2К» маркали саноат мойидан 29,070 килограмм камомад борлиги аниқлангани, у камомадга йўл қўймагани, шунчаки мойлар бир бирига қўшилиб кетгани ҳақидаги важларига қонуний баҳо берилмаган.
Гарчи жиноят ишида 2016 йил 14 июлдан 2016 йил 29 сентябрь кунигача бўлган даврдаги ойма-ой амалга оширилган инвентаризация далолатномалари, нефть маҳсулотлари базаси моддий жавобгар шахсларининг марказий ҳисобхонага топширган ҳисоботлари мавжуд бўлса-да, аммо иш бўйича ҳужжатли тафтиш ёки суд-бухгалтерия экспертизаси ўтказилмаган.
Қолаверса, судланувчиларни 12 347 006 сўмлик 3,471 килограмм дизель ва 6 060 969 сўмлик 1,919 килограмм автобензин ёқилғисини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилганлик юзасидан айблаш Марказий кон бошқармасига қарашли қўриқлаш бўлимининг қайд этиш дафтарида мавжуд маълумотларга асосланган бўлиб, текширишда бухгалтерия ҳужжатлари ва ўша давр учун ўтказилган инвентаризация актлари инобатга олинмаган.
Ваҳоланки, суд ишда мавжуд бўлган камчилик, ноаниқлик ва қарама-қаршиликлар бартараф этиши, камомад мавжудми-йўқми, агар мавжуд бўлса, унинг келиб чиқиш сабаблари, талон-торожлик кимнинг фойдасига ва қай йўсинда содир этилганини мутахассисларни сўроқ қилиш, лозим бўлса, қайта тафтиш ёки экспертиза тайинлаш йўли билан текшириб кўриши, шундан сўнггина иш бўйича қонуний тўхтамга келиши лозим эди.
Бироқ жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар суди бу қонуний талабларни бажармаган. Бундай ҳолатда ўз-ўзидан суд ҳукмини қонуний ва адолатли деб бўлмайди.
Навоий вилояти суди юқорида қайд этилган асосларга таяниб, жиноят ишлари бўйича Зарафшон шаҳар судининг 2017 йил 28 октябрдаги ҳукмининг Азизбек Қодиров, Дилмурод Ҳасанов ва Умид Мансуровга оид қисмини бекор қилди. А. Қодиров, Д. Ҳасанов ва У. Мансуровни айбсиз деб топиб, оқлади.
Суд ҳукмининг Обиджон Пардаевга оид қисми эса, ўзгартирилди. Аниқроғи, О. Пардаевнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 167-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят таркиби бўлмагани сабабли у ушбу модда бўйича айбсиз деб топилиб, оқланди. Унга нисбатан эълон қилинган айблов Жиноят кодексининг 173-моддаси 1-қисмига қайта малакаланди. Пировардида Обиджон Пардаев ушбу модда билан айбдор деб топилди.
Жиноят кодексининг 64-моддасида жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетгани муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилган бўлиб, агар ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этилган кундан бошлаб икки йил ўтган бўлса, шахс жавобгарликдан озод қилинади.
Шунга кўра, О. Пардаев Жиноят кодексининг 173-моддаси 1-қисми билан жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетгани туфайли жазодан озод қилинди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу апелляция ажримини адолатнинг чинакам тантанаси сифатида баҳолаш мумкин. Зеро, адолатни рўёбга чиқариш бугун том маънода адолат қўрғонига айланиб бораётган судлар зиммасидаги энг асосий масъулиятдир.
Абдуманнон ШАЙДОЕВ,
Навоий вилояти суди
раиси ўринбосари,
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист
Фикр қолдириш