САМАРАЛИ КЕЛИШУВ УСУЛИ – СУД МЕДИАЦИЯСИ АФЗАЛЛИКЛАРИ
2018 йил 1 апрелда қабул қилинган янги таҳрирдаги Иқтисодий процессуал кодекс суд ишларини қулай ва содда усулда, вақт ҳамда маблағ тежамкорлиги асосида ҳал қилишнинг янги ва мақбул босқичини бошлаб берди. Аниқроқ айтганда, кодекснинг 107-моддаси биринчи қисми 5-1, 5-2 ҳамда 5-3-бандлари иқтисодий низолар юзасидан ҳавола этилган суд ишларини маълум шарт ва келишувларга мувофиқ кўрмасдан қолдириш тартибини белгилайди ва бундан биринчи галда низолашаётган тарафлар наф кўради.
Бу ҳақида гап борганда, яқинда суд лексикасига кириб келган «медиация» ибораси мазмун-моҳиятига эътибор қаратиш зарур. «Медиация» сўзи лотин тилидан олинган бўлиб, тарафлар ўртасида воситачилик қилиш, уларни ўзаро яраштириш, муросага келтириш, аралашиш, деган маъноларни англатади. Иқтисодий судлар фаолиятига татбиқ этилганида эса, бир қатор ҳуқуқий омил ва оқибатларни юзага келтиради.
Бу иборанинг аниқ таърифи амалдаги «Медиация тўғрисида»ги қонунда баён этилган бўлиб, у иқтисодий келишмовчиликлар боис юз берган низони ўзаро мақбул қарорга эришиш мақсадида тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилишни англатади.
Жаҳон тажрибасидан аён бўлишича, медиация нафақат фуқаролик, балки иқтисодий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда самарали усул саналади. Иқтисодий процессуал кодекснинг 107-моддаси 5-3-бандига киритилган ўзгартиришдан сўнг медиация тартиб-таомилини қўллаш амалиёти мамлакатимизда ҳам йўлга қўйилди. Унга кўра,тарафлар медиатив келишувга эришган тақдирда, суд даъвони кўрмасдан қолдиради.
Даъволарни медиатив келишувлар асосида профессионал медиатор (воситачи) лар ёрдамида ҳал этиш судда иштирок этаётган тарафлар учун чиндан ҳам, муҳим янгилик бўлди ва масалани турли зиддиятлар, асаббузарликлар, нозарур тортишувлардан бирмунча холи тарзда суднинг аралашувисиз ҳал этиш имкониятларини кучайтирди. Бундай тартиб яқиндагина жорий этилишига қарамай, жорий йилнинг I-чорагидаёқ 7 та суд иши тарафларнинг медиатив келишувига мувофиқ туманлараро иқтисодий судлар тарафидан кўрмасдан қолдирилди.
Башарти, масалага медиатор-воситачилар аралашмаганида, вилоятда фаолият кўрсатаётган «SARXON» ва «SEVINCH» масъулияти чекланган жамиятлари ўртасида юзага келган низо ҳали-бери барҳам топмасди.
Қонунчиликда ўз ифодасини топган янги тартиб рўй бериши муқаррар бўлган кўнгилсизликка чек қўйди, зиддиятнинг олди олинди. Орага тушган воситачилар фаол ҳаракат қилишди. Масаланинг қонуний,адолатли, холисона ва мақбул ечими ҳамда чораларини кўрсатиб беришди. Тарафлар профессионал медиатор кўмагида ўзаро келишув битимини тузишди.
«SARXON» масъулияти чекланган жамиятининг «SEVINCH» масъулияти чекланган жамиятидан қарийиб 704 миллион сўмлик асосий қарзи ҳамда 350 миллион сўм миқдоридаги пеня ундиришга қаратилган талаби боис тарафлар ўртасида юзага келган низо медиация туфайли барвақт барҳам топди. Орадаги медиатив келишувга мувофиқ жавобгар даъвогар тарафга салкам 704 миллион сўм ҳажмидаги асосий қарзни 5 кун ичида тўлаш, даъвогар эса, 350 миллион сўм миқдоридаги пеня тўловидан воз кечиш мажбуриятини зиммасига олди. Медиатив келишувга биноан суд даъвони кўрмасдан қолдирди.
Иқтисодий процессуал кодекснинг 131-моддасида баён этилганидек, тарафлар мавжуд низоли ҳолатни келишув битими ёки медиатив келишув орқали бартараф қилиши мумкин. Қонун даъвога оид барча ишни муроса битими ёки медиатив келишув асосида ҳал қилиш бўйича тарафларга кенг ҳуқуқ ҳамда ваколатлар беради. Келишув битими иқтисодиётга тааллуқли суд ишларини юритишнинг барча босқичлари, ҳатто чиқарилган ҳал қилув қарори ва ажримларини ижро этиш жараёнида, медиатив келишувни эса, биринчи инстанция суди то ўз қарорини қабул қилингунга қадар бўлган вақт оралиғида тузиш мумкин.
Шунингдек, «Давлат божи тўғрисида»ги қонуннинг 18-моддаси биринчи қисми 9-бандида, агар тарафлар ўртасида медиатив келишув қайд этилган бўлса ёки ариза кўрмасдан қолдирилганда давлат божи уни тўлаган тарафга қайтарилиши белгиланган.
Мазкур қоидага мувофиқ «SARXON» ва «SEVINCH» масъулияти чекланган жамиятлари бу мажбуриятдан холи қолдирилди. Давлат божини тўлаш мажбурияти ҳеч кимнинг зиммасига юклатилмади. Даъвогар аризимас миқдордаги почта харажатинигина қоплади, холос.
«OXANGRABO» фирмаси ва «O’ZBEGIM» хусусий корхонаси ўртасида 150 миллион сўмлик қарздорлик юзасидан келиб чиққан низо ҳам ана шу қоидага мувофиқ якун топди.
Бироқ бунгача ўтган вақт оралиғида жавобгар тараф ҳам қараб турмади.
Судга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «OXANGRABO» фирмаси ҳисобидан 250 миллион сўм миқдорида пеня ундиришни сўради.
Бироқ иш судда кўриб чиқилмади. Тарафлар воситачининг саъй-ҳаракати боис ўз даъвосидан воз кечди. Улар судга медиатив келишувга доир битим ҳамда Адлия вазирлигининг профессионал воситачи номига берилган сертификатни тақдим қилишди. Суд тарафларнинг бу келишувини мақсадга мувофиқ, деб топди ва ҳар икки тарафнинг даъво аризасини кўрмасдан қолдирди. Эътиборли жиҳати шундаки, ишнинг судда кўрилмасдан қолдирилгани эътирозга сабаб бўлмади. Кўрмасдан қолдирилган иш бўйича шикоят келиб тушмади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармасининг «Қишлоқ қурилиш банк» манфаатини кўзлаб қилган мурожаати ҳам низони суд тартибида кўриб чиқишгача бориб етмади.
Медиатив келишув орадаги низони бартараф этди. Якка тартибдаги тадбиркор Абдуллаев Абдулазиз Асадбек ўғли ҳамда «BOG`I SHAAMOL» масъулияти чекланган жамиятига нисбатан 230 миллион сўмлик асосий кредит қарзи ва унинг 156,2 минг сўм миқдоридаги фоизини ундириш ҳақидаги талаби ҳам ушбу келишув кўмагида ҳал этилди. Суд тарафлар ўртасида медиатив келишувни эътироф этди ва даъвони кўрмасдан қолдиришни мақсадга мувофиқ, деб топди.
Худди шундай ҳолат мазкур ҳудудий бошқарманинг «QURUVCHI SHAXZOD» масъулияти чекланган жамиятидан 600 миллион сўмлик асосий кредит қарзи ҳамда 19 миллион сўм миқдоридаги фоиз тўловини унинг гаровдаги мол-мулки эвазига ундириш бўйича судга киритган даъво аризасини ўрганиш жараёнида ҳам кузатилди. Аввалига ўзаро зиддиятга борган тарафлар орадан кўп ўтмай низони тинч йўл билан ҳам бемалол ҳал этиш мумкинлигини англаб етишди. Тарафларнинг хоҳишига биноан ўртага тушган воситачи уларни муросага келтирди. Можародан муроса афзал. Буни судлашаётган тарафлар ҳам дилдан англашди ва ўзаро келишувга розилик беришди. Тарафларнинг хоҳиши ва профессионал медиаторнинг битимга оид таклифи ишни кўрмасдан қолдириш юзасидан чиқарилган суд ажрими учун ҳуқуқий асос бўлди.
Хулоса ўрнида айтганда, медиация — низони муроса ва музокара йўли билан ҳал этишнинг мақбул ва ишончли усули. У қонуний мақомга кўтарилгани, Иқтисодий процессуал кодексга алоҳида модда сифатида киритилгани ва суд жараёнида тарафларни турли ташвиш-у оворагарчиликлар, қоғозбозликлар, ортиқча харажатлардан халос этаётгани, ишларни тез кўриш ва ҳал этиш омилига айланаётгани, тарафларнинг судга кейинчалик ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмаслиги билан эътиборлидир.
Нилуфар Аллаберганова,
Урганч туманлараро
иқтисодий суди раиси,
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш