УВОЛ БЎЛГАН УМРЛАР
Муҳтожлик туфайли қарз олиш айб эмас. Ҳалол одамлар қарзни ҳамиша оғир юк ҳисоблашади ва ундан имкон қадар тезроқ қутулишга интилашади.
Ғиждувонлик Акмал Абдуллаев, Руслан Рустамов, Миршодбек Имомқулов, Шоҳжаҳон Рустамов, Муҳаммад Ҳусенов қарз баҳонасида оғир жиноятга қўл уришди. Бунга Акмал Абдуллаевнинг Шоҳжаҳон Рустамовдан олган арзимас миқдордаги қарзи сабаб бўлди.
Гап шундаки, Шоҳжаҳон қарзни қайтаришни талаб қилавергач, Акмал муаммодан қутулишнинг қалтис йўлини топди. У Шоҳжаҳонга пулдор танишини қўрқитиб, пулини тортиб олишни таклиф қилди.
Бу режа Шоҳжаҳонга ҳам мойдек ёқиб тушди. Шундан сўнг икковлон жиноий режа тузиб, бунга танишлари Руслан, Миршод, Муҳаммадни ҳам жалб этишга келишишди.
Катта миқдордаги пулнинг дарагини эшитган Руслан Рустамов ва Миршодбек Имомқулов таклифни дарров қабул қилди. Муҳаммад Ҳусенов рўйхушлик бермаса-да, аммо айрим масалаларда ёрдам берди.
Қисқаси, ўтган йилнинг 29 декабрь кечаси уюшган жиноий гуруҳ йўлга отланди. Жиноий режага мувофиқ Акмал ва Руслан уйга бостириб кириш ва уй эгаларини совуқ қурол билан қўрқитган ҳолда пул ва бошқа бойликларни тортиб олиш вазифасини зиммасига олди. Миршод уй олдида атрофни кузатиб туриш, хавф-хатар туғилса, шерикларини огоҳлантириш, Шоҳжаҳон эса, автомашинада белгиланган жойда уларни кутиб турадиган бўлди.
Юзига ниқоб тақиб, пичоқ билан қуролланган жиноий шериклар қўшни қишлоқлик тадбиркор Жаҳонгир Соҳибхўжаевнинг (исм-шариф ўзгартирилган) уйини қийналмай топишди.
Улар дастлаб уйни электр тармоғидан узишди. Бир зумда ҳаммаёқ зим-зиё тортди. Акмал ва Руслан уйнинг қурилиши тугалланмаган қисмидаги дераза орқали уй эгалари ухлаб ётган хонага бостириб киришди. Юзига ниқоб, қўлига пичоқ тутган кимсаларни кўрган хонадон эгалари қўрқувдан карахт ҳолга тушишди. Босқинчилар уларнинг кўксига пичоқ тираб, пул ва қимматбаҳо буюмларни беришни талаб қилишди. Уй эгаси дағ-дағ титраганча автомашинаси юкхонасида қанчадир пул борлигини билдирди.
Автомашина юкхона очилиб, 12,5 миллион сўм нақд пул жиноятчилар қўлига ўтди. Босқинчилар бу билан чекланмади. Улар уй эгаларининг 8 миллион сўмлик иккита қўл телефонини ҳам тортиб олишди ва воқеа жойидан ғойиб бўлишди.
Босқинчилар ўлжага олинган пул ва буюмларни ўзаро тақсимлашаётган пайтда ўзлари содир этган жиноятнинг тезда фош этилишини хаёлларига ҳам келтирмаган эди.
Тергов органи А. Абдуллаев, Р. Рустамов, М. Имомқулов ва Ш. Рустамовнинг жиноий ҳаракатини Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-қисми «в» банди асосида малакалади. Аммо суд муҳокамасида бу айблов ўзгартирилди. Аниқроғи, А. Абдуллаев ва Р. Рустамовнинг айби тергов тарафидан тўғри талқин этилган деб топилди. Босқинчиликда ёрдамчи сифатида иштирок этган бўлса-да, жабрланувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солмаган, ўз жиноий шериклари томонидан содир қилинган зўравонликда бевосита қатнашмаган М. Имомқулов ва Ш. Рустамовнинг қилмишини Жиноят кодекснинг 28,164-моддаси 3-қисмига, М. Ҳусеновнинг қилмиши эса, Жиноят кодексининг 241-моддаси 1-қисмига қайта малакаланди.
Суд А. Абдуллаев ва Р. Рустамовга 13 йил, М. Имомқуловга 11 йил, Ш. Рустамовга 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Бундан ташқари уларнинг зиммасига 18 миллион 141 минг сўмлик моддий зиённи қоплаш мажбурияти ҳам юклатилди. Босқинчиликка бош қўшмаса-да, уни атайлаб яширган, шу ҳақда ҳеч кимга хабар бермаган ва бунинг оқибатида машъум жиноятнинг содир бўлишига сабабчи бўлган М. Ҳусенов 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига маҳкум этилди.
Оддий ва арзимас миқдордаги қарз баҳона бошланган жиноий ҳаракат шундай якун топди. Навқирон ёшдаги тўрт нафар йигит энди умрини панжара ортида ўтказади. Бу муддат уларга жуда қимматга тушиши аниқ.
Зеро, умр — бебаҳо неъмат. Унинг уволи ҳам ғоят улкан ва аянчлидир.
Бобур Умаров,
жиноят ишлари бўйича
Ғиждувон тумани суди раиси,
Абдулла Собиров,
журналист
Фикр қолдириш