ҚОНУН ТАЛАБИ ҲАР ҚАНДАЙ ЎЗБОШИМЧАЛИКНИ ТАЪҚИҚЛАЙДИ

Кўча-куй, жамоат жойларида одам ўзига эҳтиёткор бўлгани яхши. Масалан, ҳамённи тушириб қўйиб, сўнг ўзгалардан гумон қилиш яхши эмас.

Қаюм Абдуҳакимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) бу ҳолни ўз бошидан кечирди.

Гап шундаки, унинг укаси Шойим шу йил 28 январь куни Каттақўрғон шаҳридаги автомашиналарга эҳтиёт қисмлар сотиладиган дўкон яқинида тилла тақинчоқлар солинган ҳамёнини тушириб қолдиради. У негадир ҳамённи Баҳром Каримов олган деган шуб­ҳа-гумонга боради. Шубҳа-гумоннинг пайдо бўлишига шу атрофдаги баъ­зи кишиларнинг гап-сў­зи ҳам сабаб бўлади.

Шундан сўнг Қаюм Абдуҳакимов қонунга хилоф равишда тилла тақинчоқларни топиш ҳаракатига тушади. У жиянлари билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, Баҳром Каримовни ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилишади. Аниқроғи, уни устахонадаги стулга сим билан мажбуран боғлаб, турли усулда қийнаб, жисмоний азоб бе­ради.

Ушбу ҳаракатлари билан Қ. Абдуҳакимов амалдаги Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми ва 138-моддаси 2-қисми «а» бандида кўрса­тил­ган жиноятларни қасддан содир этган.

Суд мажлисида Қ. Абдуҳакимовнинг бир гуруҳ бўлиб, Б. Каримовни тилла тақинчоқларни топиб олганликда гумонлаб, зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний озодликдан маҳрум қи­либ, соғлиғининг қисқа муддатга бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати етказганликдаги айби тўлиқ ўз тасдиғини топди.

Шу боис унга базавий ҳи­соблаш миқдорининг йигирма беш баравари, яъни 6 миллион 125 минг сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди. Бундан ташқари унга нисбатан уч йил муддатга озодликни чеклаш жазоси ҳам белгиланди.

Юртимизда содир этилган ҳар қандай қилмишга нисбатан суд тартибида жавобгарлик белгиланади. Қонундан ташқари ўзбилармонлик билан жазолашга йўл қўйилмайди. Бундай қилмишга қўл урганлар Қ. Абдуҳакимов сингари қонуний жавобгарликка тортилиши муқаррар.

Абдусаттор АБДУРАЗЗОҚОВ,

жиноят ишлари бўйича

Каттақўрғон шаҳар суди раиси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: