НАФС ҚУТҚУСИ ЁХУД НАДОМАТ КЕЛТИРГАН ҚИНҒИРЛИК

Ҳеч кимга сир эмас, мансаб маъсулияти ҳар бир инсондан ҳалоллик ва фидоийликни талаб қилади. Киши қайси соҳа ёҳуд касб эгаси бўлмасин, ана шу инсоний тушунчаларга амал қилсагина эл олдида юзи ёруғ бўлади, обрў-эътибор топади.

Мажбурий ижро бюроси Шаҳрисабз тумани бўлимида давлат ижрочиси лавозимида ишлаб келаётган Собир Нурматов (исм-шарифлар ўзгартирилган) бу ҳақи­қатни, афсуски, ўз вақтида англаб етмади. У нафс йўриғида юриб, ўзгалар ҳа­қига хиёнат қилди. Аниқроқ айтганда, суднинг қарорига асосан қарздор шахс­лардан ундирувчиларга тўланиши лозим бўлган жуда катта миқдордаги маблағни алдов ва фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ўз эҳ­тиёжлари йўлида сарф­лаб юборган.

Яъни С. Нурматов ажрашган оилаларнинг фарзандларига алимент сифатида тўланиши лозим бўлган 64 миллион 670 минг сўмни талон-торож қилган.

С. Нурматов бу билан ҳам чекланмаган. У ака-ука тадбиркорлар Шавкат ва Анвар Қобиловнинг «Миллий банк»нинг Шаҳрисабз тумани филиалидан 17 миллион 744 минг 830 сўм кредит қарз­дорлигини ундириш ҳақидаги ижро варақаси бўйича уларнинг хонадонига боради ва «Samsung» русумли уяли телефони, 2 та телевизор, «Artel» русумли микро тўлқинли печи ҳамда 2 та овоз кучайтириш мосламаларини хатлаб олиб, уларни савдога чиқариш мақсадида узоқ пайт хизмат хонасида сақлаб келган. Ака-укалар қарздорликни қопланган бўлса-да, уларга тегишли бўлган мол-мулкнинг айримларини номаълум кимсаларга сотиб юборган.

Суриштирув ва тергов давомида нафси ҳакалак отган ижрочининг кирдикорлари фош этилди.

Суд жабрланувчиларга етказилган моддий зарарнинг катта қисми қопланганини инобатга олган ҳолда С. Нурматовга нисбатан қонуний жазо тайинлади.

Ҳаётда ҳар қандай ноқонуний қилмишнинг жазоси бор. «Қилмишларимни ким кўриб турибди», деб ўйловчи кимсалар қаттиқ янглишади. Ўйламай босилган қадам, ҳар қандай ғайриқонуний қилмиш кишига надомат олиб келади, холос.

Шундай экан, ҳар бир ишга ҳалоллик ва тўғрилик билан ёндашган, қонун асосида фаолият юритган киши асло кам бўлмайди. Бу ҳаётий ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслик керак.

Орзимурод ШУКУРОВ,

жиноят ишлари бўйича

Шаҳрисабз тумани суди раиси,

Абдунаби БОБОЁРОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: