ИНСОН МАНФААТЛАРИ УСТУВОР

Бугун шиддатли ислоҳотлар даврида яшаяпмиз. Қолаверса, халқимизнинг онги ва тафаккури кечагидан буткул фарқ қилади. Фуқароларнинг давлат ва жамиятни бошқаришдаги иштироки кенгаймоқда. Давлат органлари халқ манфаатидан келиб чиқиб, очиқ фаолият юритишини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бундан беш йил муқаддам мамлакатимизда суд тизимининг мус­тақиллигини таъминлаш орқали суд органларини чинакам адолат масканига айлантириш ғояси илгари сурилди.

Бунинг учун зарур ҳуқуқий механизмларни яратиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Ўтган қисқа даврда судлар фаолиятини ривожлантириш, суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш мақсадида суд органларига судья ва ходимларини танлаб олиш, уларни ўқитиш ва лавозимга қўйиш, шунингдек, суд аппарати кадрлари захираси, судларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация тех­нология­ла­рини жорий қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни такомиллаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Натижада 2016 йилдан 2021 йилга қадар судлар фаолиятига оид 20 дан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлар қа­бул қилинди.

Мамлакатда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳу­қуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қа­рор топтириш йўлидаги суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар самараси натижасида, иқтисодий эркинлик индексининг Суд фаолияти самарадорлиги (Judicial Effectiveness) индикатори бўйича 2021 йилда Ўзбекистон 52 та поғонага юқорилаб, мазкур рейтингда кескин ўсишни қайд этди.

Мамлакатимиз 2020 йилда Суд фаолияти самарадорлиги индикаторида 34,2 балл билан 126-ўриндан жой олган бўлса, 2021 йилда ўз балларини 50,8 га етказиб, 74-ўринни эгаллади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ян­ги таҳрирдаги «Судлар тўғрисида»ги қо­нун ишлаб чиқилди. Янги қонун 2021 йил 28 июлда давлатимиз раҳбари томонидан имзоланди.

Мазкур қонун 14 боб, 101 та моддадан иборат. Қонунни ишлаб чиқиш жараёнида Қо­зоғистон, Грузия, Озарбайжон, Германия, Франция ва АҚШ каби хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилган.

Қонунга кўра, барча судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қо­нунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.

Суд мажлиси залида ҳо­зир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин.

Ўзбекистонда суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳо­ли сўзлашадиган тилда олиб борилади.

Туман ёки шаҳар судининг судьяси этиб тайинлаш ёки сайлаш учун юридик касб бўйича энг кам иш стажи 5 йил ўрнига 7 йил, вилоят судьялигига 7 йил ўрнига 10 йил, Олий суд судьялигига 10 йил ўрнига 15 йил этиб белгиланди.

Шунингдек, қонунга мувофиқ, судья биринчи марта 5 йиллик муддатга, навбатдаги 10 йиллик муддатга ва лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда сайланади ёки тайинланади. Олий суд судья­си лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун 65 ёшни ташкил этади.

Бундан ташқари судьяларнинг интизомий жавобгарлиги илгари қонуннинг 73-моддаси билан тартибга солинган бўл­са, энди ушбу нормага 4 та моддадан иборат 11-боб бағишланган. Унга кўра, судья интизомий жавобгарликка қуйидаги ҳолатларда тортилиши мумкин:

— одил судловни амалга оширишда қонунийликни бузганлик учун;

— суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун;

— судьялик шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда суднинг обрўсини туширадиган ножўя хатти-ҳаракат содир этганлиги учун;

— Судьялар одоб-ахлоқ кодекси талабларини бузганлик учун.

Судьяларнинг малака ҳайъа­ти судьяга қуйидаги интизомий жазолардан бирини қўл­лаши мумкин:

– огоҳлантириш;

– ҳайфсан;

– ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан ортиқ бўл­маган миқдорда жарима;

– малака даражасини бир поғонага пасайтириш;

– ваколатларини муддатидан илгари тугатиш.

Янги қонун билан киритилган 12-боб судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш ҳолатлари ҳамда тартибини назарда тутади.

Судьяларни моддий қўл­лаб-қувватлашга келсак, янги қонун уларга уй-жой олиш ва ижарага олинган турар-жой бинолари учун компенсация олиш имкониятини беради.

Уй-жойга муҳтож бўлган судья­ маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда суд жойлашган ерда хизмат турар жойи билан таъминланади.

Судья унга доимий яшаш учун белгиланган тартибда турар жой берилгунга қадар турар жой ижараси, иккиламчи ижараси билан боғлиқ харажатлари компенсация қилиниши ҳуқуқига эга.

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ваколатлар муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қай­та тайинлаш тўғрисидаги ма­сала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.

Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади.

Қонун билан одил судловнинг асосий принциплари ва суд ҳужжатларини қайта кў­риш тартиби ҳам такомиллаштирилди. Судьяларнинг мақоми, мустақиллиги кафолатлари кучайтирилди.

Судьялик лавозимига номзодлар ва сайланадиган шахс­ларга нисбатан қўйиладиган талаблар халқаро стандартларга мослаштирилди.

Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги қайта кўриб чиқилди. Судьялар ваколатларини тўхтатиб туриш, шу­нинг­дек, тугатиш асослари ва тартиби аниқлаштирилди ҳамда судьяларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун юртимизда суд ҳокимиятининг чинакам мус­та­қиллигига эришиш, суд органларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳам­да фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига бўл­ган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

Отабек Мирзаев, 

Касби туманлараро

иқтисодий суди судьяси

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: