ТИКЛАНГАН ҲУҚУҚ: СУД ФУҚАРОНИНГ ТИРИКЛИГИНИ ТАСДИҚЛАДИ
Бу ҳаётда турли-туман тақдирли кишилар учрайди, баъзан ғаройиб воқеа-ҳодисаларга ҳам гувоҳ бўлиш мумкин.
Мисол учун фуқаролик ишлари бўйича Карамана туманлараро суди фуқаро Б. Умматов (исм-шарифлар ўзгартирилди) ни вафот этмагани ва у ҳозирда ҳаёт эканини тўлиқ тасдиқлади.
Аввало ушбу воқеа моҳиятига аниқлик киритадиган бўлсак, Бекназар Умматов 1954 йилнинг 7 март куни Кармана туманида туғилган. 1978 йилда Мастура Умматова билан турмуш қурган. Бир ўғил, икки қизи бор.
Эр-хотин 1983 йилда Навоий шаҳар, Навоий кўчаси, 52-уй, Н. хонадонни Б. Умматовнинг номига сотиб олишган. Аммо 1997 йилнинг 26 декабр куни оилавий низо туфайли суд қарори билан улар ўртасидаги никоҳ бекор қилинган.
Б. Умматов судга тақдим этган аризасида ёзишича, М. Умматова билан никоҳи бекор қилингач, 1999 йил октябрь ойи охирларида Тошкент вилоятига иш излаб кетган. Аввалига одамларнинг уйларида турли ишларни бажариб юрган, соғлиғи ёмонлашиб, кўчада йиқилиб қолган, фуқаролик паспортини йўқотиб қўйган.
Яхши одамларнинг кўмагида оёққа турган Б. Умматов 2007 йилдан буён Чиноз туманидаги «Бахмал» маҳалла фуқаролар йиғинида яшаб келган. У ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз ҳудудидан ташқарига чиқмаган.
Оёғи оқсаб, ногирон бўлиб қолган.
Фуқаролик паспорти олиш ва нафақага чиқишга хужжатларни тайёрлаш мақсадида ўтган йилнинг 26 октябр куни Б. Умматов Навоий вилоятига келиб, Навоий шаҳар ички ишлар бошқармаси Фуқаролик ва миграция бўлимига мурожаат қилган. У тегишли маълумотларни олиш учун ўзининг номидаги хонадонга хизмат кўрсатувчи уй-жойдан фойдаланиш ширкатига мурожаат қилганида ширкат ходимлари Б. Умматовга бу хонадонда яшамаслиги, ҳисобдан чиқарилгани, бунга сабаб унинг номига расмийлаштирилган ўлим ҳақидаги далолатнома ва суднинг ҳал қилув қарорини кўрсатишган. Уй бошқа кишининг номида эканлигини айтишган.
Суд мажлисида Б. Умматов ўзининг вафот этмагани, ҳозирда ҳаёт экани, буни яқин қариндошлари, синфдошлари ва суд тақдим этган далиллар тасдиқлашини айтиб, суддан аризани қаноатлантиришни сўради.
Суд мажлисида аризачининг акаси, опаси, шунингдек, синфдошлари ва уни аввалдан таниган гувоҳлар кўрсатма бериб, ушбу фуқаро Бекназар Умматов эканлигини тасдиқлашди.
Судда манфаатдор шахс сифатида М. Умматова аризачи бутунлай бошқа одам эканини таъкидлаб, аризани қаноатлантиришдан рад этишни сўради.
Суд гувоҳларнинг кўрсатмалари ва судга тақдим этилган далилларга асосланиб, Б. Умматовнинг аризасини қаноатлантиришни лозим топди.
Чунки иш хужжатларига қараганда, аризачи Б.Умматов 1954 йилнинг 7 март куни Кармана туманида туғилган бўлиб, бу ҳақда 62-сонли далолатнома ёзуви 16 март санаси билан қайд этилган. Б. Умматов 1978 йил 25 март куни М. Умматова билан турмуш қурган. Улар турмушлари давомида уч нафар фарзанд кўришган ва 1997 йил 26 декабр куни суд қарори билан никоҳдан ажратилган.
М. Умматова 2011 йилда судга ариза билан мурожаат қилиб, Бекназар Умматовни вафот этган деб топишни сўраган. Фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг 2011 йил 5 октябрдаги ҳал қилув қарори билан Б. Умматов вафот этган деб топилиб, унинг ўлими ҳақида 2011 йил 1 ноябрь куни Навоий шаҳар ФХДЁ бўлими томонидан 57-сонли далолатнома ёзуви қайд қилинган.
Амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 309-моддасида бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган фуқаро қайтиб келган ёки унинг турган жойи аниқланган тақдирда, суд ўзининг илгариги ҳал қилув қарорини янги ҳал қилув қарор билан бекор қилиши қайд этилган. Янги ҳал қилув қарори тегишинча, мол-мулкка нисбатан бошқарувни ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтаридаги фуқаронинг вафотига доир ёзувни бекор қилиш учун асос бўлади.
Суд мажлисида аризачи Б. Умматовнинг вафот этмагани ва у ҳозирда ҳаёт экани тўлиқ тасдиқланди. Суд манфаатдор шахснинг аризачи бошқа фуқаро экани ҳақидаги важлари билан келишиб бўлмайди, деган тўхтамга келди.
Чунки уларнинг никоҳида мол-мулклари бўлиб, у ҳозирда бегоналаштирилган. Келгусида аризачи ушбу мулкка даъво қилиши мумкинлиги учун манфаатдор шахс М. Умматова мазкур важни илгари сурмоқда, деган хулосага келди.
Биринчи босқич суднинг янги ҳал қилув қарори билан Б. Умматовнинг даъво аризаси қаноатлантирилди.
Шу тариқа суд қарори билан муқаддам вафот этган деб топилган фуқаронинг ҳаёт экани тасдиқланди. Унинг ҳуқуқ ва манфаати адолат тамойилларига йўғрилган қонун мезонлари асосида ҳимоя қилинди.
Нодир РАСУЛОВ,
Навоий вилояти
суди судьяси
Фикр қолдириш