ҚОРАТЕПАЛИК ФИРИБГАР ТЕМИР ПАНЖАРА ОРТИГА РАВОНА БЎЛДИ

Одатда, талончилик, товламачилик, ўғирлик ва фирибгарлик жиноятларини содир этган кимсалар ўзгаларнинг ҳақини қўлга киритаётганда шу йўл билан кайфу сафо қилиб яшайверишни ўйласа керак. Аммо амалдаги қонунларимиз талаби ҳамда жиноятга жазонинг муқаррарлиги бундай хом хаёлни худди совун кўпигидек йўққа чиқаради. 

Бувайда туманининг Қоратепа қиш­лоғидан 26 ёшли Анваржон Жабиев (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳам бири иккинчисига ўхшамаган қилмиш­ларни содир этганда “Қанчалик нозик ва мураккаб ишларни уддаладим”, дея ғурурлангандир балки.

Асли касби дурадгор уста бўлган бу йигит жиноий “фаолияти”ни ўзига ўхшаган бир ҳунарманд устани чув туширишдан бошлади. Яъни 2020 йил 6 октябрь куни Анваржон туманнинг Найман қишлоғидаги Розиқжон Сафаровнинг темир қурилиш материаллари устахонасига келади.

– Тадбиркорлик қилаяпман, Бухорога темир қурилиш материалларини олиб бориб сотаяпман, – дея гап бошлайди у. – Шунинг учун сиз ҳам ёрдам бериб турсангиз, илтимос.

– Хўш, мен нима қилишим керак? – таажжубланиб сўрайди Розиқжон.

– Менга қурилиш материаллари беринг. Тез кунда сотиб, пулини келтириб бераман.

Анваржоннинг ёлғонига лаққа ишонган Р. Сафаров 42 120 000 сўмлик темир қурилиш материалларини насияга бериб юборади. Лекин А. Жабиев уларни фуқаро Неъматилла Хўжамовга 31 450 000 сўмга сотиб, пулларини ўз эҳтиёжига сарфлаб юборади.

Шундан сўнг йил якунланиб, янги 2021 йил келади. “Қаҳрамон”имиз эса янги йилда янги “операция”га қўл уради. Аниқроғи, Анваржон Жабиев 2021 йил 13 январь куни Қўқон шаҳридаги “Навоий” номли меҳмонхонанинг 213-хонасини ижарага олиб, ўша ерда “Canon” рангли принтер ёрдамида қалбаки пул тайёрлашга киришади. Пировардида 1 дона EQ 1358809-серия рақамли 5 000 сўмлик ҳамда 1 дона AZ 6009024-серия рақамли 50 000 сўмлик купюраларни нусха кўчириш орқали кўпайтириб, жами 1 620 000 сўм миқдорида қалбаки пул тайёрлайди. Аммо…

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмасди. Негаки, А. Жабиев шу куни соат 15.30 ларда такси ёллаб, ўзи тайёрлаган қалбаки пул билан Бувайда тумани деҳқон бозори олдига келади. Сўнг ўша ерда жойлашган тадбиркор Гулёра Қодированинг савдо дўконига киради.

– Опажон, тўйим бўляпти, уйланаётгандим. Шунинг учун беш литрлик ёғингиздан бериб туринг, илтимос. Мана, таксичи укам Мирзоҳиджоннинг паспортини ташлаб кетамиз. Пулини олиб келгач, ҳужжатни қайтариб олаверамиз, – дейди ўзини беозор кўрсатиб.

– Майли, ука, бахтли бўлинг. Бизни ҳам шунақа тўйларга етказсин, – дея рози бўлади Г. Қодирова.

Қарабсизки, Анваржон ўзи ёллаб келган такси ҳайдовчиси М. Файзиевнинг фуқаролик паспортини гаров тариқасида қолдириб, нархи 630 000 сўмлик, 12 дона 5 литр ҳажмли идишларга қадоқланган пахта ёғини олиб кетади.

Қўқон шаҳридаги “Мумтоз” буюм бозори яқинига боргач эса машинани тўхтатади. Кейин пахта ёғини тушириб олади-да, сохта пуллардан 600 000 сўмини Мирзоҳид Файзиевга бериб, Гулёра Қодировадан фуқаролик паспортини қайтариб олишини тайинлайди. Такси ҳайдовчиси кетгач, пахта ёғининг бир қисмини бошқа ўсимлик ёғига алмаштиради. Қолган қисмини бўлса сотиб, пулларини ҳамёнига уради. Бироқ айбдор орадан 2 кун ўтиб – 2021 йил 15 январь куни “Мумтоз” буюм бозорида ИИБ тезкор ходимлари томонидан ушланади. Чунки жабрланувчи Г. Қодирова ва М. Файзиев ўша куниёқ қонун ҳимоячиларига хабар беришганди. Шундан кейин 1 020 000 сўм қалбаки пуллар, бир дона 5 литр ҳажмдаги ўсимлик ёғи, “Canon” номли рангли принтер, икки дона канцелярия пичоғи ҳамда бир дона темир чизғич ашёвий далил тариқасида олинган. Оқибатда А. Жабиевга нисбатан жиноят иши қўзғатилади.

Албатта, юқоридаги қилмишлари учун судланувчи қонуний жазога маҳкум этилади. Яъни жиноят ишлари бўйича бўйича Бувайда туман судининг 2021 йил 26 мартдаги ҳукмига биноан Анваржон Жабиев Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди ва 176-моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топилиб, кодекснинг 59, 61-моддалари тартибида 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади.

Бироқ А. Жабиев суд ҳукмидан норози бўлиб, Фарғона вилоят судига апелляция шикояти беради.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, биринчи инстанция суди содир этилган жиноят тафсилотларини тўғри аниқлаган. Яъни судланган А. Жабиевнинг айбига судда тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатувидан ташқари, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатувлари, экспертиза хулосаси ҳамда жиноят ишида тўп­ланган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ тасдиқланганлиги тўғрисида асосли хулосага келиб, унинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди, 176-моддасининг 1-қисми билан тўғри квалификация қилган. Бинобарин, Фарғона вилоят суди апелляция шикоятини қаноатлантирмасдан қолдириш юзасидан ажрим чиқарди.

Фарруҳ АБДУРАИМОВ,

Фарғона вилоят судининг судьяси,

Хуршид СУЛТОНОВ,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: