ҚАРОР ТОПГАН АДОЛАТ – СУД ТАДБИРКОР ВА ФУҚАРОНИНГ МАНФААТИНИ ҲИМОЯ ҚИЛДИ
Судда адолатнинг қарор топиши одил судловнинг асосий шартидир. У бузилган ҳуқуқларни тиклаш баробарида жамиятда ижтимоий адолат барқарорлигини таъминлайди. Буни қуйидаги мисоллар ҳам яққол тасдиқлайди.
«MILL PROGRESS» масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари З. Назимова, Б. Каримов ва З. Шералиева Қўқон туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2018 йил 18 июль куни корхона ва «Алоқабанк»нинг Миробод тумани филиали, «Agro Green City» масъулияти чекланган жамияти ўртасида тузилган кафиллик шартномасини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраган.
Суд муҳокамасида маълум бўлишича, 2018 йил 16 июль куни масъулияти чекланган жамият таъсисчиларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиш ўтказилиб, уларнинг розилиги асосида «Алоқабанк»нинг Миробод тумани филиалидан «Agro Green City» масъулияти чекланган жамиятига кредит олиш учун «MILL PROGRESS» масъулияти чекланган жамиятига қарашли Қўқон шаҳри, Туркистон кўчасида жойлашган бино ва иншоотлар кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган. Шундан сўнг банк «Agro Green City» масъулияти чекланган жамиятига замонавий гидропоника усулида иссиқхона қуриш учун 8 миллиард сўм кредит маблағи ажратган. Аммо орадан икки йилдан кўпроқ вақт ўтиб, «MILL PROGRESS» масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари З. Назимова, Б. Каримов ва З. Шералиева моддий жавобгарликдан қутулиш мақсадида судга даъво аризаси киритган.
Олий хўжалик суди Пленумининг 2014 йил 20 июндаги «Иқтисодий судлар томонидан корпоратив низоларни ҳал этишнинг айрим масалалари тўғрисида»ги қарори 20-бандида «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонуннинг 41-моддасига асосан, жамият бошқарув органининг қарори ушбу қарорни қабул қилиш бўйича овоз беришда иштирок этмаган ёки баҳсли қарорга қарши овоз берган жамият иштирокчисининг даъвоси билан ҳақиқий эмас, деб топилиши мумкин.
Судлар шуни эътиборга олишлари керакки, йиғилишда иштирок этиб, низоли масала юзасидан қабул қилинган қарорни ёқлаб овоз берган шахс ушбу қарорни ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақида судга мурожаат қилганда, унинг талабини қаноатлантириш рад этилиши лозим, иштирокчининг алдаш, зўрлик, қўрқитиш таъсирида овоз бергани ҳоллари бундан мустасно» дея қайд этилган. Суд ана шу асосга кўра, даъво талабини рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқарди. Шу тариқа судда «Agro Green City» масъулияти чекланган жамияти манфаати ҳимоя қилинди.
Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Қўқон шаҳар бўлими томонидан судга киритилган даъво ариза фуқаро Тўхтажон Мирқурбонованинг манфаати ҳимояси билан боғлиқ. Суд мажлисида аён бўлишича, Т. Мирқурбонованинг турмуш ўртоғи Абдулҳай Мирқурбонов илгари «Қўқон 5-Қурилиш монтаж бошқармаси» масъулияти чекланган жамиятида ишлаган. 1984 йил 3 декабрда меҳнатда майибланиши натижасида вафот этган.
Шу боис 1985 йил 11 март кунидан Тўхтажон Мирқурбоновага боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланган. Унга 2017 йил 1 июлдан 2020 йил 31 ноябргача 22 675 073 сўм бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан пенсия тўлаб берилган. Шунинг учун даъвогар 2020 йил 20 октябрда корхонага талабнома билан мурожаат қилиб, фуқарога тўлаб берилган пул маблағларини ўз ҳисобига ўтказиб беришни сўраган.
Бироқ «Қўқон 5-Қурилиш монтаж бошқармаси» масъулияти чекланган жамияти қарздорликни ихтиёрий равишда бартараф этмаган. Шундан сўнг даъвогар судга жавобгар ҳисобидан қарздорликни регресс тартибида ундириш ҳақида даъво аризаси киритишга мажбур бўлган.
«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг 66-моддасида мулк шаклидан қатъи назар, корхоналар ва ташкилотлар корхонанинг айби билан меҳнатда майибланиш ёки касб касаллиги оқибатидаги ногиронлик учун тайинланган пенсияларни тўлаш учун иш ҳақи тўлашга мўлжалланган маблағлар ҳисобидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига харажатларни қопловчи пул ўтказиши белгиланган. Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2010 йил 19 февралда тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тўғрисида»ги Низомнинг 8-бандига биноан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси имтиёзли пенсияларни тўлашга сарфланган маблағларни юридик шахслардан регресс даъволар бўйича белгиланган тартибда ундириб олади. Ана шу асосларга таянган суд даъво талабини қаноатлантирди, «Қўқон 5-Қурилиш монтаж бошқармаси» масъулияти чекланган жамияти ҳисобидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Қўқон шаҳар бўлими фойдасига регресс тартибда 22 675 073 сўм миқдорида тўланган пенсия пули ҳамда почта харажатларини ундириш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Фаррух ОМОНОВ,
Қўқон туманлараро
иқтисодий суди судьяси
Фикр қолдириш