ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН ЙЎЛИ ТАРИХИЙ АДОЛАТ ВА ҲАҚИҚАТ ШОҲКЎЧАСИДАН ЎТАДИ

Шу йил 25 август куни Олий судда мустабид шўро тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозирги кунга қадар оқланмаган бир гуруҳ шахсларга оид жиноят ишларини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлислари бўлиб ўтди. Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасига асосан, жами 6 жиноят иши бўйича 115 нафар шахс оқланди.

Бу — Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган ва амалиётга изчил татбиқ этилаётган «Янги Ўзбекистон» ғояси негизида аввало инсон омили мужассамлигидан яна бир ёрқин далолатдир.

Бу — инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, инсоннинг ҳаёти, эркинлиги ва дахл­сизлигини муқаддас билиш зарурлигининг амалий ифодасидир.

Бу — инсон шаъни, қадр-қиммати ва хотирасини ҳар қандай тажовузлардан кўз қорачиғидек асраш шарт, деганидир.

Шу мақсадда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда кейинги беш йил давомида:

– бола меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилди;

– дин ва виждон эркинлигига хилоф равишда тақибга олинган минг­лаб фуқаролар «қора рўйхат»дан чиқарилди;

– билиб-билмай янглиш йўлга кириб қолгани учун жазо чоралари тайинланган маҳкумларга нисбатан афв институти кенг татбиқ этилди;

– қамоқхоналарни камайтириш чора-тадбирлари доирасида Жаслиқ қўрғонидаги мудҳиш ном қо­зонган қамоқхона ёпилди;

– «Меҳр» операцияси доирасидаги бир нечта амалиёт туфайли қанчадан-қанча аёллар ва болалар оловли ҳудудлардан Ватанимизга қайтариб келинди;

– узоқ йиллардан буён мамлакатимизда яшаса-да, фуқаролиги бўлмаган кўплаб ҳамюртларимиз Ўзбекистон фуқароси бўлди;

– Иккинчи жаҳон урушида Ўз­бекис­тоннинг иштироки билан боғлиқ тарихий далил ва рақамлар қайта ўрганилганда, урушда қатнашган, жасорат кўрсатгани учун мукофотланган, жанг­гоҳларда ҳалок бўлган, яраланган, асир олинган ва бедарак кетган юртдошларимиз сони илгари биз билганимиздан кўра анча кўп экани аниқланди. Хал­қимизнинг жасорати ва матонати шарафига пойтахтимизда «Ғалаба боғи» бунёд этилди.

Мана, энди бу борада яна бир муҳим натижага эришилди: собиқ шўро тузуми миллий ўзлигини анг­лагани ва англашга интилгани учун қатағонга дучор этган 115 нафар ҳамюртимиз вафотидан сўнг, орадан қарийб 90-100 йил ўтиб оқланди. Мустақил Ўзбекистоннинг мустақил ва холис судлов ҳайъати уларнинг барчасини айбсиз деб топди.

Янги Ўзбекистон ғояси ва аждодларимиз орзу-армонлари

Президентимизнинг «Янги Ўзбекистон» газетаси бош муҳаррири саволларига берган жавобларида Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек стратегик мақсад ва буюк вазифалар, уларнинг ижроси доирасида амалга оширилган улуғвор ишлар сарҳисоб қилинган. Энг муҳими, интервьюда Янги Ўз­бе­кистон меъмори томонидан айнан «Янги Ўзбекистон» ғоясининг маъно-мазмуни ва аҳамияти чуқур очиб берилган.

Президентимиз, авваламбор, «янги» деган сўзнинг халқимиз учун алоҳида аҳамияти борлигига эътиборни қаратди. Масалан, ХХ асрнинг бошларида юртпарвар, миллатпарвар боболаримиз «жадидчилик», яъни янгиланиш ва эркинлик, адолат ва тенглик, илм-маърифат ва миллий ўзликни англаш ғояларини байроқ қилиб, кураш майдонига мардона чиққан.

Аслида бу улуғ зотларнинг мақсади — жаҳолат ва қолоқлик гирдобида қолган Туркистон халқини дунёвий илм-фан, илғор касб-ҳунарлар билан қуроллантириб, умумбашарий ривожланиш йўлига, яъни янги тараққиёт манзилига олиб чиқишдан иборат бўлган.

Жадид боболаримиз ташкил этган янги усулдаги мактаблар, театр, кутубхона ва музейлар, газета ва журналлар, Туркистон фарзандларини чет элларга ўқишга юбориш мақсадида тузилган хайрия жамият­лари халқимизни неча аср­лик ғафлат уйқусидан уйғотиб, миллий озодлик ҳаракати учун беқиёс куч берган.

Аммо юртимизда большевиклар диктатураси ўрнатилгач, чор мустамлакачилик сиёсати янгича шакл­да давом эттирилди. Бу эса, маърифатпарвар боболаримизга ўз мақсад-муддаоларини тўлиқ амалга ошириш имконини бермади.

Шукрки, ўша аждодларнинг эзгу орзу-ниятлари халқимизнинг қон-қони, тарихий хотирасида сақланиб қолди ва ҳануз яшамоқда. Бугунги кунда бутун халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган, умуммиллий ҳаракатга айланиб бораётган «Янги Ўз­бекистон» ғояси замирида ана шундай улуғ аждодларимизнинг орзу-интилишлари ва армонлари ҳам ўз мужассамини топган.

Шу маънода, Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг тинч ва фаровон ҳаётини таъминлаш йў­лида мардона кураш олиб бориб, азиз жонларини фидо қилган, мустабид тузум даврида қатағон қилинган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ҳамда тар­ғиб этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилаётгани таҳсинга лойиқ.

Қатағон қурбонларини ёд этиш кунига 20 йил тўлди

Мустақилликнинг ўтган даврида ушбу йўналишда бир қатор муҳим фармон ва қарорлар қабул қилинди. Юртимизда 2001 йилдан буён ҳар йили 31 август — «Қатағон қурбонларини ёд этиш куни» сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Пойтахтимизда «Шаҳидлар хотираси» ёдгорлик мажмуаси, «Шаҳидлар хотираси» жамоат фонди, шу­нинг­дек, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ҳамда ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошида унинг бўлимлари ташкил этилган.

Кейинги йилларда «Шаҳидлар хо­тираси» ёдгорлик мажмуасида қа­­тағон қурбонларининг номлари қайд этиладиган рамзий китоб яратилди. Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ва унинг ҳудудлардаги олий таълим муассасалари қошидаги бўлимларининг, шунингдек, «Шаҳидлар хотираси» жамоат фондининг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, фонднинг ҳомийлар гуруҳи таркиби янгиланди.

Юртимизда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний, Исҳоқхон Ибрат, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий каби улуғ маърифатпарвар аждодларимиз хотирасига бағишланган муҳташам ҳайкаллар, музейлар бунёд­ этилди. Уларнинг номи билан боғлиқ ижод мактаблари фаолияти йўлга қўйилган.

Қолаверса, сиёсий қатағон йилларида ноҳақ қурбон бўлган юртдошларимизнинг номларини аниқлаш, уларнинг қолдирган меросини ўрганиш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган илмий-тадқиқот ишлари, бадиий ва ҳужжатли асарлар яратилмоқда.

Шу билан бирга, бутун дунёда глобал хавф-хатарлар кучайиб бораётган ҳозирги даврда миллий ўзликни англаш ва ҳақиқий тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан муҳим аҳа­мият­ касб этаётгани ҳам бор гап.

Бугунги кунда мустабид тузум томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндалари, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимиз номлари ва хотираларини абадийлаштириш, уларнинг жасорати ва матонати мисолида ёш авлодимизни Ватанимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Бу бежиз эмас. Чунки айни мавзудаги тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мамлакатимиз мустақиллиги қандай оғир ҳамда машаққатли курашлар билан қўлга киритилганини янада чуқур англашга хизмат қилади. Шу билан бир қаторда, бугунги эркин, озод ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаб, қадрлаб яшаш кераклигидан сабоқ беради.

Булар ўз навбатида, халқимизнинг фидойи фарзандлари, маърифатпарвар аждодларимиз ҳаёти ва фао­лияти билан боғлиқ ҳақиқатни тўлиқ юзага чиқариш, уларга нисбатан тарихий адолатни тиклаш, бу борадаги ишларнинг кўлами ва самарасини оширишни тақозо этади.

Қатағон қурбонлари номларини тиклаш йўлида янги қадам

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрда қабул қилинган «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қў­шимча чора-тадбирлар тўғ­ри­сида»ги Фармойиши бу борада муҳим аҳа­мият касб этди.

Фармойишга мувофиқ, қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш, улар хотирасини абадийлаштириш ишларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бў­йича Республика ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ишчи гуруҳнинг таркиби тасдиқланиб, асосий вазифалари белгилаб берилди.

Ишчи гуруҳга қатағон қурбонлари номларини аниқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш билан боғлиқ ишларни амалга ошириш учун давлат органлари ва бош­қа ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасаларининг юқо­ри малакали мутахассислари, экспертлар, шунингдек, хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналаримиз вакилларини жалб этиш ҳуқу­қи берилди.

Президентимиз Фармойишига кўра, Қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди. Ушбу «Йўл харитаси»да 5 та йўналишда 32 та аниқ вазифа белгиланган. Бу борада давлат ҳокимияти идоралари ва фуқаролик жамияти инс­титутлари ана шундай тизимли ишларни изчил амалга ошираётган бир пайтда Олий суд томонидан ҳам қатағон қурбонларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бў­йича бир қатор муҳим натижаларга эришилгани эътирофга сазовор.

Олий суднинг ибратли ишлари

Авваламбор, қатағон қурбонларининг номларини аниқлаш борасида изланишлар кўламини кенгайтириш учун масъулларга Олий суд архивидаги мавжуд ҳужжатлардан фойдаланиши учун шароит яратилди. Қо­лаверса, бу борадаги тегишли ҳужжатларни ўр­ганиш зарурия­ти туғилган тақдирда мутахассислар ишлаши учун Олий суд идоравий архивида алоҳида хона ташкил этилди.

Энг муҳими, «Йўл харитаси»да Республика ишчи гуруҳи, Олий суд ҳамда мутасадди вазирлик ва идораларга тегишли илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнида аниқланган, айрим сабабларга кўра реабилитация қи­линмай қо­либ кетган қатағон қурбонлари номларини оқлаш юзасидан белгиланган тартибда таклифлар киритиш вазифаси юклатилган.

Мазкур вазифа ижроси доирасида ўтган қисқа даврда салмоқли ишлар амалга оширилди. Хусусан:

Биринчидан, қатағон қурбонлари реабилитацияси бў­йича масала ўрганилиб, бу борадаги таклифлар Республика ишчи гуруҳига кўриб чиқиш учун юборилди.

Иккинчидан, Олий суд ва қуйи судлар томонидан ҳудудлардаги барча архивларда қатағон қурбонларига оид ишлар инвентаризация қи­линиб, оқланган 1 минг 868 нафар шахснинг рўйхатлари вилоятлар кесимида шакллантирилди ҳамда Республика ишчи гуруҳига тақдим этилди.

Учинчидан, Олий суд раисининг шу йил 9 февралдаги Фармойишига биноан, муайян сабабларга кўра реабилитация қилинмай қолиб кетган қатағон қурбонларининг номларини оқлаш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш масалалари бўйича ишларни амалга ошириш мақсадида ишчи гуруҳ тузилди.

Тўртинчидан, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи директори, Республика ишчи гуруҳи аъ­зоси Б. Ҳасанов томонидан мустабид шўро тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва ҳозирги кунга қадар оқланмаган шахсларнинг рўйхати тақдим қилинган бўлиб, мазкур шахс­лардан етти нафарига нисбатан жиноят ишлари Давлат хавфсизлик хизматининг архивида сақланаётгани аниқланди ҳамда жиноят иш­лари чақиртириб олинди.

Бешинчидан, Олий судга 120 нафар шахсга нисбатан 6 та жиноят иши келиб тушган бўлиб, Олий судда ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан 18 жилддан иборат ушбу ҳужжатлар ўрганиб чиқилди.

Мазкур жиноят ишлари ҳужжатларида суд мажлиси баённомаси ёки суд ҳужжатлари, яъни ҳукм ёки бошқача қарор мавжуд эмаслиги, ишларда фақатгина ОГПУ (Бирлашган давлат сиёсий бошқармаси — собиқ СССР давлат хавфсизлиги махсус органи) учлик мажлиси баённомасидан кўчирма мавжудлиги аниқланган.

Бундан ташқари Олий суд томонидан вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судларда ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, суд идоравий архивида мавжуд бўлган ҳужжатлардаги сиёсий қатағонлар (пахта иши) даврида судланиб, оқланмаган шахс­ларга оид жиноят ишлари ўрганиб чиқилган. Иш бўйича айби етарли далиллар билан тасдиқланмаган ҳамда оқланиши лозим бўлган шахс­ларнинг рўйхати Олий судга тақдим қилинган.

Бугунги кунга қадар вилоят судлари ва уларга тенглаштирилган судлардаги ишчи гуруҳлар томонидан жиноят ишлари ўрганилиб, Олий судга мавжуд иш ҳужжатларида айби тўлиқ тасдиқланмаган ҳамда реабилитация этилиши лозим бўлган 151 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари бўйича хулосалар тақдим этилган.

Оқланган марҳумлар: улар ким бўлган?

Албатта, узоқ йиллар архивлар тубида чанг босиб ётган ва бугун биз кетма-кет рақамлар орқали ифодалаётган иш ҳужжатларининг сарғайган саҳифаларида қисматлари битилган юртдошларимиз ўзи ким бўлган ва уларнинг айб-гуноҳлари нимада, деган савол туғилиши табиий.

Шунинг учун мустабид шўро тузуми даврида қатағон қурбони бўлган ва шу вақтгача оқланмаган, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг инсонпарварлик сиёсати туфайли бу борадаги адолати ва ҳақиқати тикланган юртдошларимиздан айримларининг аччиқ қисмати ҳақида мисоллар келтирамиз.

Носирхон Тўра Саид Камолхон Тўраев — Туркистон тараққийпарвар уламоларининг сардори, Туркистон Мухторияти ҳукуматида маориф нозири.

Носирхон Тўра ХХ аср бошларида Россияда бўлиб ўтган февраль ва октябрь революциялари даврида Наманган шаҳар думасида фаолият юритган. Наманган диний бошқармаси раиси бў­либ ишлаган. ОГПУнинг қарорига кўра, у 1925 йилдан 1928 йилга қадар қамоқда сақланган. 1930 йил 16 июлда 56 ёшида яна қамоққа олинган.

Иш ҳужжатларида ёзилишича, Носирхон Тўра 1929 йил ўрталарида фаолият юритган «босмачилик» гуруҳларини ривожлантириш мақсадида фаол аксилинқилобий ҳаракатларни амалга оширган. Хусусан, у 1929 йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида Фарғона вилоятидаги «босмачилик» гуруҳларининг ҳаракатларига раҳбарлик қилиб, Косон шаҳридаги совет жамоат ташкилотларига нисбатан таҳдид ўтказган ва бунинг натижасида ушбу жамоат ташкилотлари янчиб ташланган.

Қадрли ўқувчи, бу ва кейинги ўринларда «босмачилик» сўзини нима сабабдан қўштирноқ ичида ёзишимизни мухтасар изоҳлаймиз. Гап шундаки, босмачилик — Туркис­тонда совет ҳокимияти ва босқинчи қизил армияга қарши курашган қуролли ҳаракатга шўро ҳукумати даврида берилган расмий ном.

Бинобарин, «босмачи» ва «босмачилик» иборалари 1919 йилнинг ўрталаридан бошлаб аввал вақтли матбуот, сўнгра расмий ҳужжатларда кенг ишлатилган. Ушбу иборалар миллий озодлик ҳаракатининг моҳиятини сохталаштириш, аждодларимизнинг совет режими ва болшевиклар ҳукмронлиги ҳамда қизил армиянинг босқинчилик сиёсатига қарши қаршилик курашларини ниқоблаш учун ўйлаб топилган ҳамда «бандитлик», «қароқчилик» деган сўзлар билан асоссиз равишда бир қаторга қўйилган.

Энди Носирхон Тўрага нисбатан айбловлар тафсилотига қайтамиз. Шу тариқа «босмачилар» раҳнамоси ва раҳбари бўлмиш Носирхон Тўра билан яқин алоқада бўлиб, унинг аксилинқилобий жиноятига оид топшириқларини бажариб келганликда, жумладан, озиқ-овқат ва кийим-кечаклар етказиб бериганликда ҳамда 1929-1930 йилларда мустабид тузумни ағдариш мақсадида «босмачилик» тайёргарликларида ўзаро ҳамкорлик қилишда айбланиб, 96 нафар юртдошимиз қамоққа олинган.

Жиноят ишида айбланувчи тариқасида ўтган ана шу шахсларнинг барчаси ҳибсга олингач, дастлаб айбловни инкор қилиб келган бўл­са-да, сўнг тайзиқлар остида айбларига иқрорлик билдириб кўрсатма берган. Уларнинг ўртасида юзлаштириш ўтказилмасдан, фақат берган кўрсатмалари ишга тикилган.

Шу асосда «Носирхон тўра иши» бўйича қатағон қилинганларнинг 28 нафари 1930 йил 30 январда Тошкентда отиб ташланган. Бошқа айб­ланувчилар турли муддатларга озодликдан маҳрум этилган.

Иброҳимбек Чакабаев — Иброҳимбек қўрбоши. Иш ҳужжатларига кўра, Иброҳимбек қўрбоши 1921 йилда Бухоро амири чақируви билан «босмачилар» тўдасига аъзо бўлиб, шўро тузумига қарши курашувчи йирик қуролли тў­дага раҳбарлик қилган.

Иброҳимбек қўрбоши 1931 йил апрелида қақшатғич жангда мағлуб бўлган.

Сўнг Кофирниҳон дарёси орқали Афғонистонга ўтиб кетмоқчи бўлганида йигитлари билан бир­га қўлга олинган.

Шундан кейин 1932 йил 13 апрелда Иброҳимбек қўрбоши ва 16 нафар йигитига оид жиноят иши ОГПУ томонидан кўриб чиқилиб, уларни отиб ўлдириш тўғрисида қарор қабул қилинган. Иброҳимбек қўрбоши 1932 йил 31 августда, унинг йигитлари эса, ўша йилнинг 10 сентябрида отиб ташланган.

Латиф Даминов — Самар­қанд вилояти Митан туманидаги «Сталин йўлидан» газетасининг муҳаррири. Айблов хулосасига кўра, 1936 йилда Латиф Даминов газета муҳаррири эканидан фойдаланиб, совет тузумини ағдариш, Ўзбекис­тоннинг мустақиллигига эришиш, Япония ва Германия давлатлари СССРга қарши уруш эълон қилиши ҳамда СССР бу урушда ютқазиши ҳақида аҳоли ўртасида ваҳимали гапларни тарқатиб, совет иттифоқига қарши тарғибот олиб борган.

Латиф Даминов сўроқ ва қўшимча сўроқ пайтида ҳам айбига иқрор бўлмаган. У ҳеч қандай ноқонуний ташкилотларга аъзо бўлмаганини, Митан туманида аксилинқилобий ташкилот борлигидан бехабарлигини билдирган.

Шунга қарамай, СССР Олий суди ҳарбий ҳайъати сайёр судининг 1938 йил 15 октябрдаги ҳукмига кўра, Латиф Даминов Жиноят кодексида назарда тутилган энг оғир жазо — отишга ҳукм қилиниб, мол-мулки мусодара қилиниши белгиланган. 1938 йил 15 октябрдаги маълумотномага қараганда, Латиф Даминовни отиш ҳақидаги ҳукм ижроси ўша куниёқ амалга оширилган.

Биз бу ўринда Республика Бош прокурори ўринбосари томонидан тегишли тартибда жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига киритилган протест асосида Олий суд томонидан куни кеча оқланган 115 нафар марҳум юртдошимизнинг фақат уч нафарининг қай тарзда қа­тағон қурбонига айлангани ҳақида қисқача маълумот бериш билан чекландик.

Шунга алоҳида эътибор қаратиш жоизки, жиноят ишларида суд ҳукми ёки баённомаси мавжуд эмас. Бу ишлар бўйича фақат ОГПУ учлиги томонидан айби судда исботланмаган инсонларга нисбатан чиқарилган бешафқат қарорлар сўзсиз ижро этилган, холос.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида халқимизнинг миллий ўзликни англаш, Янги Ўзбекис­тонни бунёд этиш йўлида қўяётган қутлуғ қадамлари мукаррам инсон зотига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, инсон хотирасига нисбатан адолат ва ҳақиқатни қарор топтиришдек эзгу амаллар билан узвий боғлиқ бўлиб, келгусида халқимиз манфаатларига хизмат қилади.

Икром Муслимов,

Олий суд раиси ўринбосари

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: