ЎТ БИЛАН ЎЙНАШГАНЛАР ЁХУД ГИЁҲВАНДЛИК САВДОСИ ОҚИБАТИ

Ҳаётда жиноят кўчасига кирганлар ўзини ўйламай оловга ураётган парвонани ёдга солади. Олов домига тушганларнинг қисмати аниқ: бундайлар ё қанотидан айрилади ё куйиб жизғанак бўлади. Олов аслида ажал доми эканини парвона қайдан билсин? Ҳа, қаршисидаги мунаввар тусли ёруғлик аслида ҳалокат ўчоғи эканини улар билишмайди. Хатарни англаш, уни даф этиш, жилла қурса, ўзини ундан асраш салоҳияти ягона ақлли мавжудот — одам боласига насиб этган.

Аммо инсоннинг ўзи ҳам турфа хил. Баъзи жиноий қилмишлар тариқча ҳам ақли йўқ, бор бўлса-да, уни хайру савоб амалларга бахш этишдан ожиз қолган кимсалар томонидан содир этилаётгани кўпчиликка аён.

Агар шундай бўлмаганда, сурхондарёлик Абубакр Бобоаҳмедов ва Насибулло Набиев кўриб-билиб туриб, ўзларини ўтга уришмасди.

Донишмандларнинг айтишича, мўмай пулнинг дараги баъзи иймони суст кимсаларни ақлдан оздирар экан. Таассуфки, А. Бобоаҳмедов ва Н. Набиев ҳам текин мол-дунё аталмиш ҳаром луқма аслида кулфат ва фожеа келтиришини билиб-билмаганга, кў­риб-кўрмаганга олишди. Мў­май даромад, текин бойлик уларнинг ақлини ўғирлаб, кў­зини кўр қил­ди.

Бу кимсалар беҳисоб мол-дунё оёқ остидан «лоп» этиб чиқмаслиги, қинғирлик ва жиноятга жазо муқаррар эканини бошқалардан кўра яхшироқ билар эди.

Аниқроқ айтганда, А. Бобоаҳмедов ўз қилмишларининг ажрини тортган кимса эди. Яъни у 2011 йил гиёҳвандлик савдоси жинояти учун Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-ва 246-моддаси 2-қисми бўйича 14 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган. Орадан бир неча ой ўт­маёқ ҳибсда эканига қарамай яна жиноятга қўл урган ва Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 2-қисми «а» бандига асосан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Лекин қонунчилигимиздаги бағрикенглик, кечиримлилик акти жонига оро кирган. Унга биноан 2016 йили муддатидан олдин озодликка чиқарилган.

Афсуски, бу жазолар Абу­бакр­га кор қилмади, тавбасига таянмади. Аксинча, кейинги жиноятга қариндоши, ои­лалик, 2 нафар фарзанднинг отаси Насибулло Набиевни ҳам жалб қилди. Ҳаммаси 2020 йил куз чоғи асли тожикистонлик «Саидшоҳ» (шах­си номаълум) нинг қўнғироғидан сўнг бошланди. Абубакр унинг ўзаро учрашиш ҳақидаги таклифини рад этмади.

Уларнинг Денов шаҳридаги дийдорлашуви анча жиддий ўтди. Саидшоҳ суҳбат якунида бир йил муқаддам Денов бозорида орттирган ўзбекистонлик танишига мобил телефон рақамига эга сим картани инъом этди. Хайр­лаша туриб, ушбу рақам орқали тез-тез алоқага чиқиб туришни сўради.

Ўтган йилнинг ноябрь ойи поёнига етар чоғ Абу­бакр­нинг қўл телефони узоқ жиринглади. Саидшоҳ унга Самарқанд вилоятида яширилган «товар»­ни Хоразм вилоятига етказишни илтимос қилди. Бироқ Абубакр бунга рози бўлмади. Саидшоҳ бир неча кундан сўнг яна илтимосини такрорлади. Бу гал Абубакр илтимосни рад этолмади. Хоразм вилоятига етказиб бериладиган «товар» учун мўмай пулнинг дарагини эшитгач, муқаддам қамалиб чиққани ва бошидан кечирган азоб-уқубатлари бир пасдаёқ унут бўлган эди. Аммо таниши айтган шубҳали «товар»ни белгиланган манзилга элтиш осон иш эмас. Узоқ йўл, ҳар қадамда хавф-хатарлар учрайди. Лекин Саидшоҳ ҳам анойилардан эмас, қарийб 6 килога тенг «то­вар»­ни манзилга етказиб бориб, белгиланган жойга пухта яшириб қўйгач, хизмат ҳақини тўлашга ваъда берди.

Шундан сўнг Абубакр топшириқни бажаришга киришди. Эртасигаёқ Самарқанд вилоятининг Жомбой туманига отланди. Олти килога тенг «товар»ни «Самарқанд-Тошкент» автомобил йўли ёқасига яшириб қўйилган жойидан олди.

Хайриятки, бу­ни ҳеч ким сезмади. Демак, Хоразм томон бемалол йўлга тушса бўлади. Аммо деворнинг ҳам қулоғи бор, деб бежизга айтишмаган.

Абубакр шу ҳақда ўйлар экан, сирни ошкор этиши эҳтимол тутилган воқеалар гирдобига шўн­ғишдан ўзини тийди. Шу ният­да телефон орқали яқиндагина янги «Ласетти» русумли автомашинасини сотиб олган қариндоши Насибуллони бў­лажак Хоразм сафарига ҳамроҳликка чақирди. У бу таклифни ўртага бежиз ташламади. Насибулло шахсий автомобил харид қилиш чоғи Абубакрдан 5,5 миллион сўм миқдорида қарз олган эди. Абубакр қариндошига шу қарзни шаъма қилди. «То­вар»­ни ушбу пул эвазига белгиланган манзилга етказиб бер­са, ора очиқ бўлишини билдирди.

Қариндошининг таклифи Насибулло учун ҳам айни муддао бўлди.

Қариндошлар ушбу шаҳардаги автобекатда учрашишди. Улар 6 та ўрамга қадоқланган «товар»ни олиб, «Ласетти» юкхонасига яширишди. Энди бемалол йўлга чиқаверса ҳам бўлар эди. Ам­мо Абубакрнинг Насибуллога ҳамроҳ бўлишга ҳуши йўқ. Турли шубҳа-гумонлар уни шунга мажбур этган.

Шу сабабли йўловчи поездда кетишга қарор қилганини айт­ди. «Товар»ни кўзланган манзилга етказиш мажбурия­ти ёлғиз Насибуллоннинг гарданига тушди. У эртасигаёқ йўл­га отланди. Аммо Абубакр поездга чипта тополмади.

Самарқанд­да истиқомат қилувчи укаси Бобоориф сўзини икки қилувчи йигитлардан эмас. Абубакр­нинг Хоразм бозорларига бориб, гуруч ва темир-терсак сотувчиларни излаш ҳақидаги так­ли­фи унга мойдай ёқиб тушди. Ака-ука «Ласетти» русумли автомашинада Хоразмга йўл олишди. Шу йилнинг 11 январь куни қариндошлар Қўшкўпир туманига етиб келишди. Бу ерда уларни ҳу­қуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари кутиб олишди. Насибулла бошқарувидаги автомашина тинтув қилинганда юкхонага яширилган «товар» фош этилди. Шунда Тожикистондан Хоразмгача етказиб келинган сирли «товар» 5 килограмм 948 грамм­га тенг бўлган «опий» гиёҳ­ванд­лик воситаси экани маълум бўлди.

Жиноий қилмиш тафсилотлари тергов маҳали тўлиқ ойдинлашди. Тергов органи бу жиноятни рад этилмас фактлар, далиллар асосида исботлаб берди. Жиноятчиларнинг хатти-ҳаракатини Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми бўйича малакалади. Бу ҳолат судда ҳам ўз тасдиғини топди. Суд кўп миқдордаги «Опий» гиёҳвандлик воситасини Хоразмга етаказиб келишда улов вазифасини ўтаган ва 89 миллион сўмга баҳоланган «Ласетти» автомашинасини жиноят қуроли сифатида эътироф этди ва қонун талабига биноан давлат эгалигига ўтказди.

А. Бобоаҳмедов ва Н. Набиевга жазо тайинлашда жазони енгиллатувчи ва оғирлатувчи жиҳатлар синчиклаб ўрганилди. Шу аснода Жи­ноят­ кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми бўйича айбдор, деб топилган Абубакр Бобоаҳмедов 14, Насибулло Набиев 11 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Ҳаром луқма йўлида ўзини оловга уришнинг оқибати шундай аянчли якун топди.

Улуғбек Бакдурдиев,

Хоразм вилояти суди

раиси ўринбосари,

Абдулла Собиров,

журналист

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Spelling error report

The following text will be sent to our editors: